ССВ: Спортни саломатликка зиён етказувчи воситага айлантирмаслик керак
Сўнгги пайтларда шифохоналарга инфаркт, инсульт, томирларда тромблар ҳосил бўлиши каби хавфли хасталиклар билан мурожаат қилаётган ёки оғир аҳволда олиб келинаётган фуқаролар орасида ёш, жисмонан бақувват, тоғни урса талқон қиладиган қадди-қоматга эга беморлар ҳам учраяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, ушбу беморлар тана мушаклари массаси ва қувватини ошириш мақсадида бодибилдинг, культуризм, фитнес каби спорт турлари билан шуғулланиш давомида кукун, таблетка ва инъекция шаклидаги турли биологик фаол, хусусан, протеинли қўшимчалардан мунтазам фойдаланиб келган.
Ҳатто улар орасида ҳафтасига бир-икки маротаба турли кўринишдаги препаратларни тизимли равишда қўллаганлар ҳам учраб туради. Оқибатда қондаги гемоглобин, эритроцит, тромбоцитлар миқдори ўзгариб, қон қуюқлашиши юзага келган. Сўнгра томирларда тромблар ҳосил бўлиши ҳисобига юқоридаги сингари хавфли асоратлар пайдо бўлган.
Таҳлилларга кўра, фойдаланилаётган бу сингари стероид препаратлар ва анаболик комплексларнинг аксарияти тегишли давлат рўйхатидан ўтмаган ва тиббиёт ходимлари назоратисиз қабул қилинган.
— Ёшларимиз спорт билан шуғулланаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Аммо уни соғлик учун зиён етказадиган машғулотга айлантириб қўймаслигимиз керак. Афсуски, бугун айрим ёшларимиз билак ва мушакларим яна ҳам бақувват, қоматим келишган бўлсин, деб, мутахассислар билан маслаҳатлашмай, палапартиш, назоратсиз турли зарарли воситалар, оқсил ва гормонларни қабул қилаётгани жуда ачинарли. Бу соғлом турмуш тарзига мутлақо тўғри келмайди. Шундай экан, ёшлар, ота-оналар ва жамият фаоллари, соғлом турмуш тарғиботчилари, тиббиёт ходимларини бу борада янада ҳушёр ва эътиборли бўлишга чақирамиз, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев.
Унга кўра, бақувват билак ва мушаклар, чиройли қомат учун соғлом ва ўктам йигитларнинг ўз ҳаётини хавф остида қолдиришига ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги шарт.
“Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғини ходимлари, оилавий шифокор ва ҳамшираларнинг тарғибот ва профилактика дастурларидан ана шу масалалар янада қатъий ўрин олиши чораларини кўрамиз. Қолаверса, тегишли давлат рўйхатидан ўтмай реализация қилинаётган юқоридаги сингари препаратлар савдоси тегишли давлат органлари томонидан қатъий назорат остига олиниши ва даволаш стандартида кўзда тутилмаган дори-дармонларнинг ишлатилишига чек қўйиш зарур, деб ҳисоблайман”, дейди вазир.
Мавзуга оид
08:10 / 22.11.2024
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024