Жаҳон | 14:21 / 04.10.2022
31462
7 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украин армияси Херсон ва Донецк областларида қарши ҳужумни давом эттирмоқда

Бу вақтда Давлат думаси ушбу ҳудудларни Россия таркибига «қабул қилди». 

Oleksiy Biloshytskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Херсон областида нималар бўлмоқда?

Украина қуролли кучлари Херсон областида жиддий қарши ҳужум бошлаган. Украина президенти Володимир Зеленский 2 октябр куни ҳарбийлар Ингулец дарёси бўйидаги Архангельск посёлкасини, шунингдек Миролюбовка посёлкасини озод этгани ҳақида хабар берди. Ижтимоий тармоқда украин ҳарбийси Миролюбовкадаги бинолардан бирига Украина байроғини ўрнатаётгани акс этган сурат тарқалган. Украин кучлари сентябр ойи бошидаёқ Миролюбовка ва Архангельск атрофида пайдо бўлганди.

Украин ҳарбийлари Днепр дарёси бўйлаб ҳам юриш қилмоқда. Россиялик «военкор»ларга кўра, Украина қуролли кучлари Днепропетровск области билан чегарадаги Нововоронцовкидан 25 километр жанубдаги Михайловкига қадар ҳудуддаги бир қанча аҳоли яшаш манзилларини озод этган. Сўнгги бир кунда Украина қуролли кучлари тахминан 15 километрга илгарилаган.

Украина армияси Дудчанига ҳам етиб келган, Херсон областида бўлиб турган россиялик ҳарбий мухбирлардан бири Роман Сапоньковнинг 2 октябр куни кечқурун ёзишича, «фронтдаги вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлинмаган». Яна бир «военкор» Юрий Котенок эса украин ҳарбийлари Дудчанини эгаллашгани ҳақида ёзган. Россиялик «ватанпарвар» телеграм-канал «Рибарь» 3 октябр куни соат 11:00 ҳолатига россиялик ҳарбийлар Золотая Балка қишлоғидаги позицияни бой бергани, Украина қуролли кучлари Нововоронцовка — Новоалександровка трассаси бўйлаб мустаҳкам ўрнашгани ва Дудчани томон ҳаракатланаётганини тасдиқлаган.

Украина қуролли кучлари Дудчани ҳудудидан туриб Кахова ГЭСга ёриб ўтишни режалаштирган, аммо Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Сальдо «улар яксон этилгани» ҳақида хабар берди. РФ мудофаа вазирлиги украин қўшини Золотая Балка — Александровка йўналишида россияликлар мудофааси «чуқурлигига киргани» ҳақида хабар берди.

2 октябр куни украин аскарлари Крешченовка ва Осокоровка қишлоқларига (Осокоровкага киришда тарвузга қўйилган ёдгорлик бор) киргани ҳақидаги видео ва фотолар тарқалди.

Шунингдек, украин манбалари Золотая Балкада олингани айтилган видеони тарқатишди. 3 октябр куни украин нашрлари Михайловка қишлоғида Украина байроғини кўтариб турган украин аскари видеосини намойиш этишди.

Украина қуролли кучлари расман Херсон областида вазият «жадаллашаётгани» ҳақида хабар берган. «Биз жангларни давом эттирмоқдамиз ва озод этилган ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиб, тозалаш ишларини олиб боряпмиз», — дея хабар берди 3 октябр куни Украина жанубидаги мудофаа кучлари расмийси Наталья Гуменюк. Унинг сўзларига кўра, украин кучлари фронт чизиғи бўйлаб жойлашган ва доимий равишда россияликларнинг зарбаларига дучор бўлаётган 45 та аҳоли яшаш манзилидаги аҳолига эвакуация бўлишни таклиф этмоқда.

Херсон областининг РФ таъсиридаги маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов эса бу вақтда украин ҳарбийлари ёриб киришга уринаётганига қарамай, Херсон йўналишида «барчаси назорат остидалиги»ни айтган. Унинг сўзларига кўра, украин кучлари «бироз ичкарилаган». «Биз эса барча ҳужумларни қайтармоқдамиз», деган у. Стремоусов украин ҳарбийлари катта йўқотишларга учраётганини қўшимча қилган.

Украина кучлари аввалроқ Днепр дарёси устидан ўтган кўприкларни ўққа тутиб, Россиянинг Херсон областидаги бўлинмаларининг таъминот занжирини узиб қўйганди.

