Ўзбекистон | 20:23 / 08.10.2022
15429
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон дарёсида заҳарланган балиқлар воқеаси: “Навоийазот” АЖ мансабдорларига жиноий иш очилди

“Навоийазот” корхонасидан дарёга ифлосланган сув оқизилиши оқибатида 4 204 дона балиқ нобуд бўлган. Бу каби экологик инқироз 2021 йилда ҳам содир бўлганди.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг 4-5 сентябр кунлари Зарафшон дарёсида балиқларнинг нобуд бўлиши билан боғлиқ ҳолат содир бўлганди. Навоий вилояти прокуратурасининг Kun.uz’га хабар беришича, ҳолатга “Навоийазот” АЖга қарашли 1-ташланмаси (267-сонли қудуқ) орқали дарёга меъёридан ортиқ даражада ифлосланган сув оқизилгани сабаб бўлган. Бунинг оқибатида 2 млрд 613,5 млн сўмлик жами 4 204 дона балиқ қирилиб кетган.

Ҳолат юзасидан жорий йилнинг 8 октябр куни Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан “Навоийазот” АЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 196-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Таъкидланишича, Навоий вилояти прокуратураси тергов жараёнини назоратга олган.  

Бу каби экологик инқироз 2021 йилнинг октябр ойида ҳам содир бўлган ва жиноий иш очилганди. Ўшанда табиатга етказилган зарар миқдорининг ўзи 4 млрд 800 млн сўмдан кўпроқ экани аниқланган. Аммо Kun.uz мавзуга қайтиб, иш якуни билан қизиққанида у ҳамон терговда эканлиги маълум бўлди. Kun.uz суриштирувидан кўп ўтмай эса ваҳшийлик яна такрорланди – дарёда минглаб балиқлар нобуд бўлди.

Мавзуга оид