Жаҳон | 16:20 / 14.10.2022
8699
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Украина ҳарбийларини тайёрлаш миссияси ташкил этилишини маъқуллади

Европа иттифоқи давлатлари Украина аскарларини тайёрлаш бўйича Европа иттифоқи миссиясини (EU Military Assistance Mission - EUMAM) ташкил этиш лойиҳасини маъқуллади. Тегишли қарор жума куни Европа иттифоқига аъзо 27 давлатнинг Брюсселдаги доимий вакиллари томонидан бир овоздан қабул қилинди. 

Фото: AP

Режаларга кўра, миссия икки йил давомида ишлайди, 15 минг украиналик аскар ўқитилади. Бунинг учун Германия ва Полшада ўқув марказлари ташкил этилади. 

Европа иттифоқи дипломатлари маълумотига кўра, яқин ойларда Украина армиясининг 5 минг нафаргача аскари Германияда машғулотларни бошлайди. 

Шу пайтгача Украина ҳарбийларини Европа иттифоқи мамлакатларида тайёрлаш икки томонлама асосда ташкил этилган. Хусусан, Бундесвер уларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия қурилмаларидан фойдаланишга ўргатяпти.

Август ойида ЕИ даражасида миссия яратишни Европа иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел таклиф қилган эди. У Европа тинчлик фонди (EFF) ҳисобидан молиялаштирилади.

Яқин келажакда Украина олдиндан режалаштирилганидан ташқари қўшимча MARS II ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ) ва Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия мосламаларини олади. 

Германия Мудофаа вазирлигининг Twitter'да хабар беришича, «яқин бир неча ҳафта ичида янада кўпроқ PzH 2000 ва MARS II Украинага топширилади». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид