Фан-техника | 18:49 / 08.10.2022
58870
6 дақиқада ўқилади

WhatsApp ҳакерлар учун кузатув воситасими? «Электрон шифокор» ва робот «боғбон» — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

WhatsApp ҳакерлар учун кузатув воситасими?

Фото: Getty Images

Telegram асосчиси Павел Дуровнинг таъкидлашича, WhatsApp мессенжеридаги хавфсизлик муаммоси туфайли ҳакерлар фойдаланувчи телефонидаги шахсий маълумотларига тўлиқ кириши мумкин.

«Ҳакерлар смартфондаги маълумотларга эга бўлиш учун, телефонга «зарарли» видео юбориши ёки WhatsApp орқали ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига видеоқўнғироқ қилишлари керак бўлади. Mессенжер хавфсизлик тизимидаги муаммолар 2017, 2018, 2019 ва 2020 йилларда ҳам кузатилган, 2016 йилгача эса WhatsApp’да маълумотларни шифрлаш умуман бўлмаган», деди у.

Дуров WhatsApp’нинг янгиланган сўнгги версияси ҳам тўлиқ хавфсиз эмаслигига ишора қилиб, 2020 йилда миллиардер Жефф Безоснинг смартфонига мессенжер орқали қилинган ҳакерлик ҳужумларини эслатиб ўтди. 

Европа Иттифоқи учун ягона стандарт

Фото: Depositphotos

Европа парламенти 2024 йилгача барча мобиль телефон, планшет, камералар учун ягона қувватлаш порти жорий этиш учун овоз берди.

Қайд этилишича, Android қурилмалари томонидан ишлатиладиган USB Тype–C ЕИ стандартига айлантирилади.

Европалик мижозларга йирик электроника етказиб берувчилар орасида Apple энг оғир зарбага дучор бўлиши кутилмоқда. Компания илгари ҳам бу таклиф инновацияларга зарар етказиши ва исрофгарчилик келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантириш билан чиққанди.

CCS Insight бош таҳлилчиси Бен Вуднинг таъкидлашича, мазкур қарор 2023 йил чиқадиган iPhone 15 смартфони USB-C портига эга бўлишини муқаррар қилиб қўйди.

Аввалроқ, Apple келажакдаги iPhone моделларини USB-C тирқиш билан жиҳозлашни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Европа парламентида ягона қувватлагичга ўтиш ҳақидаги қарор 602 киши томонидан қўллаб-қувватланган ва атиги 13 киши қарши овоз берган.

Еврокомиссия ҳисоб-китобига кўра, бу истеъмолчиларга йилига 250 миллион евро тежаш имконини беради.

Toyota’нинг Россиядаги заводи Қозоғистонга кўчиши мумкин

Фото: Toyota

Қозоғистондаги автомобил ишлаб чиқарувчилар мамлакатда Toyota компаниясининг йиғув заводини очиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазири Каирбек Ускенбаев маълум қилди.

Маълумот учун, 23 сентябрдан Toyota корпорацияси Санкт-Петербургдаги заводида автомобил ишлаб чиқаришни тўхтатганини расман эълон қилганди. Бундан ташқари, Mazda компанияси ҳам Россияда автомобил ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган.

«Электрон шифокор»

Фото: WHO

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қатар давлатида бўлиб ўтган халқаро саммитда сунъий интеллект асосида ишловчи кўп функцияли тиббий платформа тақдимотини ўтказди.

«Florans 2.0» деб номланган ушбу инновацион тизим электрон шифокор вазифасини ўтаб, одамларга стрессдан чиқиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, тамаки ва электрон сигарета чекишни ташлаш, COVID-19’га қарши кураш ва вакциналардан самарали фойдаланиш каби масалалар юзасидан етти тилда тиббий маслаҳатлар бера олади.

Халқаро мутахассислар фикрича, келгусида бу каби электрон платформаларнинг янада такомиллашган версиялари ишлаб чиқилиши ва улардан электрон тиббиётда кенг фойдаланилиши кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Робот «боғбон»

Фото: east-fruit.com

Agro Food Robotics’нинг Next Fruit 4.0 лойиҳаси амалга оширилиши туфайли боғбонлар бир вақтнинг ўзида ҳам йиғим-терим, ҳам бегона ўтларни тозалаш ва ҳам кўчатларни буташга қодир роботга эга бўлишлари мумкин. Бир вақтда бир нечта операцияларни бажариш учун новдаларни ушлаш ва уларни кесишга мосланган қайчи ишлаб чиқилган. Компьютерлаштирилган кўриш технологияси ёрдамида робот керакли мева ва шохларни танлаш учун видеокамера тасвирларини таҳлил қилади.  

Йиғим-терим маҳали робот мустақил равишда пишган меваларни топиш, уларни шохлардан олиш ва идишларга солиш имкониятига эга.

Fruit 4.0 лойиҳасини амалга ошириш 2024 йилга қадар якунланиши керак. Бу вақтга бориб ишланма муаллифлари меваларни уза оладиган ва дарахт буташни уддалайдиган кўп функцияли «қўл» яратиш муаммосини ҳал этишга муваффақ бўлиши кутилмоқда.

Twitter’даги янги функция

Фото: Getty Images

Twitter Android вa iOS’да матн, фотосуратлар, видеолар ва GIF’ларни битта твитда бирлаштириш имконини берувчи янги функцияни тақдим этди.

«Ушбу функция бутун дунё бўйлаб Android вa iOS телефонлари учун амал қилади ва аралаш медиа твитларини кўриш имконияти пайдо бўлади», — дейилади компания хабарида.

Аввалроқ, Twitter Канада, Австралия ва Янги Зеландиядаги Blue обуначиларига ўз твитларини таҳрирлаш имкониятини беришни бошлагани ва твитларга cтатус нишонларини бириктириш имкониятини синаб кўраётгани хабар қилинганди. 

Xiaomi'нинг  200 мегапикселли смартфони

Фото: gizmochina.com

Xiaomi компанияси 12T ва 12T Pro смартфонлари тақдимотини ўтказди.

Ҳар икки қурилма 6,67 дюймли OLED-дисплейлар билан жиҳозланган, шунингдек, экраности бармоқ излари сканерига эга.

Xiaomi 12T 108 мегапикселли асосий камера, 8 мегапикселли кенг бурчакли модул ҳамда 2 мегапикселли макрокамера билан жиҳозланган. Ўз навбатида, 12T Pro’нинг асосий камераси 200 мегапикселга тенг. Смартфонларнинг олд камераси 20 мегапикселни ташкил этади.

Xiaomi 12T’га MediaTek Dimensity 8100 Ultra, Xiaomi 12T Pro’га эса Snapdragon 8 Plus Gen1 процессори ўрнатилган. Қурилмаларнинг аккумулятор сиғими 5000 мАс. 

Моделлар Android 12 операцион тизимида, MIUI 13 қобиғида ишлайди.

Xiaomi 12T’нинг 8/128 ГБ хотирали модели нархи 600 евродан бошланади. Худди шундай хотирага эга Xiaomi 12T Pro нархи 750 долларга тенг.

Мавзуга оид