Ўзбекистон | 11:12 / 04.10.2022
2112
2 дақиқада ўқилади

Давлат органи айрим қарорлари бўйича судга мурожаат қилганларга давлат божи камайтирилади

Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Унда фракция аъзолари “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

2020 йилда маъмурий судлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли идоралар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар ҳаракатини қонунга хилоф деб топишга доир 6 920 та иш кўриб чиқилган. Улар 5 257 таси қаноатлантирилган. 2021 йилда эса, ушбу рақамлар 5 761 тани ташкил этиб, шулардан 3 538 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.

Маъмурий судлар томонидан ушбу тоифадаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишлар аксарияти айнан давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли бўлган мансабдор шахслар ҳаракати юзасидан берилган аризаларни ташкил этмоқда.

Қонун лойиҳаси билан фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставка 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари қайд этганидек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилинишини кенгайтириш, улар одил судловга эришиш даражасини янада оширади. Депутатлар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид