Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нарх-наво, ижара ва меҳнат бозорига таъсир – россияликлар оқими Ўзбекистон иқтисодиёти учун нима англатади?
Иқтисодчилар Отабек Бакиров ва Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда россиялик мигрантларнинг қайси бозорларга қандай таъсир қилиши ҳақида гапирди. «Аҳоли ёки истеъмолнинг 1 фоизга ошиши нарх-навога таъсир қилмайди», – дейди Миркомил Холбоев. Отабек Бакиров эса мигрантларнинг таъсири улар Ўзбекистонда вақтинча ёки узоқ қолишига боғлиқлигини айтади.
Иқтисодчи Миркомил Холбоев мигрантларнинг таъсирини баҳолашда кириб келаётганларнинг қайси бозорларга таъсири қилиши нуқтайи назаридан қараш кераклигини таъкидлайди.
«Масалан, ижара бозорида мувозанат бузилди. Бу фақатгина ижара учун квартира излаб юрганларга эмас, балки исталган шу вақтгача ижарада турганларга ҳам таъсир қиляпти. Умуман, ҳозиргача ижарада турганлар учун ҳам уй эгалари нархларни оширяпти. Бу нарсани ижара бозорига кескин таъсир қилганини кўриш мумкин», – дейди у.

Иқтисодчи мигрантлар оқими истеъмол товарлари ёки бошқа товарлар нархига катта таъсир қилади деб ўйламаслигини таъкидларкан, ҳамон таъсирларни баҳолаш учун кириб келган россияликлар сони ҳақида аниқ маълумотлар кераклигига урғу беради.
«Агар уларни 40-50 мингта дейдиган бўлсак, яшаб турган аҳолининг бир фоизини ҳам ташкил қилмаса керак. Истеъмол ёки аҳолининг 1 фоизга ошиши нархларга унчалик катта таъсир қилмайди. Яна бир бозор – меҳнат бозори. Кириб келаётганлар юқори малакали бўлмаса (масалан, айтишник) меҳнат бозорига кириб келиш ёки меҳнат бозорида рақобат қилиши нуқтайи назаридан катта хавф йўқ деб ўйлайман».
Отабек Бакиров салбий таъсирлар қисқа шокларда юз бериши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди.

«Келаётган муҳожирларни узоқ ёки ўрта муддатли ресурс деб ҳисобласак, агар шунга шароит ёки белгилар бўлса, улар иқтисодиётимиз учун қўшимча ресурс ва имкониятлар беради. Лекин агар спекулятив, яъни Ўзбекистон ҳудуди транзит мақомда кўриладиган бўлса, қисқа муддатли шоклар орқали ҳар хил бозорлар – уй-жой, истеъмол ва меҳнат бозорига ҳам салбий таъсирларини кўрсатади. Ҳаттоки, айрим нуқталарда инфратузилмага ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин».
Иқтисодчи бундан 100 йил аввал кўплаб туркистонликлар болшевикларнинг иккинчи рус совет босқини оқибатларидан қочиш учун Афғонистонга кўчгани ҳақида гапираркан, улар Афғонистонга яшаш манзили сифатида эмас, вақтинча кўчиб бориш маскани сифатида қараганини эслатади.
«Улар имкониятга қараб, Эрон ва Туркияга кўчиб кетишган. Айни шу воқеалар рўй беряпти демаяпман, тескариси бўлиши ҳам мумкин, агар уруш тугаб ҳаммаси барқарорлашадиган бўлса, улар учинчи давлатга эмас, Россияга ҳам қайтиб кетиши мумкин.
Ютуқларимиз нималигига салбий тарафларидан кўра кўпроқ урғу берганимиз яхшироқ. Ҳа, салбий оқибатлар ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак. Аммо яхши ниятда бизнинг иқтисодиётимиз учун фойдаси тегиши мумкин бўлган қатлам деб қабул қилганимиз яхши, ҳозирча», – дейди иқтисодчи.
Тўлиқ интервьюни Kun.uz’нинг You Tube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
14:22 / 17.04.2025
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Отабек Бакиров устидан ИИББга шикоят киритди
12:17 / 17.04.2025
Тошкентда 1 ва 2 хонали уйлар ижара нархи арзонлашди
16:38 / 10.04.2025
Ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган компенсация миқдори оширилди
22:40 / 08.04.2025