Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Касаллик, муштлашувлар ва суиқасд. Россияда сафарбар қилинганлар фронтга етиб бормай ҳалок бўлмоқда
Россияда «қисман сафарбарлик» бошланганидан бери камида 24 нафар захирадаги аскар ҳалок бўлди.
Бу ҳали фронтга боришга улгурмаган ҳамда Мудофаа вазирлиги ўқув марказлари ва ҳарбий базаларида турли сабабларга кўра ҳалок бўлган сафарбар қилинганлар сони. Ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар, асосан, сафарбар қилинганларнинг қариндошлари ва яқинлари мурожаат қилувчи минтақавий нашрларда пайдо бўлмоқда. Расмийлар бу ҳодисаларга изоҳ беришни хоҳламайди ва айбни асосан жабрланганларнинг ўзига юклайди.
28 сентябр куни бир қатор нашрлар ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб, Тюмен яқинидаги «Андреевский» йиғин пунктида сафарбар қилинган эркак ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Маҳаллий ҳокимият ҳеч қандай тафсилотларни, жумладан, марҳумнинг исм-шарифини ҳам очиқламади ва ОАВ сўровларига жавоб бермади.
11 октябр куни Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими сайти бўлмиш «72.РУ»да Тюмен гарнизонидаги эркакнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ва тергов ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди, аммо тўлиқ тафсилотлар яна ошкор қилинмади. 12 октябр куни, «НЕФТЬ» нашри ўз манбаларига таяниб, эркак 49 ёшда бўлгани ва уй-жой коммунал хўжалиги корхонасида ишлагани ҳақида хабар берди.
«Халтадаги яланғоч жасад қишлоққа етказилди ва унга «Асфиксия» (танага сунъий таъсир сабаб кислород етишмаслиги, масалан, овқат тиқилиб қолиши каби) ташхиси билан тиббий гувоҳнома берилди. Ўлим сабабига «жанг пайтидаги ўлим» ҳам, «ўз жонига қасд қилиш» ҳам эмас, балки «бошқа сабаб» кўрсатилган», — дея таъкидлайди нашр.
28 сентябр куни «Байкал ўлкаси жануби-шарқидаги ҳарбий қисмлардан бирида сафарбар қилинган шахснинг жасади топилди», дея хабар берди «Чита.ру» портали. Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими журналистларга ўлим юз берганини тасдиқлаган, аммо шундай сўнг бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.
3 октябр куни Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юртида сафарбар қилинган эркак ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Бу маълумотни Новосибирск областидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Нина Шалабаева тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, эркак ухлаётган пайтида вафот этган.
Кейинроқ Омбудсман идораси аниқлик киритишича, марҳум Братскда туғилган 35 ёшли Александр Колтун бўлган.
Тиббий хулосада Колтуннинг ўлимининг расмий сабаби сифатида юрак хуружи кўрсатилган. Бироқ Колтуннинг оиласи ўлим зўравонлик сабаб содир бўлганини гумон қилмоқда. Оиладагиларнинг журналистларга айтишича, эркакнинг танасида гематомалар ва синиш излари топилган.
Бундан ташқари, Колтуннинг онасининг сўзларига кўра, ўғли йиғув пунктининг ўзида «қўлбола ароқ» сотилаётганидан бир неча бор шикоят қилган.
«Биз у ёқдан-бу ёққа юрибмиз, сайр қиляпмиз, атрофдаги ҳамма ароқ ичяпти, бизга форма беришмади, овқат ҳам беришмаяпти. Ҳозирча уйдан олиб келганимни еб юрибман», — дея она ўғлининг сўзларини келтирган.
3 октябр куни Свердловск областида сафарбар қилинган уч киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Улардан икки нафари Порошино қишлоғидаги Мудофаа вазирлиги ўқув марказининг Еланский гарнизонида жон берган. Яна бири уйга жўнатилганидан кейин вафот этган.
«Сафарбар қилинганлардан бири муштлашув оқибатида ҳалок бўлган, иккинчиси эса ўз жонига қасд қилган. Учинчиси хизматга яроқсиз деб топилиб, уйига жўнатилган ва ўша ерда жигар циррозидан вафот этган», — дейди Свердловскдан сайланган Давлат думаси депутати Максим Иванов.
Бироқ, ўша куни ОАВ учинчи, «хизматга яроқсиз» марҳум — Челябинск области, Қизилбулоқ қишлоғида яшовчи 44 ёшли Денис Козлов жигар циррозидан эмас, сафарбар қилинганлар ўртасида бўлиб ўтган муштлашув оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ёзди.
«Вазият бизга маълум. Биз Челябинск областининг тергов органлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда», — деган областдаги омбудсман идораси вакили Юлия Сударенко.
4 октябр куни Омскдаги ҳарбий қисмда сафарбар қилинган красноярсклик Дмитрий В (тўлиқ исми номаълум)нинг ўлими ҳақида хабар тарқалди.
У билан бирга Омскка юборилган Дмитрийнинг яқин дўсти, уларга ҳарбий қисмда бошқа сафарбар қилинганлар билан келишмовчилик туфайли таҳдид қилишганини айтган.
«Бизда Дима ўз жонига қасд қилганига шубҳа бор, чунки Диманинг ўз жонига қасд қилишга ҳеч қандай сабаб, уринишлар бўлмаган. Унинг икки кичик фарзанди бор. Кетганида кайфияти яхши эди, у тирик ва соғ-саломат қайтмоқчи эди», — дейди марҳумнинг дўстининг рафиқаси.
Жасаднинг экспертизаси бир ярим ойда тайёр бўлади, Тергов қўмитаси эса марҳумнинг яқинларига аллақачон экспертиза хулосаси нусхасини берган.
5 октябр куни сафарбар қилинганлардан яна бири Пензадаги полигонда машғулотлар пайтида ҳалок бўлган. 41 ёшли марҳумнинг исми ошкор этилмаган.
11 октябр куни Пенза областидаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Елена Рогова РБК нашрига сафарбар қилинганлардан бири ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Омбудсманнинг айтишича, ҳарбий қисм командиридан олинган маълумотларга кўра, эркакнинг ўлимига «орган функцияларидан бирининг ўткир бузилиши» сабаб бўлган.
У сафарбарликка чақирув тўғрисидаги маълумотлардан (жумладан, ҳарбий хизмат тури, жойлашуви, жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги, ҳарбий хизматчиларнинг шахсий маълумотлари) фойдаланиш имконияти чекланганини таъкидлаб, бошқа тафсилотларни очиқламаган.
6 октябр куни бир неча нашрлар ўз манбаларига таяниб, Ленинград областининг Каменка шаҳрида 28 ёшли сафарбар қилинган эркак вафот этгани ҳақида хабар берди. «Сирена» ва «ЛенТВ» нашрлари маълумотларига кўра, у ўқ отиш машғулоти вақтида ўзини автоматдан отиб, ҳалокатли жароҳат олган.
Ҳодиса бўйича бошқа тафсилотлар ёки расмий изоҳ берилмаган.
7 октябр куни Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юртида сафарбар қилинганлардан яна бирининг жасади топилди. «Ҳа, ҳозир улар иккитага кўпайди (марҳум Александр Колтун билан бирга), нима бўлганини билмайман, тергов давом этмоқда. Тергов ишлари олиб борилаётганда вазиятни фақатгина шу ишни олиб бораётган одам тушунтириши мумкин.
Маҳаллий «Сибкрай» нашри иккинчи марҳум Новосибирскдан экани ва яқинларининг сўзларига кўра, «зўравонлик ҳаракатлари натижасида» ҳалок бўлганини хабар қилди. Унинг ҳам исми ошкор қилинмади.
9 октябр куни Ёқутистонда сафарбар қилинган шахс ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. РИА Новости агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, қисман сафарбарликка чақирилган, 1983 йилда туғилган эркак Кангалассидаги жўнатиш пункти ойнасидан тушиб кетиб вафот этган.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, марҳум маст ҳолатда бўлган, у иккинчи қават ойнасидан чойшаб билан пастга тушишга ҳаракат қилган.
Фото: YEVGENY YEPANCHINTSEV/TASS
11 октябр куни Челябинск области расмийлари Снежинскдан сафарбар қилинган 27 ёшли Максим Родионов Екатеринбургдаги 32-ҳарбий лагерда вафот этгани ҳақида хабар берди. ОАВ унинг ўлими ҳақида ўтган ҳафтадаёқ ёзган эди.
«Ўлим фактини текширишни Свердловск области тергов органлари олиб боради. Маъмурият унинг оиласига шубҳасиз ёрдам кўрсатади», — деган Снежинск шаҳри раҳбари Андрей Пульников.
Уралдан сафарбар қилинганларни назорат қилувчи Свердловск областидан сайланган Давлат думаси депутати Максим Иванов ЕАН порталига берган изоҳида ўлим сабаби сифатида гиёҳванд моддаларни ҳаддан ташқари кўп қабул қилишни кўрсатган.
Парламент аъзосининг сўзларига кўра, Родионов бошқа сафарбар қилинган ватандошлари билан бирга Снежинскка бориб, гиёҳванд моддалар сотиб олган. Йигит ҳарбий шаҳарчани қандай тарк этганини эса депутат шунчаки билмайди.
Марҳумнинг отаси бу гапларни рад этган. «Максим ҳеч қачон гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаган. У армияда хизмат қилган, ўзи ҳарбий комиссариатга бориб, чақирув қоғози сўраган. Максимдан уч ёшли қизи ва турмуш ўртоғи қолди. Суд-тиббий экспертизасидагилар ҳеч нимани айтмади, кейинги ҳафта келинг дейишди», — дейди Родионовнинг отаси.
12 октябр куни Елан ўқув гарнизонида сафарбар қилинган яна бир аскар ҳалок бўлгани маълум бўлди.
«1989 йилда туғилган йигит тиббий бўлимга мурожаат қилган, аҳволи оғирлашган, юраги тўхтаб қолган. Шифокорлар реанимация чораларини кўрган. Тўрт марта юракни ишга туширишган, афсуски, йигитни қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган, у вафот этган», — дейди Давлат думаси депутати Максим Иванов.
Марҳум Верхняя Салд шаҳридан Кирилл Богдановдир. 5 сентябр куни у 33 ёшга тўлди, унинг учта фарзанди бор эди. Богдановнинг таниши журналистларга у авваллари соғлиғидан умуман шикоят қилмаганини айтган.
«Гарнизонда одамлар кўп, уларнинг барчаси турли ёшдаги, соғлиғи турлича инсонлар. Кўпчилик тиббий ёрдам сўрайди. Хизматга яроқсизларни ортга қайтариб юборишга ҳаракат қилишади. Бу ер курорт эмас ва бу ерда жисмоний босим бор, шунинг учун бундай ҳолатлар содир бўлиб туради, кимнингдир юраги бунга кўтара олмайди», — дейди депутат.
15 октябр куни Белгород шаҳридаги полигонда энг даҳшатли воқеа юз берди. Россия Мудофаа вазирлиги шу куни МДҲ давлатларининг биридан бўлган икки кўнгилли ўқ отиш машқлари давомида шахсий таркибга ўқ узиб, 11 нафар сафарбар қилинган аскарни ўлдиргани, 15 кишини жароҳатлаганини маълум қилди. Вазирлик хабарида айтилишича, отишма уюштирганларнинг иккиси ҳам ўлдирилган.
Бироқ айрим нашрлар ҳалок бўлганлар сони икки баравар кўплиги, ҳужум қилганлар эса уч нафар бўлгани ва улардан бири қочиб кетгани ҳақида ёзди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда эса ўн уч кишининг жасадини кўриш мумкин.
Россиянинг пропаганда нашрлари ўт очганлар тожикистонлик бўлгани ҳақида ёзмоқда, аммо бу ҳали расман тасдиқланмаган.
«Астра» нашрига кўра, полигондаги можаро диний сабаблар туфайли юз берган бўлиши мумкин. Бу ҳақда воқеа гувоҳи бўлган шахс нашрга маълум қилган. Журналистлар ҳали мустақил тасдиқлай олмаган гувоҳнинг сўзларига кўра, командирлардан бири Украинага қарши урушни «муқаддас» деб атаган, асли тожикистонлик бўлган ҳарбий хизматчилар эса мусулмонларнинг кофирларга қарши уруши муқаддас бўлишини айтган. Бунга жавобан Андрей Лапин исмли подполковник мусулмонларни қаттиқ ҳақорат қилган.
«Астра» нашри манбасининг қўшимча қилишича, орадан кўп ўтмай уч тожикистонлик мусулмонларга четга чиқишни айтиб, подполковник Лапинни отиб ташлаган ва тартибсиз равишда ўқ уза бошлаган. Отишма натижасида 29 киши ҳалок бўлган. Ўт очганларнинг иккиси ўлдирилган, бири эса жароҳат олган ва қочишга муваффақ бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани теракт деб атади ва жиноят иши қўзғатди.
Мавзуга оид
16:44 / 16.04.2025
Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик 6 августгача узайтирилди
21:07 / 27.03.2025
Белгород областидаги жанглар ва эвакуация: нималар бўлмоқда?
10:33 / 20.03.2025
Россиядагилар Украина Белгород областига янги ҳужум бошлаганини хабар қилмоқда
22:15 / 25.01.2025