Жамият | 18:48 / 18.10.2022
43859
5 дақиқада ўқилади

“Ниятим эримдан ўч олиш эди” — катта ўғрилик учун қамалган аёл ҳикояси

“Кетма-кет хиёнат, иқтисодий ва руҳий тазйиқлар учун эримдан ўч олишни ўйлаганман. Жиноий шеригим билан эримнинг 715 минг доллар пулини ўғирлаганман...”

Хиёнат. У ким томонидан бўлишидан қатъий назар, даҳшатли зарба. Оилада у сабаб келадиган рашк, нафрат, алам оқибати эса ундан-да даҳшатли бўлиши мумкин. “Маҳкума” лойиҳасининг бугунги қаҳрамони шу туфайли 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ниятим эримдан ўч олиш эди...”

— Ўз эримнинг катта миқдордаги пулини ўғирлаганман. Ўғирланган пул 715 минг АҚШ доллари эди. Ўша пайтда рашк, хиёнат, алам туфайли кўзимга ҳеч нарса кўринмаган. Эримнинг кетма-кет хиёнати, руҳий, иқтисодий босимлари остида қасддан жиноят содир қилдим.

3 нафар фарзандим бор. Жарбланувчи томон фарзандларимнинг отаси бўлган. Кейинчалик катта хато қилганимни тушундим, аммо ўша вақтда кўзимга ҳеч нарса кўринмаган. Ниятим фақат ўч олиш бўлиб, қасддан жиноят қилганман.

Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми (жуда кўп миқдордаги ўғрилик – таҳр.) билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилганман. Жиноятимга йиллар давомида бўлиб келган оилавий низолар сабаб бўлган.

Эрим тадбиркорлик билан шуғулланарди, дунё кезишни ёқтирарди. Турмушим давомида руҳий, иқтисодий тазйиқлар остида яшадим. Шунча пули бор одам қандай қилиб иқтисодий босим қилиши мумкин, дерсиз. Лекин менга шахсий харажатларим учун пул беришни истамасди, ўзим учун нимадир олишимга имконим бўмасди, ҳар бир ҳаракатим ёки ишим танқид остига олинарди.

Яқин дугонамнинг эрим билан муносабатлари борлигини сезганман. Эрим билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи бўлганимда: “Истасанг шу, истамасанг катта кўча” деган жавобни олдим. Шундан кейин аразлаб, фарзандларим билан ота уйимга кетдим. Биздан умуман хабар олмай қўйди. Бундан бир ғазаблансам, эримга “жазман” бўлган дугонамнинг қимматбаҳо машиналарда юргани, энг қиммат кийимларни кияётганини кўриб баттар алам қиларди. Бу нарса нафратга, нафрат эса қасддан жиноят содир қилишга олиб келди.

Жиноий шеригим ҳам бўлган. Турмуш ўртоғимнинг ҳайдовчиси билан тил бириктирган ҳолда режа туздим. Эримнинг пуллари қаерда сақланишини тушунтирдим, сейфнинг калитини бердим. У менга уйимдан 715 минг АҚШ долларини олиб чиқиб берган. Ҳозир иккаламиз ҳам қамоқдамиз. “Ал қасос-у минал Ҳақ” деган гапни унутиб қўйган эканман.

“Ўғирланган пулга олинган мулкларни эримга қайтариб бердим”

— Қамалганимга 3 йил-у 2 ой бўлди. Шунча вақт болаларимни кўрмадим. Она учун бу судьянинг берган муддатидан ҳам оғирроқ жазо. Чунки уларга энг керак пайтимда панжара ортидаман. Фарзандларимнинг келажагига таъсир қиладиган иш қилганимдан пушаймонман.

Эримдан ўғирланган пулларга катта миқдорда кўчмас мулк сотиб олгандим: бир нечта уйлар, фитнес заллари, ерлар дегандай. Судда буларнинг ҳаммасини эримнинг ўзига қайтариб, номига ўтказиб бердим. Бу мулкларнинг бир қисми менга тегишли экани, қайсидир маънода ўша пулда ҳаққим борлигиниям айтишди, лекин истамадим – барибир буюрмас экан. Энди эгри йўлдан юришни хоҳламайман.

Агар вақт орқага қайтганда ўша вазиятдан сабр билан чиқиб кетардим. Баъзида сабр ҳам инсон ҳаётида катта ўрин тутар экан. Ўзимга ўзим зулм қилдим деб ўйлайман.

Аёлнинг жиноятга қўл уришида эркакнинг ҳам масъулиятсизлиги бор

— Қиз бола дунёга келганда унинг ҳаёти учун ота-онаси масъул бўлса, турмушга чиққач бу жавобгарлик эрининг зиммасига ўтади. Бу ердаги аксарият аёлларнинг эри йўқ. Илгари бўлгандир, лекин қамалгандан кейин кўпчилиги ажрашишганига гувоҳ бўлдим. Кўп жиноятлар аёлларнинг эркак кишига суяна олмаслигидан, эркакларнинг масъулиятсизлигидан келиб чиқади.

Ўзимга ўзим зулм қилдим деб ўйлайман. Фарзандларимнинг кулгусини кўришдан мосуво бўлдим. Эрталаб тураман, хаёлимда болаларим нонушта қилдимикан, нима еди экан, деган фикр тарк этмайди. Ўзим бу ердаман, лекин бир нафас ҳам уларни ўйламай яшолмайман.

Ҳозир улар бувиси билан яшашади, турмуш ўртоғим бошқага уйланган. Моддий томондан фарзандларимнинг ками йўқ. Лекин мен туфайли улар онасиз ўсишяпти.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид