Сеҳрли трамвайлар меҳр истайди: нега бу жамоат транспорти шаҳарлар учун энг зўри?
Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз трамвай бир пайтлар пойтахтимиз Тошкентда йўловчиларнинг узоғини яқин қилган муҳим жамоат транспорти эди. Узоқни ўйламасдан ташланган қадамлар ортидан пойтахт трамвайларидан айрилди. Уни қайта тиклаш борасида, афсуски, фаол ҳаракатлар кузатилмаяпти.
Самарқанд шаҳрига кўчирилган трамвай эса шаҳарнинг муҳим транспорт тармоғига айланиб бормоқда. 2030 йилгача Самарқандда яна иккита муҳим трамвай йўналиши ишга туширилиши мўлжалланган.
Twitter’да маданий маълумотлар улашувчи The Cultural Tutor аккаунти трамвайлар ҳақида қизиқарли маълумотлар кетма-кетлигини эълон қилди. Унда Замонавий шаҳар учун трамвай жамоат транспорти сифатида нега муҳимлиги мисоллар билан тушунтирилган.
Трамвай нима ўзи?
Ҳа, у поезд ҳам эмас, автобус ҳам. Сизга трамвайда одам ташувчи ҳар икки транспортнинг муаммолари жамлангандек, унда автобус ё поезднинг устунликларидан ҳеч нарса йўқдек туюлиши мумкин.
Бироқ аслида, трамвай ҳар икки транспорт оламининг энг яхши омихтаси: шаҳар жамоат транспортининг идеал туридир.
Ҳам ер устида, ҳам ер остида ҳаракатланувчи поездлар (метро) ва автобуслар, албатта, ўз ўрнига эга.
Поездлар узоқ масофаларга қатнаш учун жуда қулай, лекин айрим ўринларда автобус йўналишларига хос эгилувчанлик ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ трамвайлар шаҳарлар ва шаҳар марказларида қисқа масофаларга қатнаш учун жуда қулай.
Қаранг, трамвайлар автомобилларга қараганда самаралироқ бўлибгина қолмасдан, автобус ва бошқа «арзонроқ» жамоат транспортига нисбатан кўпроқ йўловчиларни таший олади.
Кўчаларда транспорт воситалари сони қисқартирилиши катта афзалликларга эга.
Албатта, бу энг аввало атроф-муҳит учун фойдали — тоза ҳаво кўпаяди. Қолаверса, бу шаҳар муҳити учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки атрофда машиналар камайса, пиёдалар, велосипедчилар, боғлар, қаҳвахоналар яна бошқа нарсалар учун кўпроқ жой қолади.
Бундан ташқари, автомобилларга эҳтиёж пасайтирилиши сизга шаҳарларни режалаштириш ва лойиҳалаш имконини беради. Бу ҳолда автомобилларга устуворлик бериб, машиналар учун кенг кўчалар, катта-катта парковкалар ва ҳоказолар яратиш эҳтиёжи ўз-ўзидан йўқолади.
Трамвайлар эса ҳар қандай арзон жамоатчилик транспортидан кўра автомобилларни йўллардан яхшироқ сиқиб чиқаради.
Шунингдек, энергетика, экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ далиллар ҳам бор.
Трамвайлардан автобусларга нисбатан узоқроқ муддат фойдаланиш мумкин, шу сабабли улар камроқ алмаштирилади. Темир изларда юрар экан, улар энергияни самаралироқ сарфлайди, чунки электр энергияси билан юради ва кўпроқ йўловчи ташийди.
Трамвайларнинг яна бир фойдали (ва жуда муҳим) сифати — уларни вазият ва эҳтиёжга қараб узайтириш ва қисқартириш мумкин.
Яъни муайян йўналиш нечоғлик талабгирлигига қараб, трамвайларга вагон қўшса ёки айирса бўлади. Шу усул билан йўналишда доимо керакли миқдорда йўловчи ўрни таъминланади.
Трамвайларни шаҳар транспорт тармоғига кўпрок инновацион тарзда интеграция қилиш мумкин.
Улар учун (автобуслар учун ҳам, аслида) ажратилган йўлаклар қуриш мумкин. Улардан поездлар сингари бошқа транспорт воситалари бора олмайдиган йўналишларда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, светофорларни дастурлаштириб, уларга ҳаракатланиш устунлигини ҳам бериш мумкин.
Хуллас, йўловчи оқимининг катта қисмини ўзига олиб, ўзгартирса бўладиган сиғим, қотирилган релслар ва йўналишлар, катта тезлик ва тирбандликларни осон енгиб ўтиш қобилиятлари билан трамвайлар пировард натижада автобусларга нисбатан ишончлироқ экани маълум бўлмоқда.
Трамвай ҳар қандай фаслда қийналмай ҳаракатлана олишини ҳам унутмайлик!
Автобусдан фарқли ўлароқ, трамвайлар пиёдалар зоналари билан бирлаштирилиши ҳам мумкин. Чунки автобуслардан фойдаланиш учун йўл қуриш керак, релслар ётқизилиши керак эмас. Бу йўлдан бошқа транспорт воситалари ҳам бемалол фойдалана олишади.
Одамларга ҳам автобуслардан кўра трамвайлар кўпроқ ёқади. Нега бунақалигини тушунтириш қийин. Эҳтимол, улар анча сокин, шовқинсиз ва бир маромда юргани учун бўлса керак. Балким, одамларга доимийлик ва барқарорлик ёқар. Нимагадир трамвай замонавий катта шаҳарларнинг ажралмас бир қисми сифатида тушунилади.
Аниқ йўллари ва узоқдан кўзга ташланиши билан трамвайлар ва уларнинг йўналишлари йўловчилар томонидан осонгина тушунилади. Уларнинг харитаси ҳам мазмундорроқ. Шаҳар меҳмонлари ва туристлар учун айниқса бу фойдали.
Бундан ташқари трамвайларнинг эстетик қиймати ҳам борки, улар биз ўйлаганимиздан ҳам муҳимроқ. Эстетик томонларини санаб ўтишдан осони йўқдек, лекин нимага шаҳар жамоат транспорти самарали ва эстетик бўлмаслиги керак?
Чиндан ҳам, агар жамоат транспорти қулай, самарали, арзон ва эстетик жиҳатдан жозибадор бўлса, бу фақат ундан кўпроқ инсонлар фойдаланишига рағбат уйғотади. Бу ўринда трамвайнинг автобусларга нисбатан атроф-муҳитга эстетик таъсирини гапирмаса ҳам бўлади.
Кўчалар бўйлаб юқорига ва қуйига шовқинли двигателлари ва заҳарли газлари билан ҳаракатланаётган автомобилларга нисбатан ёнимиздан шовқинсиз ўтиб кетадиган трамвайлар асабни камроқ кемиради.
Бундай «қарғиш»дан бир пайтлар травмайларга ташланиш учун фойдаланишган; 1950–60-йилларда трамвайларни эскилик сарқити деб аташган ва уларни замонавий автобуслар ва автомобиллар билан алмаштира бошлашган.
Қачонлардир трамвай жамоат транспортларидан бири бўлган, узоқ уйқудан сўнг (дунёнинг айрим давлатларида оммабоплигича қолаверган), улар яна ҳаётга қайтмоқда. Масалан, Францияда.
Ёки енгил релсли деб аталаётган транспорт пайдо бўлганини олайлик. Ундан кўпроқ трамвайни эскилик сарқити деб кўрсатишда фойдаланишмоқда, чунки гўёки трамвай қадимдан мавжуд ва етарли тарзда замонавий эмасдек.
Лекин енгил релсли транспортнинг ўзи кўпроқ поезд билан умумий жиҳатларга эга. Уни тезкор трамвай деб аташ тўғрироқ бўлса керак.
Шунингдек, ўзида автобусларнинг чаққонлиги ҳамда трамвайларнинг самарадорлиги ва узаювчанлигини жамлаган «релссиз трамвайлар» ҳам пайдо бўляпти. Гарчи уларнинг кўриниши бироз ғалати бўлса ҳам.
Трамвайларни жорий этиш билан боғлиқ энг катта муаммо шундан иборатки, улар шаҳар транспорт тизимига интергациялаш учун кўп вақт ва эътибор талаб қилади. Шунчаки бошқа йўналишларга буриб юбориш осон бўлган автобуслардан фарқли ўлароқ, трамвай йўлларини кўчириш осон иш эмас. Трамвай йўлларини ётқизиш ҳам, албатта, кўп вақт, куч ва маблағ талаб этади.
Лекин юқорида таъкидлаб ўтилганидек, барқарорлик трамвайларни самарадор, қулай, эстетик жиҳатдан ёқимли ва жозибадор қилувчи асосий таркибий қисм ҳисобланади.
Нимагадир қарши далил тўплашда пухта режалаштириш зарурияти борлигини пеш қилиш адолатсизлик. Трамвайга сарфланадиган катта куч ва маблағ аслида инвестициядир.
Юқоридаги битиклар трамвайларга берилган жуда қисқача баҳо эди. Ҳа, уларнинг ўзига яраша сеҳри бор. Лекин бу «сеҳр-жоду» ортида реал самарадорлик ва фойда ҳам ётади. Албатта, барча автобуслар йўқ қилиниб, ўрнига трамвайлар жойлаштирилсин демоқчи эмасмиз. Лекин трамвай тармоғи кўплаб шаҳарлар учун зарурият экани аниқ.
Мавзуга оид
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
15:35 / 21.10.2024
Вена яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Бунда жамоат транспортининг ўрни қандай?
18:10 / 19.10.2024
Ёлғиз кексаларга ва ногиронларга шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади
22:35 / 16.10.2024