Жаҳон | 14:39 / 12.10.2022
7152
2 дақиқада ўқилади

Мьянмада собиқ бош вазир Су Чжига яна 3 йил қамоқ жазоси берилди

Аун Сан Су Чжи ҳарбий суд томонидан икки коррупция ишида айбдор деб топилган. Жами бўлиб, ағдарилган ҳукумат раҳбари 26 йил панжара ортида қолиши керак бўлади.

Фото: Reuters

Мянма ҳарбий хунтаси собиқ бош вазир Аун Сан Су Чжини яна уч йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳарбий суд 77 ёшли сиёсатчини иккита коррупция иши бўйича айбдор деб топди, ҳар бир иш бўйича Су Чжига уч йил берилган, аммо у бу муддатларни бир вақтнинг ўзида ўтайди, шунинг учун у олти эмас, балки уч йил панжара ортида қолади, деб хабар берди 12 октябр, чоршанба куни ахборот агентликлари вазиятдан хабардор манбага таяниб.

Маълумотларга кўра, Су Чжи тадбиркорлардан биридан 550 минг доллар пора олганликда айбдор деб топилган. 

2021 йил февралидаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг Аун Сан Су Чжи бир неча бор турли айбловлар билан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Собиқ бош вазир тарафдорлари Су Чжига қарши барча суд жараёнларини сиёсий сабабларга кўра, деб ҳисоблайди. У аллақачон рацияларни ноқонуний олиб кириш, коронавирусга қарши чекловларни бузиш ва коррупцияда айбдор деб топилган. 

Умуман олганда, Аун Сан Су Чжи энди 26 йил қамоқда ўтиши керак бўлади. Манбага кўра, Мянма собиқ бош вазирининг соғлиги яхши ва навбатдаги ҳукм устидан шикоят қилади. 

Мянма ҳарбий хунтаси диссидентларни шафқатсизларча репрессия қилмоқда. Давлат тўнтаришидан сўнг дастлаб Су Чжи уй қамоғига олинганжи. Июнь ойида у Мянма пойтахти Нейпидодаги қамоқхонага кўчирилди. Су Чжининг ташқи дунё билан алоқалари жуда чекланган. Собиқ бош вазирнинг кўплаб тарафдорлари ҳам ҳибсда. Июль ойида Мянмада Аун Сан Су Чжи партиясининг собиқ депутати қатл этилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид