Ўзбекистон | 17:18 / 11.10.2022
19094
2 дақиқада ўқилади

Манба: Экология қўмитаси раисининг икки ўринбосари ишдан олинди

Давлат Экология қўмитаси раиси ўринбосарлари Умарбек Халилов ва Исломбек Боқижонов ишдан олингани айтилмоқда.

Коллаж: Нурота тумани ҳокимлиги / Kun.uz

“Бугун президент маслаҳатчиси ўринбосари раислигида йиғилиш ўтказилган. Унда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов ва ўринбосар Исломбек Боқижонов ҳам қатнашиши керак эди. Ишдан олиш масаласи айни шу йиғилишда қилинган қарор, назаримда.

Бугун ўзи Умарбек аканинг (Халилов) туғилган куни эди. Жамоа бўлиб табриклаш учун у кишини йиғилишдан келишини кутиб тургандик. Аммо Умарбек ака йиғилишдан қайтди-ю, жамоага ишдан олингани ҳақида маълум қилди.

Ҳозир ҳам давлат раҳбари иштирокида селектор бўляпти. Менимча, икки ўзгариш ҳақида селекторда расман эълон қилинса керак”, – деди вазиятдан хабардор манба.

Қўмитанинг яна бир ходими фикрига кўра, ўринбосарларнинг ишдан олиниши сўнгги вақтларда жамоатчиликнинг экологик муаммолар борасидаги ошиб бораётган норозиликлари натижаси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Умарбек Халилов 2022 йил 25 январ куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. У муқаддам Навоий вилояти Нурота тумани ҳокими вазифасида ишлаган.

Исломбек Боқижонов эса 2020 йил 17 апрелдан буён қўмита раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид