Ўзбекистон | 13:25 / 08.10.2022
28286
5 дақиқада ўқилади

«Германия ва Франция бунга қарши» — НАТО давлатлари Украинани қабул қилиш масаласида нега ҳамфикр эмас?

Путин Украинанинг тўртта вилоятини Россия таркибига қўшиб олишига жавобан Зеленский НАТОга тезлаштирилган тарзда аъзо бўлиш учун ариза беришини маълум қилди. Хўш, НАТО давлатлари Россияга қарши жанг қилаётган давлатнинг ташкилотга қўшилишига рози бўладими? Коллектив ғарб Украинага бераётган ёрдам қачонгача давом этиши мумкин? Kun.uz мухбири шу мавзуда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Путиннинг фармонидан кейин Зеленский Украинанинг НАТОга тезлаштирилган тартибда аъзолиги бўйича ариза беришини маълум қилди. Нима деб ўйлайсиз, НАТО давлатлари Россия билан уришаётган Украинани ўзларига қўша оладими?

– Ўйлайманки, бугун НАТОга аъзо давлатлар ўртасида қизғин баҳс кетмоқда. Чунки бу икки давлат ўртасидаги уруш уларни хавотирга солади. Бу ерда давлатлар иккига бўлиниши кутилади. Улар орасида Украинани тезроқ блокка қўшиш тарафдори бўлган давлатлар бор. Булар АҚШ, Буюк Британия, Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Польша. Лекин шундай давлатлар ҳам борки, уруш бўлаётган давлатни НАТОга аъзо қилсак, биз ҳам бевосита уруш иштирокчиси бўлиб қоламиз, деб ҳисоблашади. Бу давлатлар Франция ва Германия. Польшанинг юқори мансабдаги мулозими Европа Иттифоқида кейинги йигирма йилда маълум бир курс шаклланганини айтди. Яъни Европа Иттифоқидан АҚШни сиқиб чиқариш ёки унинг иштирокини пасайтириш учун Россия, Франция ва Германия яширин иттифоқ тузганлигини билдирди. Унинг фикрига кўра, урушнинг бошланиши натижасида бу лойиҳа мажруҳланди.

Охирги бир неча ойни инобатга оладиган бўлсак, Россиянинг бу икки давлат билан муносабатлари ўта чигаллашди. Улар дастлаб бу урушни тезроқ тугатиш борасида таклифлар бера бошлади. Икки давлатни бунга чақирди. Кейинчалик бу ташаббусни Туркия президенти Эрдўған олди. Кимки Россия билан мулоқотни таклиф қилар экан, улар одатда Россия томон бўлган. Чунки босиб олинган ерларни Россия қайтариб бермайди. Қайтариб берса-да, Украинага қабул қила олмайдиган шартларни қўяди. Мулоқот қилаётган давлатлар Украинанинг енгилиши ёки Россиянинг вазиятдан енгил чиқиши тарафдорлари бўлишади. Лекин сўнгги ойда бу икки давлат ҳам Украинага кўпроқ ёрдам бериш ва Россиянинг агрессиясига қарши туриш тарафига ўтишди.

Ҳаттоки, Германия газ ва энергетика масаласида Россия билан алоқаларни тўлиқ узиш тарафдори эканлигини ҳам кўрсатяпти. Яқинда денгиз остидаги газ портлашини Европа Иттифоқидаги шаклланган позицияга кўра, буни Россиянинг ўзи қилди, деган фикр жуда ҳам кучли. Буни чуқур таҳлиллар орқали тахмин қилишяпти. Демак, бугун коллектив ғарбда Россиянинг хатти-ҳаракатидан хавотир жуда ҳам кучли. Россия муаммоларни ошириб бориш (эскалация) тизимини танлаган. Бу йўлни танлаган давлатлар ўта агрессив ва ҳаттоки, ядро урушига ҳам тайёрман деган сигнални бераётган бўлади. Россияда Сталиндан кейин сиёсий бюро ташкил этилган ва бу ерда ягона ҳукмрон бўлмаган. Улар давлатни коллектив бошқарган. Уларда қарорларни коллектив тарзда қабул қилиш механизми мавжуд эди. Бугун бундай механизм мавжуд эмас. Бугун Путин якка ҳоким ва шунинг учун совет иттифоқи ядро қуроли билан ҳеч кимга таҳдид қилмас эди.

Европа томонидан Украинага берилаётган ёрдам қанчагача давом этиши мумкин?

– Европадаги ҳолатга ресурслар тақчиллиги эмас, балки сиёсий мақбуллик орқали қараш керак. Улар Украинага ёрдам бериш баробарида ядро уруши бошлангудек бўлса, АҚШ эмас, балки ўзлари асосий нишон бўлиб қолишдан хавотирланишади. Улар Путиннинг жаҳлини чиқармасликка ва эҳтиёткорликка кўра иш тутишмоқда. Бундан ташқари Европадаги ультра ўнгларнинг аксарияти Путинга хайрихоҳ ҳисобланади. Улар АҚШ ва Европа Иттифоқи муносабатларининг пасайиш тарафдори. Улар Путинни ўзига иттифоқдош деб билишади. Сиёсатшунослар уларни Путиннинг яширин ёки ошкора «агентлари» деб аташади.

Европа Иттифоқидаги кейинги пайтда пайдо бўлган муаммо бу – энергетика етишмаслигига бўлган инқироз. Натижада Европадаги демократиялар жамоатчиликнинг фикрига қулоқ тутишади. Ғарб давлатларида жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш имкони мавжуд. Биламизки, 10-15 йил ичида Путин ғарб давлатлари фикрини манипуляция қила оладиган оммавий ахборот воситаларини шакллантирди. Биргина «Russian today»нинг ўзида 10 дан ортиқ тилдаги сервислар мавжуд. Ўша сервислар мазкур давлатларни эрта-ю кеч Россия манфаатларидан келиб чиқиб маълумот билан таъминлаб туради. Бу ижтимоий тафаккурга қумга сепилган сувдек сингиб кетади.

Бугунги кунда Россиянинг пропагандаси фақат Марказий Осиёнинг муаммоси эмас, бу Коллектив ғарбнинг ҳам муаммоси дейиш мумкин. Буларнинг барчаси ғарбдаги парокандаликка сабаб бўлди.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид