Ўзбекистон | 15:35 / 12.10.2022
2311
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат хизматлари учун кадрлар тайёрлашда Жорж Буш мактаби билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов академик алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар доирасида Техас A&M (Texas A&M) университети ҳузуридаги Жорж Буш номидаги Ҳукумат ва давлат хизмати мактаби катта декани Френк Эшли билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан академик алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро делегациялар алмашувини ташкил этиш орқали давлат хизматчиларини тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш жараёнига Америка томонини жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Френк Эшли мамлакатнинг замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш бўйича жаҳондаги илғор тажрибани жорий этишга интилиши узоқ муддатли ва барқарор ривожланишга сезиларли ва ижобий таъсир кўрсатишини айтди. Америка томони фуқаролар билан алоқа ўрнатиш замонавий усулларини жорий этиш, давлат органлари томонидан аҳолини хабардор қилиш илғор технологияларидан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Жорж Буш мактаби раҳбарияти Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва кафедралари билан ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича икки даражали таълим тизимини жорий этиш, Ўзбекистон давлат хизмати вакиллари учун АҚШда қисқа муддатли, ўрта муддатли ва магистратура таълими дастурларини ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди. Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар тажриба алмашиш учун республикага ташрифини ташкил этиш, давлат бошқаруви энг янги услублари асосида қўшма дастур ва курслар ишлаб чиқиш имкониятлари қайд этилди.

Буш мактаби 1997 йилда АҚШнинг 41-президенти Жорж Бушнинг «давлат хизмати - олийжаноб даъват» тамойилига мувофиқ ташкил этилган. Ушбу таълим муассасаси бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги энг яхши университетлардан бири ҳисобланади. Буш мактабида Барак Обама, Пан Ги Мун, Арнольд Шварценеггер, Кондолиза Райс, Дик Чейни каби машҳур етакчи ва арбоблар маъруза қилишади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид