Фан-техника | 22:58 / 15.10.2022
62666
5 дақиқада ўқилади

Тype–C’га ўтаётган Apple, Лордлар палатасида сўзга чиққан робот ва бир ўриндиқли электромобил — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Apple ҳам USB Тype–C’га ўтади

Фото: Josh Edelson /Getty Images

Apple компанияси Европа Иттифоқи талаб қилганидек, USB-C улагичига ўтиш учун Lightning’дан 2023 йилдаёқ воз кечади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

«Apple ўзининг энг машҳур гаджетлари учун янги улагичга ўтиш муддатини тезлаштирди. Масалан, iPhone 15 келаси йил куздаёқ USB-C улагичи билан ишлаб чиқарилади. Бу белгиланган санадан бир йил олдинроқдир», дейилади хабарда.

Lightning улагичи фақат Apple компаниясига хос бўлиб, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг гаджетларига ўрнатилмаган. Шунингдек, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг қувватлантирувчи қурилмаларидан ҳам Apple компанияси гаджетларида фойдаланиш имконсиз. USB-C универсал улагичига ўтиш бундай ноқулайликка барҳам берилишини назарда тутади. 

Аввалроқ, Европа Иттифоқида 2024 йилгача барча мобиль телефон, планшет, камералар учун ягона қувватлаш порти жорий этилиши маълум қилинганди.

Бир ўриндиқли электромобил

Фото: Renault

Renault Group компанияси Mobilize савдо белгиси остида бир ўриндиқли Solo Concept прототипини тақдим қилди, у тижорат мақсадлари ва каршеринг учун мўлжалланган.

Уч ғилдиракли электромобил Renault компаниясининг Ҳиндистон бўлими томонидан ишлаб чиқилган, ҳайдовчи уни ярим ўтирган ҳолатда жойстик ёрдамида бошқаради.

Салонга чап томондаги эшик орқали кирилади. Электромобил хавфсизлик ёстиқчаси билан жиҳозланган ва тезлиги 25 км/с билан чегараланган, бу эса дубулға киймаган ҳолда хавфсиз ҳаракатланишга имкон беради. Шунингдек, уни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам шартмас.

Solo Concept электромобили анъанавий тарзда сим орқали, шунингдек, симсиз қувватланиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, электромобил батареясини ечиб олиш ва зарядлаш учун олиб кетиш ҳам кўзда тутилган.

Вирусларни «сўрувчи» чангютгич

Фото: Dyson

Dyson компанияси Gen5detect чангютгичини тақдим қилди. Ишлаб чиқарувчи баёнотига кўра, у микрозарралар ва COVID-19 каби вируслар молекулаларини сўриб олиш хусусиятига эга бўлган дунёдаги биринчи маиший техника ҳисобланади.

Бу хусусиятга чангютгич ноёб дизайни ва 0,1 микронгача бўлган заррачаларни ушлаб қолиш хусусиятига эга HEPA-филтр ўрнатилган герметик резервуари туфайли эришилган. Двигателнинг ўзига хос жойлашуви чиқинди бўлимига кирган ҳаво тўлиқ тозаланганидан сўнг ташқарига чиқариб юборилишини таъминлайди.

Gen5detect дақиқасига 135 минг марта айланадиган двигателга эга. Унинг аккумулятори 70 дақиқа давомида узлуксиз ишлаши мумкин. Чиқинди идишининг ҳажми 0,77 литр, чангютгичнинг оғирлиги эса 3,5 кг.

Янги чангютгич қачон сотувга чиқиши ва унинг нархи қанча бўлиши ҳақида хабар берилмаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги битим ишлаб чиқади. Бу борадаги келишувга бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Мусо Жаманбаев ўртасидаги учрашувда эришилган.

42 000 долларлик спорт электромобили

Фото: China Car Custom

Xiaomi компаниясига алоқадор бўлган China Car Custom стартапи Ferrari’га ўхшаб кетадиган  спорт электромобилини намойиш этди.

SC01(Sport Car 01) деб аталувчи ушбу автомобилнинг вазни 1,3 тонна бўлиб, нархи 42 000 долларни ташкил этади.

Умумий қуввати 435 от кучига эга иккита электр мотор ўрнатилган SC01 100 км/с тезликка чиқиш учун атиги 3,9 сония сарфлайди. Автомобилни бир марта тўлиқ қувватлаш орқали 500 кмгача юриш мумкин.

SC01’ни етказиб бериш 2023 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиши кўзда тутилган.

Робот Лордлар палатасида нутқ сўзлади

Буюк Британия Лордлар палатасида робот нутқ сўзлади. Аi-Da деб номланувчи ва Оксфордда Аидан Моеллер томонидан яратилган технология санъат, дизайн, мода ва мусиқа саноати келажаги бўйича Алоқа ва рақамли технологиялар қўмитаси олдида ҳисобот берди. Қонунчилар роботга турли мазмундаги олдиндан тайёрланган саволларни беришган. 

Мавзуга оид