Жаҳон | 09:49 / 06.10.2022
9856
2 дақиқада ўқилади

Американинг Crew Dragon-5 кемаси ХКСга йўл олди

Экипаж таркибида икки америкалик ва бир япон астронавти, шунингдек, россиялик космонавт бор. Улар беш ой давомида ХКСда ишлашлари керак.

Фото: NASA

ХКСга учирилган SpaceX компаниясининг Crew Dragon-5 кўп марталик космик кемаси орбитага муваффақиятли чиқарилди. Бу ҳақда NASA 5 октябр, чоршанба куни хабар берди. Экипаж таркибига NASA'нинг икки астронавти – Никол Манн ва Жош Кассада, Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) астронавти Коичи Ваката ва Роскосмос космонавти Анна Кикина киради.

Коинот кемаси Falcon 9 оғир ракета ташувчиси ёрдамида Флоридадаги Кеннеди коинот марказидаги 39А старт комплексидан Москва вақти билан соат 19:00 да учирилди. 6 октябр, пайшанба куни Crew Dragon Москва вақти билан соат 23:57 да ХКС Америка сегментининг Harmony модулига автоматик равишда уланиши керак. Экипаж аъзолари беш ой давомида станцияда ишлаши керак бўлади ва кўплаб илмий тажрибалар билан шуғулланишади.

2022 йил июль ойида ХКС дастури доирасида NASA ва Роскосмос ўртасида 2022-2024 йилларда уч нафар россиялик космонавтнинг Американинг Crew Dragon бошқариладиган космик кемасида ва учта америкалик космонавтнинг Россиянинг «Союз МС» бошқариладиган космик кемасида ўзаро парвозлари бўйича келишув имзоланган эди. Ҳужжатда космонавтлар ва астронавтларнинг жами учта «алмашинуви» кўзда тутилган.

21 сентябр куни ўзаро парвоз дастурининг биринчи экипажи Бойқўнғирдан ХКСга учирилди. «Союз МС-22» космик кемаси экипажи таркибида Роскосмос космонавтлари Сергей Прокопев ва Дмитрий Петелин, шунингдек, NASA астронавти Франсиско Рубио бор эди.

Ҳозирда NASA астронавтлари Челл Линдгрен, Роберт Хайнс, Жессика Уоткинс ва Европа космик агентлиги (ESA) астронавти Саманта Кристофоретти станцияда ишлашда давом этмоқда.

Мавзуга оид