Донецк областида нималар бўлмоқда?

1 октябр куни украин ҳарбийлари мамлакат шарқидаги қарши ҳужумлар давомида Донецк областининг Лиман шаҳрини эгаллади. Украин кучлари Лиман атрофига 30 сентябр куни етиб келишганди. The New York Times нашри Украина армиясининг шарқда жанг қилаётган қўшинлари вакили Сергей Череватийга асосланиб хабар беришича, ўша вақтда шаҳарда 2 мингдан 3 минггача россиялик ҳарбийлар жойлаштирилганди.

NYT маълумотига кўра, Украина қўмондонлиги шаҳарни уч томондан қуршаб олган украин ҳарбийлари сон жиҳатдан икки баробар устунлиги эвазига Лиманни бир уринишда қайтариб олишни режалаштирганди, аммо Россия армияси мадад кучлари юборган. Шаҳар атрофидаги ўрмонларда ва Шимолий Дон дарёсининг ўнг соҳилида қақшатқич жанглар кечган. The Wall Street Journal нашрида ёзилишича, шаҳар атрофидаги йўллар бўйлари ва майдонларда ҳалок бўлган россиялик аскарлар жасади ва ёниб кетган техникалар қолган.

Сергей Череватий россиялик аскарлар тартибсиз равишда чекингани, уларнинг асосий қисми кичик гуруҳларга бўлиниб, ўрмонларга яширингани ҳақида айтган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийларнинг кўпчилиги ҳалок бўлган ёки асир тушган. 1 октябр куни кечқурун украин полицияси Лиманда патрул бошлади ва шаҳарда қолган бўлиши мумкин бўлган россиялик ҳарбийларни қидиришга киришди. 2 октябр куни тушдан кейин Володимир Зеленский Лиман «тўлиқ тозалангани»ни маълум қилди. Бу вақтда Лиман таркибига кирувчи Краматорск райони ИИБ шаҳарда ҳеч ким қўлга олинмагани ҳақида хабар берди. Ҳозирга қадар россиялик ҳарбийларнинг қанча қисми қуршовдан чиқиб кета олгани маълум эмас. 2 октябр куни украин ҳарбийлари кўплаб россияликлар ҳамон Лиман атрофидаги ўрмонзорларда яширингани ҳақида хабар берди.

РФ мудофаа вазирлиги Россия қўшини «қуршов хавфи юзага келгани туфайли» Лимандан «янада афзалроқ маррага олиб кетилгани» тўғрисида баёнот берган. «Комсомольская правда»нинг ҳарбий мухбири Александр Коц Россия қўшини босқичма-босқич чекингани, аммо «сўнгги бўлинма амалда жанг қилиб қамалдан чиққани» ҳақида ёзган. Коцнинг сўзларига кўра, гўёки шаҳар қамалида Украина армиясидан 23 минг киши қатнашган ва бу Россия кучларидан бир неча баробар устун эди. Лекин бошқа нашрлар маълумотига кўра, шаҳарда Россиянинг 5-5,5 минг ҳарбийси бўлган, украинлар эса 6 мингдан ортиқ ҳарбий билан ҳужум қилган.

Лимандан чекиниш сабаблари ҳақида гапирар экан, Коц Россия армиясига куч етишмагани, мадад кучлари кеч етиб келгани, «жанг қилишдан бош тортганлар» стратегик муҳим позицияларни ташлаб чекинишгани ҳақида айтган. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Лиманнинг бой берилишида Марказий ҳарбий округ қўмондони генерал-полковник Александр Лапинни айблади.

Россия қўшинлари Лимандан кетгач маҳаллий аҳоли вакиллари россияликларнинг қолдириб кетган захираларидан фойдалана бошлади. WSJ нашри ёзишича, 2 октябр куни ўнлаб кишилар россияликларнинг шаҳар бош майдонидаги дўконларига келишди ва «Российская гуманитарная помощь» ёзуви туширилган қопларда унларни ташиб кета бошлашди. Полиция маълумотига кўра, урушга қадар 20 минг киши истиқомат қилган Лиманда беш мингдан камроқ одам қолган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, истило вақтида улар газ ва электр таъминотисиз яшаган. Полицияда айтишларича, Россия кучлари электр ёки ичимлик суви таъминотини тиклашга уринмаган, одамлар учун озиқ-овқат таъминоти узлуксиз бўлмаган, кўплар тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган.

Мавзуга оид