Жамият | 20:35 / 17.10.2022
10791
2 дақиқада ўқилади

Зангиотадаги боғча нима учун 1 йилда тўкилиб тушди? МТВ расмий муносабат билдирди

Назарбекда деворлари ўпирилиб кетган 1 йиллик боғчанинг қурилиши учун қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди. МТВнинг таъкидлашича, бу ҳолатда МТТни қурганларнинг айби бор. 

Фото: Kun.uz

15 октябр куни Kun.uz Назарбек шаҳарчасида деворлари чўкиб, ўпирилган боғча ҳақидаги репортажни эълон қилган эди. 17 октябр куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, боғчани қайта қуриб бериш бўйича буюртмачи ва пудратчи ўртасида тузилган шартнома қиймати 2 млрд 922,4 млн сўмни ташкил этган. Бугунги кунга келиб бу шартнома суммасининг 2 млрд 800 млн сўмдан ортиқ маблағи тўлаб берилгани айтилмоқда.

“Биласиз, ҳар битта шартноманинг 5 фоизлик суммаси давлат бюджети томонидан қурилишнинг эксплуатация жараёни учун олиб қўйилади. Агар йил давомида камчиликлар аниқланса, шу 5 фоизлик пул тўлаб берилиши ёки тўланмаслиги ўйлаб кўрилади. “Санузел” ва ошхона ўртаси ўтган қувурларнинг ёрилиши оқибатида боғчадаги деворлар ўпирилиб тушган”, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, айни вақт Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва прокуратура ходимлари билан бирга бу ҳолат ўрганилмоқда.

“Аниқ айтишим мумкинки, 23-сонли боғчанинг девори қайта қурилиб, унинг ост қисмига бетон қуйилган. Чунки сув чиқиш ҳисобига деворлар чўккан. Албатта, биз буни оқламаймиз. Боиси, қурувчи ташкилот буларни олдиндан билиши керак эди.

Яъни қурилиш материаллари сифатсиз ишлатилганми ёки бошқа ҳолат бўлганми, буни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аниқлаб беришади”, – дея қўшимча қилди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.

Шунингдек, қайд этилишича, ҳозирда боғчада тарбия олаётган болаларнинг хавфсизлиги таъминланган бўлиб, улар боғчанинг қурилиш бўлмаётган бошқа қисмига кўчириб ўтказилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид