Жаҳон | 17:46 / 07.10.2022
20489
28 дақиқада ўқилади

Сибирдан фронтга. Қурол тутмаган йигитлар қандай жанг қилади ва сафарбарлик Путинга ёрдам берадими?

Кўпчилик сафарбарликни аллақачон умидсизлик ишораси деб атади: жуда кеч ва жуда нўноқ. Ҳудудий урушлардаги ғалабаларда тобланган Россия армияси зарур мобилизация тузилмаларига эга эмас, сафарбар қилинганлар эса қисқа вақт ичида фаол армияга айлана олмайди. Бундай ҳарбийлар жанг майдонида Украина қуролли кучлари билан жиддий рақобатлаша олиши даргумон.

Фото: DMITRY AKHMADULLIN/TASS

«27 сентябр куни уларни олиб кетишди, 3 кун 32-ҳарбий лагерда тунаб қолишди. Кеча эса тунда Ростов вилояти чегарасига олиб боришди. Ҳозир улар Луҳанск вилоятига бориш учун техникани кутишмоқда. Ҳеч қандай тайёргарликсиз», – деди Екатеринбургдан сафарбар қилинган йигитнинг онаси. У астигматизм туфайли ҳеч қачон армияда хизмат қилмаган, лекин, афтидан, урушга юборилмоқда.

Яна бир сафарбар қилинган – 26 ёшли сибирлик мусиқачи Кирилл сентябр ойи бошида Томскда концерт берганди. 29-куни у ҳарбий қисмга жўнатилди. У ҳам армияда хизмат қилмаган.

Бу икки воқеа Владимир Путин томонидан 21 сентябрда эълон қилинган сафарбарлик учун жуда хосдир. Сафарбарлик тизими яхши йўлга қўйилмагани сабабли жойларда ҳарбий комиссариатлар юкламани кўтара олмаяпти, ҳаддан ташқари ғайрат солиниши оқибатида эса чақирув қоғози дуч келганга берилмоқда. Сафарбар этилганлар яшаш учун мўлжалланмаган, кўпинча иситилмайдиган, ҳожатхонасиз биноларга жойлаштирилмоқда. Баъзилар эса тунни очиқ ҳавода ўтказишга мажбур бўлмоқда.

Россия қўшинлари фронтда аскарларга муҳтож. Харкив вилоятида Украина қуролли кучлари қарши ҳужумига дош беролмаган армия мудофаани кучайтиришга улгурмади ва Лиманда навбатдаги мағлубиятга учради. Энди эса Херсон вилоятида чекинилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, бу мағлубиятларнинг асосий сабаби – ҳарбий қисмларда аскарлар етишмаслиги. Россия президенти режасига кўра, сафарбарлик бу муаммони ҳал қилиши керак. Шу туфайли, умрида Калашников автоматидан ўт очмаган сибирлик икки йигит мунтазам армияга ёрдам бериш учун фронтга кетмоқда.

СССР мероси

Ҳарбий экспертлар Россиядаги сафарбарлик армиянинг жанговарлик қобилиятини ошириши даргумон экани ҳақида урушнинг биринчи ойидан бошлаб гапиришган эди. Россия қуролли кучлари катта урушга эмас, балки маҳаллий махсус операцияларга тайёргарлик кўрган. Россия армияси ўзини совет армиясининг вориси деб билади, лекин ундан сон ва энг муҳими, сифат жиҳатидан фарқ қилади.

Советлар иттифоқи парчаланганидан сўнг, Россия Федерациясининг қуролли кучлари сезиларли даражада қисқарди ва бу ерда гап катта армияни ушлаб туришнинг имкони йўқлигида эмас, балки эҳтиёж йўқлигида – Россиянинг олдида НАТО билан учинчи жаҳон урушига тайёргарлик кўриш вазифаси йўқ эди.

Мудофаа вазири Анатолий Сердюков томонидан амалга оширилган ислоҳот қуролли кучларни ўша пайтда долзарб бўлиб туюлган вазифалар – терроризмга қарши кураш ва кичик минтақавий можароларни ҳал қилиш учун муқобиллаштиришга қаратилди.

НАТО блоки Афғонистондаги қўшинлари учун Россия ҳудуди орқали юк ташиди, қўшни давлатлардаги ҳарбий базалардан фойдаланди, бундан норози бўлганлар эса узоқ ўтмишда қолиб кетган маргинал сифатида қараларди.

1988 йил бошида СССР қуролли кучларидаги ҳарбийлар сони 4,2 миллион кишини ташкил этган. Россияда қуролли кучларни ислоҳ қилиш бошланган 2008 йилга келиб армиядаги ҳарбийлар сони 1,2 миллион кишини ташкил этарди. Қисқартиришдан сўнг унда бир миллиондан кам ҳарбий хизматчи қолади.

Кўпгина ҳарбий экспертлар ёзганидек, ислоҳотлар деярли якунланмай қолди. Масалан, 2012 йилда ҳарбий эксперт Александр Храмчихин армияда оддий аскарларни тайёрлашга масъул бўлган сержантлар институти тикланмаганини таъкидлади: «Ҳозирги сержантларнинг аксарияти жуда иштиёқсиз, зарур тайёргарликка, етакчилик фазилатига эга эмас, психологик барқарорлиги ва таълим даражаси паст».

Америкалик ҳарбий экспертлар Роберт Ли ва Майкл Кофман 2022 йил июл ойида New Times журналида чоп этилган мақолада ёзишича, ислоҳотлар якунига етказилмагани сабабли, Россия Мудофаа вазирлиги қуруқликдаги қўшинларда тайёргарлиги ёмон бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар ва шартнома асосидаги аскарлар хизматига таянишга мажбур бўлмоқда.

«Янги вазир Сергей Шойгу Россия армиясидаги полк ва дивизияларни тиклашга киришди. Аммо тажрибали ҳарбийлар етишмаслиги оқибатида ҳарбий қисмлар тўлмай қолди. Украинада уруш бошлангач эса ҳарбий хизматчиларнинг жиддий танқислиги юзага келди – янги чақирилганлар камдан кам ҳолларда фронтга юборилди, тажрибали контрактчилар эса шунчаки етишмасди.

Натижада Россия ҳарбий техникаси етарли шароитда, аммо кадрлар танқислиги кескин бўлган армия билан урушга киришди», дейилади Ли ва Кофман мақоласида.

Дарҳақиқат, Украинадаги урушда офицерлар томонидан взвод (30-40 жангчи) ёки ундан ҳам кичикроқ бўлган қисмларни бошқариш ҳолатлари бўлди. Бу офицерлар сафидаги катта йўқотишларга олиб келди. BBC маълумотларига кўра, 2 сентябр ҳолатига Украинада ҳалок бўлган россиялик 6024 аскарнинг 1025 нафари, яъни 17 фоизи офицерлар, шулардан 4 нафари генерал ва 35 нафари полковникдир.

Офицернинг урушдаги ўлими кўпинча унинг сержант сифатида жанг майдонида аскарларга қўмондонлик қилгани, уларни ҳужумга шахсан бошлаб боргани ёки мудофаани ушлаб туришга мажбур бўлганини англатади. Ваҳоланки, офицер қўл остидагилар орқали жангга раҳбарлик қилиши керак.

Совет армиясида тинчлик даври учун мўлжалланган «ихчам қисмлар» бўлган. Унда асосан офицерлар хизмат қилган. Мабодо, уруш бошланса, бу қисмларга захирадаги аскарлар чақирилиб, тезда ҳарбий маҳоратини тиклаб олиши, жанговар ҳолатини яхшилаши ва армия нисбатан тайёр ҳарбий қисмларга эга бўлиши назарда тутилган. 2008 йилги ислоҳотлар жараёнида бундай «ихчам қисмлар» йўқ қилинди.

Эҳтимол, энди сафарбар қилинганлардан янги қисмлар тузилади ёки улар фронтда аскар танқислигига учраган қисмларни тўлдириш учун юборилади. Ёки иккала жараён ҳам бир вақтнинг ўзида олиб борилиши мумкин.

Тайёргарликдан ўтмаган аскарлар қандай жанг қилади?

Россия ҳарбийлари учун тайёргарликдан ўтмаган аскарлар ҳолати қанчалик жанговар бўлишини тушуниш қийин эмас – Кремль томонидан бошқариладиган «ЛХР» ва «ДХР» ҳудудида бир неча ойдан бери нафақат оммавий сафарбарлик, балки эркакларга ҳақиқий ов давом этмоқда. Улар дуч келган жойда, кўчада, йўлда, автобусда ушланиб, фронтга юборилмоқда.

«ДХР» «халқ милицияси» ва Россия армияси тарафида жанг қилган аскарнинг BBC билан суҳбатда айтишича, оммавий сафарбарлик пайтида турли одамлар фронтга келиб қолган. Уларнинг орасида ўзини хотиржам тутганлар ҳам бор, лекин жуда қўрқиб қолганлар кўпроқ учрамоқда.

«Уларнинг баъзилари портлаш пайтида хандақ бурчагига тиқилиб, худди фалаж бўлгандек ётиб олишарди. Бошқалари эса ваҳимага тушиб қолишарди. Уларни ўзига келтириб, сафга қайтаришга тўғри келарди», деди у.

DMITRY AKHMADULLIN/TASS

7 сентябр куни собиқ «ДХР мудофаа вазири» Игорь Гиркин (Стрелков) ўз блогида тайёргарликдан ўтмаган аскарлардан ташкил топган Донецк «милицияси» қандай жанг қилгани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, ушбу қисм командирлари кампания бошида ҳатто автоматни қандай ўқлашни ҳам билмаган.

«Ёз охирида душман тўсатдан рота ҳандақларини артиллерия орқали ўққа тутди. Ягона алоқа воситасига эга қўмондонлик пункти дарҳол йўқ қилинди. Командирсиз қолган (қандли диабети бор бўлса-да, сафарбар қилинган, сўнгра бетоб бўлиб ётиб қолган эди) взводлардан бири ўққа тутиш тўхтагач, дарҳол қоча бошлади. Бошқа бир взвод ҳандақдан чиққан заҳоти енгида кўк боғичи бўлган, тиш-тирноғигача қуролланган одамларга йўлиқди. Қочмоқчи бўлганлар отиб ташланди, қолгани таслим бўлди. Учинчи взвод куни бўйи душманга қаршилик кўрсатди, ҳатто қандайдир зарар етказган бўлиши ҳам мумкин», деб ёзди у.

Гиркиннинг таъкидлашича, тайёргарликдан ўтмаган қисм муҳандислик воситалари билан таъминланмаган ва жуда катта майдонни ҳимоя қилиш учун тайинланган.

2014 йилда «Восток» батальони бошлиғи сифатида машҳур бўлган, ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» дала қўмондони Александр Ходаковский ҳам тайёргарликдан ўтмаган ва тажрибасиз қўмондонга эга қисм ҳаракатларини тасвирлаб берди.

«Сафарбарлик эълон қилинишидан олдин тузилган қисмлардаги жангчиларнинг хатти-ҳаракати ҳайвонот боғида туғилиб ўсган ва эркинликка қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонникига ўхшайди. Бир рота аҳоли яшаш пунктига кирди ва йўл бўйида жойлашди, ҳарбий комплектларни тўғри тўртбурчак шаклида ўрнатди, қулай бўлиши учун техникани ҳам уларнинг ёнида қўйди. Яхшиям офицерлардан бири вақтида келиб қолди ва ҳаммани ертўлага ҳайдашга улгурди. Ўша жой артиллериядан ўққа тутилиб, бир зумда йўқ қилинди».

«Бугун худди шу рота колоннаси А нуқтадан Б нуқтага боришга қарор қилди ва айнан душман позицияси олдида қамалга учради, камдан кам одам ўқ ёмғиридан қутулиб қолди», дейилади Ходаковский матнида.

Ижтимоий тармоқлар ва матбуотдаги хабарларга кўра, сафарбар қилинганларнинг бир қисми ҳарбий тажрибага эга бўлмаса-да, дарҳол фронтга жўнатилмоқда. Эҳтимол, улар билан мавжуд қисмлар тўлдирилади.

Бошқалари ўқув марказларига юборилмоқда, эҳтимол улардан янги қисмлар ташкил этилади. Бу қисмлар тажрибали офицерлар, қурол-яроғ ва техника етишмаслигига дуч келиши мумкин.

Байкалортида сафарбар қилинганлар машғулот ўтамоқда
YEVGENY YEPANCHINTSEV/TASS

Россия Мудофаа вазирлиги тайёргарликдан ўтмаган аскарларни фронтга жўнатмасликка ваъда бермоқда.

«Қисман сафарбарлик доирасида захирадан чақирилган фуқаролар ва кўнгиллилар жанговар топшириқлар бажариладиган ҳудудларга яқин жойлашган полигонларда жанговар ҳаракатларни мувофиқлаштиришни бошлади. Сафарбар қилинган фуқаролар ва кўнгиллилардан иборат қисмлар жанговар тайёргарликдан сўнг, озод қилинган ҳудудларни назорат ва мудофаа қилишни бошлайди», – дейилади 29 сентябрь куни Мудофаа вазирлиги хабарида.

Исми сир қолишни сўраган россиялик ҳарбий эксперт шундай деди: «Сафарбар қилинганларни назорат-ўтказиш пунктлари ва омборларни мудофаа қилиш учун тайинлаш мумкин, чунки жуда кўп қўшинлар гарнизон ва қўриқчилик хизматини ўтамоқда. Шунингдек, уларни Сурия ёки Қорабоғга ҳам юборса бўлади, у ерда контрактга эга ҳарбийлар хизмат қилмоқда. Сахалин ва Курил оролларини ҳам контрактчилар қўриқлаяпти ва ҳ.к.. Шунингдек, улар албатта фронтга ҳам юборилади».

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда сафарбар қилинган одамлар ҳарбий хизмат тажрибаси бўлмаса ҳам фронтга жўнатилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда.

«Автоматни қўлида бир неча марта ушлаган холос»

«Акам уч йил олдин армияда хизмат қилган. У оддий ўқчи. Душанба куни уни гўёки ўқув-машғулот йиғинига олиб кетишди. Ўша ерда кийим-бош, пойабзал беришди. Бир-икки кундан кейин фронтга юборилишини айтишди. Ҳеч қандай тайёргарликсиз. У ҳарбий хизмат чоғида автоматни қўлида бир неча марта ушлаган холос», деди Омск областида яшовчи Татьяна.

Кирилл (мақола бошидаги йигит билан адаш) тинчлик даврида Еланский гарнизонида ҳарбий ўқув-машғулотидан ўтган. Ҳозир у ерга сафарбар қилинганлар тўпланмоқда. Улар қор устига қурилган чодирларга жойлаштирилган. Сафарбар қилинганлар ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмайди, чунки, бунинг учун имконият йўқ. Бундай улкан гарнизон учун инструкторлар етарли эмас. Бундан ташқари, «пиёда аскарларга тайёргарликдан ўтиш шартмас», деб тушунтиради Кирилл.

«Битта ўқув ротасида ўртача 120 нафар чақирилувчи бўлади, уларга 12 нафар кичик сержант раҳбарлик қилади», – дейди Кирилл гарнизондаги ўқиш пайтини эслаб. «Бу тўдани тўрт нафар офицер бошқаради, уларнинг ярми доимий таътилда. Рота командири ҳам бўлади. Машғулотлар тўрт ой давом этади ва унинг якунига кўра ҳеч ким ҳеч нарсани ўрганолмайди, ўрганиши ҳам имконсиз. Бу ўқув схемаси шундай йўлга қўйилган. Сафарбар қилинганлар учун янгисини ташкил этиш шунчаки иложсиз ва бу ҳеч кимга керак эмас».

Россия таркибига кирувчи Бошқирдистон Республикасида яшовчи Юрий учта батальондан мотоўқчилар полки тузилаётганини билади. Батальонларнинг ҳар бири 120 кишилик тўртта ротадан иборат. Яқин кунларда 4 мингга яқин аскар Украинага юборилади. Юрийнинг кайфияти яхши. «Ҳамма ҳарбий хизматдан ўтган, нима қилишни билади, энди олдин ўрганганларимизни эсга солиб оламиз», дейди у. Ҳарбий тайёргарлик тафсилотларидан бехабар ёки айтишни истамайди: «Ғалаба қозониш учун зарур бўлган ҳамма нарсани ўргатишади».

Юрий ғалаба жуда муҳим эканини таъкидлайди: «Россияга шарт қўйишни истаётган, ўз қоидаларини ўрнатишга уринаётган, ниманидир талаб қиладиган, ниманидир мажбурлайдиган ҳар бир рақиб устидан ғалаба қозониш муҳим. Бизга қарши бўлганларнинг ҳар бири устидан ғалаба. Нарх қандай бўлишидан қатъи назар, томиримизда боболаримизнинг қони оқади ва биз ҳеч нарсани аямаймиз».

Қўшин сони аҳамиятга эгами?

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман фикрига кўра, Россия қўшинларининг тахминий сони 170 минг киши экани ҳисобга олинса, Сергей Шойгу ўз нутқида айтган 300 минг киши катта рол ўйнаши мумкин.

«Ўқчилар ва бошқа оддий ҳарбий мутахассислар деярли ҳеч қандай тайёргарликсиз, бир неча кун ёки кўпи билан бир неча ҳафта ичида жўнатилиши мумкин. Тайёргарлиги йўқлиги ва тажрибасизлиги туфайли бундай ўқчининг жанговар самарадорлиги паст бўлади. Аммо бу барибир яна бир аскар. Умуман олганда, Россия қуролли кучлари муаммоси сифатда эмас, балки сонда. Танкчилар, артиллериячилар ва бошқалар учун машғулотлар узоқроқ давом этиши керак, аммо янги сафарбар қилинганлар иложи борича тезроқ жўнатилиши лозим».

Россияда қанча одам сафарбар қилиниши номаълум. Матбуотда бу рақам Владимир Путин фармонининг ҳаммадан яширилган еттинчи бандида борлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. «Новая газета» ўз манбасига таяниб, қисман сафарбарлик тўғрисидаги қонунга кўра, бир миллионгача одам чақирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Бундан юқори рақамлар ҳам тилга олинди. Кремль бу маълумотларни расман рад этади, аммо аниқ кўрсаткичлар йўқ ва кўпчилик Шойгу эълон қилган 300 минг рақамига ишонмайди.

Ҳарбий тайёргарлик муҳимлиги, масалан, танк экипажининг жанговар самарадорлигига таъсири совет даврида ҳам тадқиқот мавзуси бўлган.

1989 йилда СССР Вазирлар Кенгаши президиумининг ҳарбий-саноат масалалари бўйича қўмитаси вакили Юрий Костенко «Танк экипажи малакасини танкларнинг жанговар самарадорлигига таъсири» мақоласини ёзади ва унда танкчиларни тайёрлаш тизимини танқид қилди.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, танк дуэлида ўртача тайёргарликка эга бўлган экипаж учун душманни мағлуб этиш эҳтимоли юқори малакали танкчиларга қараганда уч баравар паст.

Зирҳли ҳарбий техника соҳасидаги украиналик эксперт Андрей Тарасенконинг сўзларига кўра, ҳатто Россия армиясида хизмат қилганлар фронтга жўнатилган тақдирда ҳам, бу уларнинг юқори малакасини кафолатламайди, чунки Россияда совет давридан буён танкчиларни тайёрлашга кам эътибор берилган.

«Ўқ-дорилар, моторли ресурслар учун истеъмол меъёри камайтирилган, кўпи билан 20-30 та ўққа туширилган, 10 нафар курсантдан фақат бири снарядни амалда отиб кўрган, ҳар бир курсантнинг ҳайдаган масофаси 1,5 минг километрдан ошмаган. Бу советлар иттифоқининг гуллаган даврида эди. Кейинчалик бу қониқарсиз вазият йўқолмади, балки янада ёмонлашди», деди у.

«Гап экипажнинг жанговар маҳоратини тиклаб олиш ҳақида эмас, балки бу кўникмалар дастлаб ўзи бўлгани ёки йўқлиги ҳақида», деб қўшимча қилди у.

Фото: DMITRY AKHMADULLIN/TASS

Ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, Россия армиясининг Украинадаги қўшинида ҳақиқатан ҳам тажрибали ҳарбийлар, хусусан, танк экипажлари танқис. Шу билан бирга, жанглардан омон қолганларнинг кўпчилиги зарур жанговар тажрибага эга бўлиб, анча самарали ҳаракат қила бошлаган.

Бу фикрлар пиёда аскарлардан тортиб зенит-ракета комплекслари операторларигача бўлган бошқа мутахассисларга ҳам тегишли. Жанговар тажриба ҳарбийларнинг ҳаёти эвазига орттирилди. Тайёргарлик кўрмаган қўшинларнинг жанговарлик қобилияти оз бўлса ҳам оширилиши учун улар фронт ортига, машқ қилишга юборилиши керак. Бироқ, бундай тайёргарлик тажрибали ҳарбий хизматчиларнинг фронтдан чақириб олинишини талаб қилади, оқибатда жанговар қисмлар заифлашади.

«Тарихда кўп марта бўлгани каби, йўқотишлар эвазига тажриба орттирилади», деди Андрей Тарасенко.

Ёмон тайёрланган, аммо кўп сонли қўшинларнинг камчиликлари замонамизга хос хусусият эмас. Уларни 1920-йилларда рус ва совет ҳарбий назариётчиси Александр Свечин «Стратегия» китобида тасвирлаган.

«Ёмон аскар худди яхши аскар каби ошқозонга эга, вагонда бир хил жой эгаллайди. Аммо уруш бошлангач, у анча қимматга тушади. Чунки ўқ-дориларни тежаб ўтирмайди ва автоматлар унинг қўлида исрофнинг даҳшатли қуролига айланади. Ёмон ротадаги барча захиралар ўйлаб ўтирмасдан тугатилади: бу илма-тешик элак, ҳар доим жулдур кийинган ва қуролсиз, чунки у аслаҳаларни сотади, шинели ва этигини йўқотади, қуроллар ва алоқа воситаларини жанг майдонида қолдиради», дейилади китобда.

«Тўғри, улар худди яхши рота каби йўлларда заҳмат чекади, лой кечади, ёмғирда ивийди. Аммо шифохоналарни ўз беморлари билан таққослаб бўлмас даражада тўлдиради, маҳаллий маблағларни қуритади, маҳаллий аҳолини бездиради, жангда катта йўқотишларга дучор бўлади (шу жумладан ўзини отиб қўйиш орқали ҳам)», – деб ёзади Свечин.

Сержантлар билан боғлиқ муаммолар

Россия армиясида тажрибали жанговар қўмондонларнинг кичик звеноси етишмаяпти. Бу муаммо совет давридан қолган.

Кичик қўмондонлик таркибини шакллантириш билан боғлиқ қийинчиликлар совет даврининг сўнгги йилларида ҳам бўлган. Урушдан кейинги йилларда бундай муаммо йўқ эди – офицерлар, сержантлар ва бригадирларнинг аксарияти урушда қатнашиш тажрибасига эга бўлган.  Уларнинг янги чақирилганлар олдидаги обрўси жуда баланд эди.

Уруш кўрганлар нафақага чиққани сабабли, совет армияси тажрибали кичик қўмондонлар танқислигига дуч келди. Бу бўшлиқ ҳарбий хизматни ўтаган, бироқ армияда қолишга қарор қилган истеъфодаги аскарлар билан тўдирилди. Яъни ҳозирги контрактчилар билан. Аммо улар барча қўшинлар учун етарли эмас эди.

Кейинчалик совет иттифоқида янги ҳарбий иерархия тизими пайдо бўлди – «дедовшчина». Сержантлар вазифасини кўпдан бери хизмат қилаётганлар – «қария»лар (русчасига «дед») ўз зиммасига олди. Бундай «институт» криминал анъаналарни ўзлаштирди, шафқатсиз, хунук ва ҳарбий субординация тамойилларига зид эди, лекин у иш берди. Офицерлар кичик командирлар мактабини тугатиб, 6 ой олдин хизматга келган ёш сержантлардан кўра, 1-1,5 йил хизмат қилган «қариялар»га кўпроқ таяна бошлади.

Оқибатда, совет армиясида сержантлар институти «ясама» бўлиб қолди. Погонида иккита ҳошияга эга бўлган ва 1 йиллик хизматни ўтаган ҳарбий хизматчида ҳеч қандай ҳақиқий ҳокимият қолмади, барчасини «дед»лар бошқарарди. Уларнинг тушунчасига кўра, биринчи курс сержанти худди бошқа оддий аскарлар каби «дух» эди.

Албатта, хизматнинг иккинчи йилида сержант ўз мавқейини тиклаб оларди, бироқ, унинг ўрнини ҳар қандай бошқа «дед» эгаллаши мумкин эди: «Саня, бир чекиб кел, бу «дух»ни ўзим тарбиялайман».

Жанговар шароитларда, Афғонистон ва Чеченистонда бўлгани каби, тажриба кўпинча погондаги ҳошия ва юлдузчалардан кўра кўпроқ қадрланган. «Дед» албатта ярамас одам, аммо жангда, қийин вазиятга тушиб қолганда, катта эҳтимол билан айнан у ёрдам беради, деб ўйлашган ёш аскарлар.

Сафарбар қилинганларни ким бошқаради?

Россиянинг янги армиясида «дедовшчина» анъаналари йўқолмади.

«Ҳарбий билим юртини яқинда битирган лейтенант, старшина ёки ҳатто капитан 40-45 ёшли сафарбар қилинганлар олдида қандай обрўга эга бўлиши мумкин? Улар Чеченистон тепаликлари ва истеҳкомларини штурм қилган пайтда, бу командирлар ҳали жуда ёш бола эди», дейди совет армиясида хизмат қилган собиқ ҳарбий.

«30 ёшли оддий жангчи учун ҳам 23 ёшли лейтенант шунчаки «болакай». Ўша «дух». «Қариялар» фақат жанговар тажрибага эга офицерни ҳурмат қилади. Акс ҳолда «тошини теришга» жўнатишади, дейди у. Уруш кўрган офицерни қаердан олиш мумкин? Фақат фронтдан. Уруш кўрмаган «каламуш» қандай лавозимда бўлмасин, дарҳол ошкор бўлади.

«Дед»ларнинг фойдаси борми?

Бир урушда орттирилган маҳорат кўпинча бошқасида фойдасиз бўлади. Биринчи чечен кампаниясида афғон фахрийлари Шимолий Кавказга кетаётган қўшинларга устозлик қилишган. Кейин улар омон қолганлардан «йигитлар, ҳақиқий урушни кўрмаган экансиз», деган хабарларни олишди, деб эслайди Афғонистонда хизмат қилган ҳарбийлардан бири.

«Уруш кўрган афғончи»нинг маслаҳати кўпинча ноўрин бўлиб чиқди, чунки Ҳиндукушнинг тоғли ҳудудларида тарқоқ, енгил қуролланган ва кўпинча тайёргарлиги паст бўлган маҳаллий жангчиларга қарши жанг қилиш шартлари бошқача эди. Шимолий Кавказнинг ўрмонли тоғларидаги жангчиларнинг кўпчилиги совет армиясида тайёргарликдан ўтган, қуролланган ва яхши кийинган эди», деб эслайди ҳарбий хизматчи.

Сафарбар қилинганлардан бири дронни бошқаришни ўрганмоқда.
DMITRY AKHMADULLIN/TASS

Россия армияси Украинада бундан ҳам қудратли рақибга дуч келмоқда, бу ерда олдинги ҳарбий амалиётлар тажрибаси – у Чеченистон ё Грузия ёки Сурияда олинган бўлсин, нафақат фойдасиз, балки зарарли бўлиши ҳам мумкин. Замонавий уруш технологиялашди. Агар аскар 20 йил олдинги тактикага амал қилса, унинг жанг майдонида ҳалок бўлиш эҳтимоли юқори. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда кўриш мумкин: аскар хандақда ўтиради, ундан чиқмайди, чекмайди, яширинган жойини сездирмайди, лекин дрон учиб келади ва унинг устига граната ташлайди.

Жисмоний тайёргарлик ҳолати

Сафарбар қилинганларнинг жисмоний тайёргарлиги даражаси жуда муҳимдир. Аслида, профессионал ҳарбий хизматчи – бу спортчи (профессионал спортчилар 35-40 ёшида, баъзи спорт турларида ундан ҳам олдинроқ фаолиятини якунлайди). Баъзан 50-60 ёшли спортчилар ва ҳарбийлар ҳам учрайди, аммо бу истисно.

Уруш ҳудудида аскар дуч келадиган юклама даражаси жуда катта. Масалан, десантчилар пулемётчисининг елкасида кўтариб юрадиган юки 60 килограммдан ошиши мумкин. Калашников автомати учун стандарт ҳарбий комплект (2 мингта ўқ билан) – 50 килограммгача. Бундай комплектни фаол жангларда ярим соат ичида сарфлаб юбориш мумкин. Пулемётнинг ўзи 9 килограмм вазнга эга. Захира стволи, пулемёт қутиси, сапёр белкураги, дубулға, зирҳли жилет – яна 15 килограмм. Бундан ташқари, форма. Қўшимчасига, радио станцияси, тепловизор, дурбин, биринчи тиббий ёрдам қутиси бўлиши мумкин, қуруқ паёк, сув идиши, қозонча, ухлаш халтаси, иссиқ кийимлар ва бошқа фойдали майда нарсаларни айтмаса ҳам бўлади.

Ўқ-дориларнинг ярми, пулемёт қутиси ва камарларни ёрдамчи жангчи ҳам кўтариб юриши мумкин. Аммо унинг ўзида ҳам автомат ва ўқ-дорилар захираси бўлади. Одатда юклар тенг тақсимланади. Афғонистон ва Чеченистонда десантчининг жанговар рюкзаки вазни 60 килограммга яқин бўлган. Замонавий жиҳозлар анча яхшиланди ва енгиллашди, аммо қурол ва ўқ-дорилар вазни ўзгармади.

Шуларни кўтарган ҳолда юриш, чопиш ва гоҳида чоҳ қазиш ҳам керак.

«Уруш, биринчи навбатда, оғир, жисмоний меҳнат, кўпинча инсон тоқатидан ортиқ даражада. У жой ватанпарварлик ҳақидаги фильмларини кўриб, ТВ орқали айтилган баландпарвоз гаплардан илҳомланган романтиклар учун эмас. Айниқса, сўнгги беш-ўн йил ичида бир кружка пиводан оғирроқ нарса кўтармаганлар учун эмас», дейди собиқ ҳарбий.

Украина бунга қандай жавоб беради?

Замонавий қуруқликдаги урушларда қўшинлар сони ҳали ҳам катта аҳамиятга эга эканига ишончи комил бўлган исроиллик эксперт Давид Генделманнинг сўзларига кўра, Россия армияси сафарбар қилинганлар билан тўлдирилганидан кейин ҳам Украина уларни тўхтатиш учун етарли қўшинга эга.

«Шу сабабли, Украина раҳбарияти миллионлаб эркакларни захирада ушлаб турибди ва хорижга чиқармаяпти, улар кейинги сафарбарлик учун керак бўлади. Чунки қўшин сони муҳим. Ресурсдан тўғри фойдаланиш яхши ва ажойиб, аммо бунинг учун авваламбор бу ресурсга эга бўлиш керак. Бундай улкан армиясиз [Украина қуролли кучлари олий бош қўмондони Валерий] Залужний ўзида мужассам қобилияти билан фақат TIME журнали варақларини силкитган бўларди. Ҳеч қандай «Ҳаймарс»лар ёрдам беролмасди. Буни Украина раҳбарияти жуда яхши билади. Қўшин сони жуда муҳим», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Украиналик ҳарбий журналист Юрий Бутусовнинг айтишича, ўнлаб ва юз минглаб аскарларнинг фронтга келиши Россия армиясига мудофаа чизиғини тўлдириш имконини беради ва шунга мос равишда украиналикларнинг ҳужумкор ҳаракатларини мураккаблаштиради. Аммо у сафарбар қилинганлардан тузилган қисмларнинг фаол жанговар ҳаракатлар олиб бориш қобилиятига ишонмайди.

Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк сўзларига кўра, 300 минг киши сафарбар қилиниши ҳақидаги баёнотлардан катта эҳтимол билан психологик самара кўзланган, «тайёргарликка эга бўлмаган жуда кўп одамларни самарасиз армияга чақирилиши жанг майдонидаги ҳолатга жиддий таъсир қилмайди».

Подолякнинг эслатишича, Украинада босқиннинг биринчи куни, 24 февралда расман бошланган сафарбарлик урушнинг биринчи ҳафталаридагидек тез суръатда бўлмаса-да, ҳозир ҳам давом этмоқда.

«Биз жанг майдонидаги математикани кузатиб борамиз ва керак бўлса, маълум тузатишлар киритамиз. Аммо яна бир бор таъкидлайман, сафарбарлик дастуримиз аллақачон якунланган. Бугунги кунда сафарбарлик асосан баъзи ўзига хос, ноёб ҳисобланган ҳарбий мутахассисликлар бўйича олиб борилмоқда», деди у.

Украина ҳамон 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг хорижга чиқишини тақиқлайди, камдан кам ҳолатлар бундан мустасно. Яқинда шунга ўхшаш истиснолардан бири олиб ташланди: чегарачилар, гўё ҳужжатларнинг тез-тез қалбакилаштирилиши туфайли хорижда таълим олаётган талабаларини Украинадан чиқармай қўйишди.

Шубҳасиз, бундай чекловлар кўплаб одамларни қурол остига қўйишга тўғри келадиган воқеаларнинг ривожланиши эҳтимоли туфайли расмийлар томонидан сақланиб қолган.

Яқинда Украина мудофаа вазири Олексий Резников Россияда эълон қилинган сафарбарлик мамлакатда қўшимча сафарбарликка олиб келиши мумкинми деган саволга аниқ жавоб бермади ва Киев захирадагиларни шакллантириш ва тайёрлаш бўйича олдиндан белгиланган чораларни кўраётганини эслатди.

Масалан, унинг сўзларига кўра, Буюк Британия украиналик 30 минг аскарни тайёрлашни зиммасига олди – «қўй подасидек ҳайдалмаган, ғайратли одамлар»ни. Вазир сўзларига кўра, бошқа мамлакатлар ҳам Лондондан ўрнак олмоқчи. «Украинада қўшимча сафарбарлик ҳақидаги саволга аниқ жавобни фақат қуролли кучлар Бош штаби бериши мумкин», деди Резников.

Украина ҳарбий раҳбарияти ҳозирча Россиядаги сафарбарликка жавобан ўз режаларини ошкор қилгани йўқ.

Аммо Россиядаги сафарбарликнинг илк кунида Украина қуролли кучлари олий бош қўмондони, генерал Валерий Залужний қисқача мурожаат билан чиқди: «Еримизга қуролланган ҳолда ихтиёрий ёки сафарбарлик йўли билан келган барчани йўқ қиламиз».

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид