Иқтисодиёт | 15:54 / 04.10.2022
41671
2 дақиқада ўқилади

Сентябрда нархлар 1 фоизга қимматлади – россияликлар кўчиб келиши меҳмонхона хизматлари нархини оширган

Инфляцияга озиқ-овқат нархлари ошиши сезиларли таъсир қилди – сентябрда озиқ-овқат 1,4 фоизга қимматлаган. Тошкентга келаётган россияликлар меҳмонхоналарни банд қилиши расмий статистикада аксини кўрсатди: меҳмонхона хизматлари алоҳида бўлимлар ичида энг юқори ўсишни қайд этиб, сентябрда қарийб 3 фоизга, йиллик нисбатда 21 фоизга қимматлади.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг сентябр ойида истеъмол бозоридаги нархларнинг ўртача даражаси 1 фоизга ошди, дея хабар бермоқда Статқўм.

Йиллик нисбатда истеъмол секторида нархлар 12,2 фоизга қимматлади. 2022 йилнинг бошидан бери эса 8,1 фоизга ошди.

Сентябрда озиқ-овқат нархлари 1,4 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 0,7 фоизга, хизматлар нархлари эса ой давомида 0,4 фоизга ошди.

Сентябрдаги инфляцияга оид статистикада энг қизиқ жиҳат шуки, алоҳида бўлимлар орасида энг юқори нарх ўсиши ресторан ва меҳмонхона хизматларига тўғри келган. Ой давомида бу хизматлар нархи 2,9 фоизга ўсган.

Буни сўнгги 10 кунда Ўзбекистонга келувчи россияликлар сони кўпайгани билан изоҳлаш мумкин. Kun.uz’га меҳмонхоналарни бошқаришга ихтисослашган «Hotel Pro» компанияси асосчиси Дилшод Одилов меҳмонхоналарнинг 40-70 фоизи россияликлар томонидан банд қилингани, хоналар нархлари 2 баробарга кўтарилганини гапириб берганди.

Статистик маълумотлар 2021 йилнинг декабрига нисбатан нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан «Ресторанлар ва меҳмонхоналар хизматлари» (15,2 %), «Дам олиш, спорт ва маданият» (11,2 %) ва «Маиший товарлар ва хизматлар, ижтимоий ҳимоя ва турли товарлар ва хизматлар» (11 %) бўлимлари ўрин олганини кўрсатмоқда.

Йиллик нисбатда ҳам энг юқори нархлар ошиши ресторан ва меҳмонхона хизматларига тўғри келмоқда – 21 фоиз.

Қизиғи, 2022 йил сентябрда нархлар ошиши тезлашди дея баҳоланган ижара нархлари 1,5 фоизга қимматлаган. 2021 йилнинг сентябрида эса ижара 2 фоизга кўтарилган.

2022 йилнинг сентябр ойида «Озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар» гуруҳлари орасида йиллик нисбатда нархлар ошиши бўйича етакчи ўринларни донли экинлар ва ёрма маҳсулотлари (31,7 %) ҳамда шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (31 %) сақлаб қолди.

Ўтган йилнинг сентябрига нисбатан нархларнинг энг паст ўсиш суръати мевалар ва ёнғоқда (2 %) қайд этилди.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид