Ўзбекистон | 11:12 / 05.10.2022
11303
3 дақиқада ўқилади

Ўрта Чирчиқдаги йўл мавҳум таъмирлаш баҳонасида ёпилди. Бу одамларни сарсон қилмоқда

Темирйўл ва автомобил йўли кесишмалари бир вақтда таъмирлашга тушса албатта ишлар ўлда-жўлда бўла бошлайди. Кўрпани автойўлчилар у ёққа тортса, темирйўлчилар бу ёққа тортади шекилли, биргина Тошкент вилоятининг ўзида иккита шундай кесишма хароб ҳолда ётибди. “Стратегияси йўқ” масъуллар сабаб ҳар иккала нуқтада ҳам кунига ўн минглаб инсонлар азият чекмоқдалар.

Тошкент вилояти аҳолиси анчадан бери йўл муаммоларидан қийналиб келади. Аммо ҳеч қайси масъул қимирлай демайди. “Стратегияси йўқ”лиги сабаб президентдан дакки эшитган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бугун биз эътибор қаратадиган ҳар иккала муаммодан яхши хабардор.

Бекобод шаҳар ва тумани, Бўка, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон туманлари, қолаверса, қўшни вилоятлар ҳамда Тожикистонни Тошкент шаҳри билан боғловчи “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобил йўли ёпиб қўйилган. Йўлнинг Ўрта Чирчиқ туманидан ўтувчи қисмидаги (темирйўл устидан ўтган) кўприк авария ҳолатида экани сабабли у ер таъмирлашга ёпилган.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу йўл ёпилганига анча вақт ўтган бўлса-да, ҳануз ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бошланмаган.

Нафақат ўзбекистонлик, балки тожикистонлик ҳайдовчилар ҳам аҳоли пункти орқали айланиб ўтиб, 15-20 км кўпроқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлишмоқда.

“Биз тезроқ манзилимизга етиб боришимиз керак, лекин йўл ёпилган. навигатор ҳам бошқа йўлни кўрсатмаяпти, энди кетолмаяпмиз. Аниқ йўлни топишга эса жуда кўп вақтимиз кетяпти. Ҳамманинг ўтиши учун тезроқ шу йўлни очишса, яхши бўларди”, — дейди шу йўлдан қатновчи тожикистонликлардан бири.

Бундан ташқари, худди шу ҳолат Зангиота тумани Назарбек шаҳарчаси аҳолисини ҳам қийнайди. Тошкент шаҳрини шу ҳудуд билан боғловчи кўприк қурилиши ҳануз чалалигича ётибди. ОАВ ёритишга борганида ғимирлаб қоладиган қурувчилар бу кўприкни 3 йилдан бери фойдаланишга топширгани йўқ.

Муаммодан шахсан вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг ўзи хабардор бўлатуриб, унинг ечими устида бош қотирмаяпти. Бу вилоят ҳокимининг ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эканига ишора эмасми?

22 сентябр куни Нурафшон шаҳрида ўтган сессияда, ҳатто Шавкат Мирзиёев стратегияси йўқлиги учун Зоир Мирзаевга танбеҳ берганини айтганди.

Халқни қийнаётган бу йўл муаммоларини тез фурсатларда бартараф этиш вилоят ҳокимининг стратегиясида бор ёки йўқлиги бизга номаълум.

Шуниси аниқки, бу мантиқсизлик ва мавҳумлик ортидан минглаб, балки юзминглаб инсонлар қайсидир маънода азият чекмоқдалар.

Мавзуга оид