Ўзбекистон | 11:14 / 17.10.2022
1653
2 дақиқада ўқилади

Европада Ўзбекистоннинг саргузашт туризми салоҳиятини тарғиб қилиш бошланади

Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси томонидан Саргузашт саёҳатлари савдо ассоциациясининг (Adventure Travel Trade Association - ATTA) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Гергана Николова билан видеоконференция шаклидаги мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг саргузашт туризми соҳасидаги салоҳиятини илгари суриш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Гергана Николованинг айтишича, АТТА 1990 йилда тузилган бўлиб, ҳозирги кунда саргузашт туризми соҳаси етакчи ташкилотларидан ҳисобланади. Ассоциация 100 дан зиёд мамлакатдан 1 минг 300 дан зиёд аъзоларни бирлаштиради. Улар орасида давлат тузилмалари билан бир қаторда туроператорлар, меҳмонхоналар, мустақил журналистлар, асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчилар, транспорт ва маслаҳат хизматлари билан шуғулланадиган компаниялар ва бошқа қатор соҳалар вакиллари бор. Аъзолик тармоғи ўз атрофида 30 минг нафар профессионални бирлаштирган.

АТТА ўз фаолиятида атроф-муҳитга зарар етказмайдиган туризмни (sustainable tourism) илгари суришга жиддий эътибор қаратади.

Бу йўналишдаги фаолиятнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, туристлар харажатлари 65 фоизгача бўлган миқдори саёҳат жойида қолиб, қишлоқ жойларда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суҳбат якунида Ўзбекистон билан ATTA ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид