Ўзбекистон | 20:56 / 04.10.2022
35080
17 дақиқада ўқилади

“Боғчадаги қизимни гаровга олмоқчи бўлишган” — Каримов давридаги сиёсий маҳкум ҳикояси

Халқаро ташкилотлар томонидан сиёсий маҳкум ва Ислом Каримов режими қурбони дея эътироф этиладиган Дилмурод Саййид 9 йиллик тутқунликдан сўнг, 2018 йили февралда озодликка чиқарилган. Журналист Kun.uz'га берган интервьюсида ҳибсга олиниш тарихи, қамоқда кўрган-кечирганлари, озодликдан маҳрум этилганидан кейин бошига тушган синовлар ҳақида гапириб берди.

2005 йилнинг 24 ноябрь куни “Адвокат Пресс” нашрида чоп этилган “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақолада ўша пайтда юксак минбарларда бот-бот айтиладиган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган оташин сўзларнинг ижобати қачон келиши савол остига олинади, жамиятдаги муаммолар фонида бу шиорларнинг мантиқсизлиги кўрсатиб берилади.

“Адвокат Пресс”нинг шу мақола чоп этилган сони газета дўконларидан йиғиштириб олинади, нашрнинг ўзи кўп ўтмай ёпиб юборилади. Мақола муаллифи бўлган Дилмурод Саййид шундан сўнг ўзига нисбатан тазйиқлар кўпайганини айтади. Журналистнинг сўзларига кўра, айнан мақоласи туфайли 2009 йили товламачилик ва ҳужжат сохтакорлигида айбланиб, суд томонидан 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

“Минбардаги сиёсат билан ҳаёт ўртасидаги фарқни кўрсатиб берганман”

— Тазйиқлар 2005 йилда бошланган. Ўша йили ноябр ойида «Адвокат пресс» газетасида икки саҳифали мақолам чиқиб, ушбу мақола сабаб газета сотув дўконларидан йиғиштириб олинган. Ана шундан бошланган ҳаммаси. Аслида мен Ислом Каримов олиб бораётган минбардаги сиёсат билан ҳаётдаги тафовутни кўрсатиб берганман. Шу билан бирга, аниқ таклифлар ҳам берганман.

Каримовнинг бир гапи бор эди: «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат». Қачон бу буюк давлатга эришамиз, ғаллачилик, тиббиёт бу ҳолатда бўлса, деган фикрларни билдирганман. Агар аҳолининг таомномасида мана бундай таомлар бўлмаса, бу авлод қандай қилиб соғлом бўлиши мумкин? Туғуруқхонадаги муаммолар кўтарилган бу мақолада. Ана шу жиҳатдан уларга маъқул келмаган мақола.

Газета йиғиб олинди. Фаолиятим тақиқланди. Қадрдон ҳамкасбларимиз ҳам кўрса кўчанинг нариги бетидан ўтиб кетадиган бўлди.

Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов ёки Шукруллонинг ўша давр манзараларига бағишлаб ёзилган асарларини ўқиб, шу даражада бўлган эканми, деб ҳайратланар эдим. Шу нарса ўз бошимдан ўтди.

Дилмурод Саййид Фото: Kun.uz

«Оиламнинг кўз олдида олиб кетишди»

Қаҳрамонимиз ўзига қўйилган айбловларни уйдирма ва тўқима деб ҳисоблайди ҳамда буларнинг барчаси касбий фаолияти билан боғлиқ деб билади.

— Менга тазйиқлар бошланган йили марҳума рафиқам иккинчи фарзандимизга ҳомиладор бўлган. Сафарда бўлган вақтимда мазаси бўлмай, тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб туғуруқхонага борганида: «Эрим урди, калтаклади» деб ёзиб берсанг даволаймиз», деб айтишган. Аёлим кечгача бу шартга рози бўлмаган. Кейин ўз розилиги билан тилхат олиб, шифохонадан чиқариб юборишган. Бир-икки кун юргач, ҳомила ичида нобуд бўлган. 10 кун давомида ўлик ҳомилани кўтариб юриб, ҳушидан кетгачгина тиббий ёрдам кўрсатишган.

Ҳеч қандай баҳона тополмагач, қонуний никоҳимиз бўлишига қарамай, турмуш ўртоғимни бу уйда рўйхатда турмайди, деб жарима солишган. Ўша пайтларда президентлик сайловлари бошланган, Акмал Саидов номзоди ҳам қўйилган эди. Рафиқам ўз номидан Акмал Саидовга, Инсон ҳуқуқлари жамиятларига шикоят хати ёзди. Улар суриштирув олиб боришиб, бизга жавоб хати йўллашди. Ўша жавоб хатидан билиб қолдимки, менга жиноят иши очилган экан. Кейин уларнинг шарофати билан бу жиноят иши барвақт очилган деган сабаб билан ёпилди ва кейинчалик номаълум шахслар номига очилган дея айтишди. Ундан кейин бошқа моддаларга айлантириб, 8 ой ўтиб, сарсон қилиб, ишни ёпиб юборишди.

Сал вақт ўтиб, собиқ МХХ сайтида Марат Дияров муаллифлигида рус тилида бўҳтон мақола эълон қилинди. Икки кун ўтиб, худди шу мақола «Маҳалла» ва «Ҳуррият» газеталарида чоп этилди. Шу мақола сабаб бўлиб мен яшайдиган маҳаллада йиғин ташкил этилди. Унда кўтарилган мавзуга кўра, мени бошқа жойга кўчириб юбормоқчи бўлишди. Қўшниларимга минг раҳмат айтаман. Ёнимни олишди, махсус хизмат ходимларига нотўғри маълумот олгансизлар, деб мен тараф бўлишди.

Лекин 2009 йил феврал ойида шу ердан, оилам кўз олдида олиб кетишди. Қўйилган айбловлар ҳатто бир-бирини инкор қилар эди. Товламачилик ҳамда ҳужжат сохтакорлиги айбларини қўйишди.

Дилмурод Саййид “конвой”да бошқа ЖИЭМга олиб келинган пайт. Фото: BBC

«Боғчадаги қизимни гаровга олмоқчи бўлишган»

Журналистнинг айтишича, “Йўқ ҳақида бадиҳа” номли мақоласи эълон қилиниши ортидан бошланган тазйиқлар нафақат ўзига қаратилган, балки оиласини ҳам четлаб ўтмаган.

2008 йилда Жомбой туманидаги 10 нафар фермер менга ишончнома берган. Шу ишончномадан фойдаланиб, мен уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишим керак эди. Улардан тортиб олинган техникалар, маблағларни қайтариб олиб берганман. Қамалишимга ҳам касбий фаолиятим сабаб бўлган. Тушган шикоятларни жойига чиқиб ўрганар эдим. Ишончли вакил бўлиб, ҳуқуқини ҳимоя қилар эдим. Ҳаттоки, менинг суриштирувимдан кейин солиқ идораларидан ўша жойлар ўрганилганда қанчадан-қанча камомадлар аниқланган. Шунинг актлари ҳам сақланиб қолган. Ўша пайтларда бу ишга умуман алоқаси йўқ бир аёлнинг отасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб юргандим. Ўша одамга 10 минг доллар тиқиштиришиб, ушлашиб, ундан Дилмурод Саййиднинг топшириғи билан келганман, деган кўрсатмани олишган.

Энг қизиғи, менга ишончнома берган иккита фермерни ҳам менга қўшиб қамашган. Бу одамни танимайман, оқ қоғозга печат бостириб кетди, деган фермерларни гувоҳ сифатида ўтказган. Юзлаштиришганда ишончномаларни ўзлари берганини исботлаб беряпман, лекин тергов жараёнидаги видеоёзувлар монтаж қилинган. Барча ишлар сохталаштирилган. Холис гувоҳ сифатида таклиф қилинган икки нафар йигит вояга етмаган бўлган. Бу аслида мумкин эмас. Қонунга кўра, холис гувоҳ вояга етган бўлиши шарт. Уларнинг ёшини бир ёшга улғайтириб, ҳужжат тузилган.

Ўша аёл билан юзлаштириш куни уч нафар департамент ходими боғчадаги қизимни гаровга олиш учун боришган ва мени ўз ихтиёрим билан айбни тан олишга мажбурламоқчи бўлишган. Чунки бу ўша давр учун одатий ҳол эди. Бу ҳолат фақат мен билан эмас, кўпчилик билан содир бўлган. Бахтни қарангки, боғчадаги раҳбариятлар вазиятни пайқаб, қизимни беркитишган. Ўша атрофда укаларимнинг уйи бор эди. Улар дарров етиб боришган. Шунда у ходимлар тинтувга келганмиз деб баҳона қилишган. Шу ҳолатларга қарамасдан ҳеч нарсани бўйнимга олганим йўқ. Чунки исботнинг ўзи йўқ. Қўйилган айблар бир-бирини инкор этади. Бу бўлиши мумкин бўлмаган ҳолат.

Хуллас, мени 12,5 йилга қамашди. Менинг ёнимни олган фермерга 12 йил, яна бир фермерга 11 йил беришди. Мени юзлаштиришган аёл: «Бу ишларни Дилмурод Сайид буюрмаган, ходимларнинг ўзлари ичириб, мажбуран ёздириб олишди. Бу одам отамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган эди» , деганидан сўнг, унинг ўзини ҳам 12 йилга қамаб юборишди.

Дилмурод Саййид панжара ортида. Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Суд ҳукми ва терговчининг хулосаси имлосигача бир хил»

Хўш, Дилмурод Саййид қайси ҳаракатлари учун товламачилик ва ҳужжат сохтакорлигида айбланган эди? Унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бормиди ёки йўқ? Терговда унинг айби бўйнига қўйилганмиди? Бу ҳақда журналист шундай ҳикоя қилади.

Қўлимдаги ишончномани сохта дейишди. Мен сохта эмас дедим. Бундай ҳолатда, қонунчиликка кўра, экспертиза ўтказилиши керак эди. Аммо 12 йил вақт ўтган бўлса-да, ҳали ҳам экспертиза қилингани йўқ. Мени қамашди. Судда ҳеч нарса исботлангани йўқ. Судья суд жараёни тугагандан кейин 10 кунгача ҳукм ўқий олмади. Қонун бўйича суд ўзининг терговини ўтказиши керак. Шунга қараб туриб, айблов ҳукмини чиқариши керак. Суднинг айблов ҳукми матни ва терговчининг айблов хулосаси имлосигача бир хил. Бу бўлиши мумкин бўлмаган нарса.

Апелляцияга берганда улар айнан мана шу ерида айбдор экансан деб айта олмади. Суд ҳукми устидан апелляцияга бериб турганимизда, суд ҳукмига кўра, деган тарзда жавоб беришяпти. Яна бир қизиқ томони, суднинг биринчи куни ёши каттароқ терговчи иштирок этган бўлса, кейинги босқичларда бошқа терговчи ишлай бошлади. Судья эски терговчининг бошқа ишга ўтганини айтди. Янги терговчи суд жараёни бошланишидан олдин мен турган панжарали камера олдига келди-да: «Дилмурод ака, тўғри тушунинг, солдат отади, солдат ўлади. Биз солдатмиз. Сизларга омад тилайман», деди ва чиқиб кетди.

Узоқ йиллардан бери ишлайдиган соқчилардан бири: «Шу пайтгача прокурор судланувчи билан бунақа гаплашганини кўрмаганман» деган ўшанда. Тўғри, уларнинг ҳам виждони қийналди, аммо ўша пайтда шароит шунақа эди.

Дилмурод Саййид шоир Рауф Парфи ва бошқа ижодкорлар даврасида. Фото: Dunyouzbeklari.com

«Амнистияга тушмаслигимиз учун ички тартиб-қоидани бузди деган баённома қилиб туришарди»

9 йил умрини жазони ижро этиш муассасасида ўтказган Дилмурод Саййид қаттиқ назорат остида бўлганини, амнистияга тушмаслиги учун “қамоқхонанинг ички тартиб-қоидасига риоя этмади” деган уйдирмалар билан маъмурий жазога тортилиб келинганини айтади. Худди шундай ҳикояларни Жаслиқда жазо муддатини ўтаб, Мирзиёев даврида озодликка чиққан собиқ маҳкумлар тилидан ҳам эшитгандик.

— Биз қайси жазони ижро этиш муассасасига борсак ҳам, назорат кучли бўлган. Ҳеч қандай инсонпарварлик далолатномаси қўлланмаган. Шунинг учун бўлса керак, йилига 2-3 марта ички тартиб-қоидани бузди, деган баённома расмийлаштириб, жазолаб туришган. Биринчи шунақа жазо 2009 йил августда қўлланди. Бу амнистияга тушмаслигим учун эди. Кейин бошқа бир колонияга ўтказишди. У ерда очиқчасига айтишди: «Биз сиз билан ҳамма қатори муносабатда бўла олмаймиз. Назоратингиз ташқаридан».

«Аёлим ва қизим сирли автоҳалокатда ҳалок бўлди»

Бошидан шунча кўргуликлар ўтган бўлса-да, тақдирнинг Дилмурод Саййид учун тайёрлаб қўйган қаттиқ синовлари олдинда эди. У ўша кунларни қуйидагича хотирлайди.

— 2009 йил 5 ноябр куни мен билан учрашувга келиши керак бўлган аёлим (33 ёшда эди) ва қизим (у беш ёшда эди) сирли равишда автоҳалокатга учраб, вафот этишди. Мен бундан 10 ноябр куни хабардор бўлдим.

Дилмурод Саййид рафиқаси Барно Жуманова ҳамда қизи Рухшона билан. Фото: Kun.uz

Бу орада 7 ноябр куни махсус хизматлардан одам келиб, менга бир қанча шартлар қўйишди. Мен бу шартларга рози бўлмадим. Кейинчалик чиққандан кейин билдимки, агар ўшанда бу шартларга рози бўлсам, мени тоштурмага ўтказиб, ишимни бошқатдан кўришмоқчи бўлишган экан. 10 ноябр куни укам олдимга келди ва бу хабарни айтди.

Шундан кейин эҳтиёж сезмасам-да, мени тиббиёт бўлимига олиб келиб, ҳар хил тинчлантирувчи муолажалар қилишди. Шу қадар карахт эдимки, дод деб йиғлай ҳам олмасдим. Шундан фойдаланиб, мени руҳий касаллар бўлимига жойлаштиришмоқчи бўлишди. Буни уддалай олишмаганликлари учун мени сил касалликлари бўлимига ташлашди. Устига-устак кетма-кет сохта айбловлар қўйишди.

Касалликнинг турига қараб 6-8 ойлик даволаш курси мавжуд эди. Менга 6 ой деб белгилашди. 3,5 ой шу тарзда даволаб туришди-да, муолажани дарров тўхтатишди. Шифокор соғлом эканимни ва мени ишчи колонияга ўтказишларини айтди. Шунда шубҳаланиб қолдим. Укам кўргани келганда бу ҳақда айтдим. Мени махсус бирор жойга юборишмоқчи бўлса керак дегандим. Ростдан ҳам орадан бироз ўтиб, мени Навоийдаги махсус сил касалликлари колониясига ўтказишди.

Эртаси куниёқ бизга «ДОТС+программ» тиббий синовини ўтказишди. Бу синов 2006 йилда ЖССТ томонидан колонияларда ўтказилиши тақиқланган синов эди. Орадан 2-3 ой ўтгач, онам ва укам кўргани келишди. Учрашув вақтида ҳам дори олиб кириб беришди. Онам зийрак аёл эди. Ўзгариб қолганимни айтдилар. Мен уларга нималар ичаётганимни айтдим.

Дилмурод Саййиднинг онаси Ҳамида Толипова (2014 йил 10 октябрда вафот этган). Фото: Шахсий архивдан

У пайтларда қоғоз, ручка олиб кириш мумкин эди. Шунда БМТ раҳбари Пан Ги Мун номига «Мен фақат ажални кутиб яшаяпман» деган ариза ёзиб берганман. Укам буни олиб чиқиб кетишни уддалаган. Ҳамкасбларим ва чет элдаги ҳамкасбларимиз ёрдамида бир нечта тилларга эълон қилинди ва колонияга катта текширув келди.

Текширувлар натижасида даволаш бекор қилинмаса ҳам, назорат олиб ташланди. Бизга ҳар куни нонуштада 11 та таблетка ва 1 та порошок ичиришса, тушликдан кейин 3 та таблетка ва 1 та порошок ичиш мажбурий эди. Бу дастурга киритилганлар асосан менга ўхшаган назоратда турувчилар, диний айблов билан қамалганлар ва хавфли жиноятчи сифатида қараладиган маҳбуслар эди.

Дориларнинг салбий тарафи шунда эдики, мияни карахт қилиб қўяр эди. Олти ой ичган баъзи маҳбусларнинг ярим танаси ишламай қолганини, кўзи кўрмай қолганини, хотирасини йўқотганлигини ва вафот этганларини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳозир ҳам баҳор ва кузларда бунинг асорати сезилиб туради. 18 йилгача қонда сақланади дейишган эди. Ўша пайтларда колонна раҳбари ёнига чақириб, дориларни ичаётган ёки ичмаётганимни сўрашди. Ичаётганимни айтганимда, бўлиши мумкин эмаслиги, чунки хотирам жуда ҳам яхши эканини айтди. Ўшанда тушунадиганимни тушундим.

Мен икки ой давомида кузатиб, ўрганиб, қоғозга тушириб бордим-да, ташқарига чиқариб юбордим. Шундан кейин раҳбариятдан икки киши келиб мен билан алоҳида суҳбатлашди. Айнан қайси дори ёмон таъсир қилаётганини сўрашди. Уларга буни билмаслигимни, лекин бир доридан шубҳаланаётганимни айтдим. Ўзлари ҳам бу қандай дори эканини билишмас экан. Натижа шу бўлдики, мен ўша таблеткаларни ичмайдиган бўлдим.

Дилмурод Саййид 2018 йилда озодликда чиққан пайти. Фото: Amnesty.org

«Икки фермернинг берган гувоҳлиги асосидаги айблов чиқариб ташланди, лекин ҳукмнинг қолган қисми кўрилмади»

Дилмурод Сайид озодликка чиққанидан сўнг рафиқаси ва қизчасининг фожиали ҳалокати сабабларини ўрганишга уринмоқда, бироқ ҳозирча уринишларидан ҳеч қандай натижа бўлмаяпти.

— Бу фожиа уюштирилганига бир нечта асосим бор. Биринчидан, фожиадан бир ҳафта, 10 кун аввал учрашганимизда, Тошкентдаги квартирамизни сотгин-да, ўша пайтларда 28-30 минг долларга кетарди, 10 минг долларни олиб, қолганини укамга бер ва Булунғурга кет [рафиқам булунғурлик эди]. Улар сени ҳам тинч қўйишмайди, йўқса хавф остида қоласан. Аллоҳ насиб қилса кўришармиз, дегандим.

Аёлим: «Адаси, тирик ажрашиш ҳақида гапира кўрманг, ундан кўра қачон келай ва нималарни олиб келай? Мен буларни тинч қўймайман барибир», деганди. Шунда қандай ҳужжатларни олиб келишини айтгандим.

Орадан икки ҳафта ўтгандан сўнг мен билан узоқ муддатли учрашувга келаётганда йўлда фожиали равишда ҳалок бўлган. “ЗИЛ” машинаси Жиззах ва Сирдарё орасидаги Наврўз йўлида аёлим ва қизим бораётган “Нексия”ни эзғилаб ўтиб кетган. ЙТҲ сабабчиси бўлган “ЗИЛ” ҳайдовчиси 7 йил ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланган, у бир йилдан кейин чиқиб келган. Суриштирсам, у орадан бир йил ўтар-ўтмас сирли ўлим топган.

Охирги 1,5-2 йил давомида турли давлат ташкилотларига 20 марта мурожаат йўлладим. Бир мартагина Олий судда қайта кўрилди, икки фермернинг берган гувоҳлиги асосидаги айблов чиқариб ташланди ва қолган қисми кўрилмади. Олий суднинг қарори устидан Бош прокуратурага ёзганимда, улар менга Олий судга мурожаат қилинг, деган юзаки жавоб беришибди.

Мен аслида Олий суднинг устидан мурожаат қилаётган эдим. Бундан ҳам муҳими, оиламнинг фожиали автоҳалокатини ўрганиш бўйича бир неча маротаба мурожаатлар қилдим. Натижа шу бўлдики, мурожаатим билан шуғулланиш ўрнига аризамга илова қилинган далилларимгача йўқотиб юборишди.

Жамшид Ниёзов, журналист

Суҳбатни тўлиқ видео орқали кўришингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид