Ўзбекистон | 11:19 / 17.10.2022
20919
3 дақиқада ўқилади

Фуқарони ўлдириб сўнг Жиззахда машинаси билан ёқиб юборган шахсларга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ҳукми билан Самарқанд шаҳрида яшовчи уч нафар шахс Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми ҳамда 164-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилган ва узоқ йилларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2021 йил 28 декабр куни соат 9:30 ларда Ғаллаорол тумани “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Найман қишлоғида яшовчи фуқаро шу ҳудуддаги фермер хўжалигига тегишли дала майдони четидаги зовур ичида ёниб кетган Spark машинасини кўриб қолган.

Фуқаро бу ҳақда ички ишлар органларига хабар берган. Шундан сўнг, воқеа жойига вилоят прокуратураси ва вилоят ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳ етиб борган. Машина кўздан кечирилганда унинг ичидан куйиб кетган мурда ҳам топилган. Шунингдек, машинанинг давлат рақами ҳам бўлмаган.

Машина кузовининг рақами орқали унинг эгаси текшириб кўрилганда Spark Самарқанд шаҳар Зарафшон маҳалласида яшовчи шахс экани маълум бўлган.

ИИБ ходимлари машина эгасининг уйига бориб, унинг яқинларидан кўрсатма олганда, улар йигитнинг бир кун аввал уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини билдиришган. Ўтказилган тиббий экспертизада куйиб кетган жасад машина эгасиники экани аниқланган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида, Жомбой тумани “Бешсайид” МФЙда яшовчи уч нафар шахс марҳумни гиёҳванд моддалар билан таъминлаб келгани аниқланган ва улар ушланган.

Дастлабки тергов-суриштирув давомида аниқланишича, марҳум 28 декабр куни Жомбойга борган. Гиёҳванд модда сотувчилар қарзи борлиги учун унга гиёҳванд модда беришмаган. Шундан сўнг марҳум ИИБ ходимларига бориб хабар беришини айтганда гиёҳфурушлар уни ўлдиришган ва Ғаллаоролга олиб бориб ёқиб юборишган.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2022 йил 14 июндаги ҳукми қотиллик жиноятига қўл урган 3 шахс, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и», «п» бандлари (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш — тамагирлик ниятида, бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда), 164-моддаси 3-қисми «г» банди (босқинчилик — баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этиш) ва бошқа моддалар билан айбли деб топилган.

Улардан, Акмал Абдуллаевга узил-кесил 20 йил, Яшин Вафоевга 19 йил, Элмурод Қодировга эса 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Мавзуга оид