Жаҳон | 12:22 / 12.10.2022
5814
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконг АҚШнинг Мордашов яхтасини хатловга олиш ҳақидаги чақириғини рад этди

Ҳонгконг расмийлари фақат БМТ санкцияларини қўллашини маълум қилди. Украинадаги уруш учун Россияга қарши Ғарб жазоларини Ҳонгконг раҳбари «қонуний асосларга эга бўлмаган» деб атади.

Фото: Reuters

Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли 11 октябр, сешанба куни АҚШ, Европа иттифоқи ва Буюк Британия томонидан Россиянинг Украинага тажовузкорлиги муносабати билан санкцияга учраган олигарх Алексей Мордашовга тегишли деб ҳисобланган Nord суперяхтасини хатловга олиш ҳақидаги АҚШ чақириғини рад этди. Яхта Ҳонгконг портига 5 октябрь куни етиб келган.

Жон Ли журналистларга айтишича, Ҳонгконг «фақат БМТ санкцияларини қўллайди, бу бизнинг тизимимиз, қонун устуворлигимиз». Ҳонгконг расмийлари, шунингдек, алоҳида ҳукуматлар томонидан бир томонлама жорий қилинган санкцияларни қўлламаслигини маълум қилди. «Биз қонуний асослар бўлмагунча ҳеч нарса қила олмаймиз», деди Ли.

Бир кун олдин АҚШ Давлат департаменти вакили Ҳонгконгнинг халқаро молия маркази сифатидаги мақоми ёмонлашиши ва ишбилармонлик муҳити шаффофлиги шубҳа остига қўйилиши мумкинлигини айтди. Бу, агар унинг расмийлари бир нечта юрисдикцияларда санкциялар остида бўлган шахсларга Ҳонгконгдан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишга рухсат берса, амалга ошиши мумкин. 2020 йилда АҚШ Ҳонгконгда демократия учун ташкил этилган норозилик намойишларини бостиргани учун бир қатор хитойлик амалдорларга, жумладан Жон Лига ҳам санкциялар киритди.

Мордашов Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада деб ҳисобланади. Тадбиркор «Северстал» металлургия концернининг асосий акциядорларидан бири бўлиб, унинг бойлиги 18 миллиард долларга баҳоланмоқда. Nord яхтаси узунлиги 141,6 метр, 20 та кабина, сузиш ҳавзаси ва иккита вертолёт майдончасига эга. Кеманинг нархи 516 миллион еврога баҳоланмоқда.

Бу йил АҚШ ва Европа давлатлари Россия олигархларининг Украинадаги уруш туфайли санкцияга учраган ўндан ортиқ суперяхталарини хатловга олди, бироқ уларнинг баъзилари кемаларни Туркия ёки Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларга олиб кетишга муваффақ бўлди, у ерда ғарб санкциялари таҳдид солмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид