Эрини ўлдириб хорижга қочган, 19 йил қидирувда бўлган аёлга ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида эрига пичоқ уриб ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. 2003 йили турмуш ўртоғининг умрига зомин бўлган аёл қўшни давлатга қочиб кетади. Жорий йилнинг 11 июл куни Қозоғистон полицияси билан ҳамкорликда ўтказилган операцияда Чимкентда қўлга олинган аёл 19 йил давомида қидирувда бўлган.
Маълум бўлишича, 1962 йилда туғилган судланувчи Тошкент вилоятининг Қибрай туманида рўйхатдан ўтган. Аёл ва унинг 1949 йилда туғилган турмуш ўртоғи ўртасида жанжал келиб чиқади. Судланувчи 2003 йил 2 апрель куни соат 08:30 ларда Юнусобод туманидаги ўзи вақтинча яшаётган хонадонда турмуш ўртоғининг чап кўкрак қисмига пичоқ санчиб олган ҳамда воқеа жойидан яширинган. Эркак олган жароҳати ва қон йўқотиш натижасида воқеа жойида вафот этган.
Рўй берган ҳодиса бўйича 2003 йилда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноятчи ўтган давр мобайнида тергов органларидан яшириниб юргани учун жазо муқаррарлигини таъминлашнинг имкони бўлмаган.
Шу йилнинг 11 июнь куни Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан Қозоғистон полицияси билан биргаликда аёлни қўлга олиш бўйича махсус тадбир ташкил этилади. Натижада ўта оғир жиноят содир этгани учун 19 йилдан бери қидирувда бўлган аёл Чимкентда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.
13 октябр куни Тошкент шаҳар ЖИБ Юнусобод судида судланувчига суд ҳукми ўқилди. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими “чап кўкрак соҳаси санчиб кесилган яраси юрак жароҳатланиши билан ўткир ташқи ва ички қон кетишидан юзага келганлиги” аниқланган. Судланувчи суд мажлисида эълон қилинган айбловга қисман иқрор бўлди.
“Эрталаб эрим кўчадан маст ҳолатда уйга кириб келди. Ухлаб ётган хонамга кириб, ҳеч қандай сабабсиз ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлаб, бир неча марта дуч келган тана аъзоларимга тепиб, уриб-дўппослади. Ичишига, яъни “бош оғриғи”га ароқ топиб беришимни айтиб, ошхонага судраб олиб чиқди.
Қизим отасини тинчлантириш мақсадида ўртадан кетмасдан тик ҳолатда турганди. Бу ҳолатни кўриб, эрим жуда маст ҳолатда қизимни ва мени ўлдириб қўймасин деган мақсадда, ўзим билмаган ҳолатда, қандайдир ҳаракатларим билан эримнинг қўлидаги пичоқни тортиб олдим. Ўзим билмаган ҳолатда пичоқни эримга санчдим. Жуда қўрқиб кетдим”, дейди у.
Суд аёлни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг 2003-2014 йиллардаги амнистия тўғрисидаги актларининг тегишли банди қўлланиб, тайинланган жазо муддатлари қисқартирилди.
Судланувчига нисбатан тайинланган жазо тўлиқ ўтаб бўлингани сабабли, унга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Жабрланувчининг қонуний вакилининг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024