Ўзбекистон | 13:53 / 15.10.2022
33315
3 дақиқада ўқилади

ЙТҲ оқибатида беш киши вафот этди: тунги чироқлар эса бир кун ўтиб ёнди

2022 йил 13 октябр куни М-37А Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши айланма автомобил йўлининг Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди ва оқибатда беш киши вафот этди. Фожиадан бир кун ўтиб эса огоҳлантириш белгилари қўйилди, тунги чироқлар ёритилди.

Самарқанд вилояти ИИБ берган маълумотга кўра, 30 ёшли фуқаро Ж.Муротов Lacetti бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишларини ажратиб турган металл тўсиққа бориб урилган. Натижада, ҳайдовчининг ўзи ҳамда тўрт нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган.

Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.

 

Биз ижтимоий тармоқларда кўрган видеотасвирларда йўлни иккига ажратиб турувчи темир тўсиқ машинанинг ўртасидан тешиб ўтганига гувоҳ бўлдик. Воқеа жойида бўлганимизда, темир тўсиқ қурилиши давом этаётгани ва негадир қарийб 700-800 метр жой ташлаб кетилгани эътиборимизни тортди. Бу ҳолат табиийки, ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчига йўлнинг қолган қисмида ҳам темир тўсиқлар йўқ, деган тахминни берган. Шу сабабли у йўлнинг ўртароқ қисмида ҳаракатланган. Қолаверса, катта эҳтимол билан ўша куни кўча ёритилмагани сабабли ушбу фожиа содир бўлган.

ИИБ ахборот хизмати таъкидлаганидек, ҳайдовчининг тезлиги юқорилиги ҳам воқеанинг нохуш ҳолатда якун топишига сабаб бўлган.

Ушбу йўналишда темир тўсиқлар ўрнатилганига, йўл таъмирланганига ҳали унча кўп вақт бўлмади. Шу сабабли йўл белгилари ҳали тўлиқ ўрнатилган эмас. Автомобилларнинг йўлда қайрилиб олиши ёки тезлик ва тақиқлар билан боғлиқ белгиларга кўзингиз тушмайди.

14 октябр куни соат 18.00 да ушбу йўналишда тунги чироқлар ёнди. Гувоҳларнинг айтишича, фожиа содир бўлган кунда тунги чироқлар ишламаган. Самарқанд вилояти ИИБ томонидан тайёрланган лавҳада ҳам бунинг тасдиғини кўришимиз мумкин.

 

Бундан ташқари, фожиа содир бўлганидан бир кун ўтиб йўлда ҳали қурилиш давом этаётгани ёки хавфни олдиндан билиш имконини берувчи тўсиқлар қўйилганига гувоҳ бўлдик. Катта эҳтимол билан темир тўсиқ ўрнатилмаган 800 метр масофада йўлни иккига айириб турувчи оқ чизиқ ҳам фожиадан кейин чизилган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг 15 август куни Муборак тумани ҳудудидан ўтган йўлда содир бўлган ЙТҲда ҳам саккиз киши ҳалок бўлганди. Йўлнинг ўйдим-чуқур қисми эса бир кун ўтиб таъмирлаб қўйилганди.

Мавзуга оид