Ўзбекистон | 12:49 / 13.10.2022
7785
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбийлари Британияда ўтказилган халқаро мусобақада иккинчи ўринни эгаллади

Ўзбекистон ҳарбийлари «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

4-12 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида ўтказилган разведка ва махсус бўлинмалар «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида дунёнинг 24 давлатидан 144 жамоа иштирок этди.

Мусобақадаги йўналиш 90 км масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8-10 кмда бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди.

Оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган ҳолда 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман объектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартларда ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Жамоаларга 8 та кутилмаган «тест сюрприз» топшириқлари ҳам берилди. Унга кўра, хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенцияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни адо этиш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқлар ижросига шайлик бўйича билдирув бериш жараёнлари ҳам қизғин кечди.

Мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўринни мезбон давлат – Буюк Британия жамоаси, иккинчи ўринни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Покистон жамоасига насиб қилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мазкур нуфузли мусобақанинг 2019 йилги баҳсларида 1-ўринни, 2020–2021 йилларда эса 2-ўринни эгаллаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид