Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Kolorpak” юристи компаниянинг ҳокимга алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди
Мактаб дарсликларининг катта қисмини чоп этаётган “Kolorpak” компанияси журналистлар учун пресс-тур ўтказди. Нашриёт таъсисчиларидан бири Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни экани ҳақидаги гап-сўзларга корхона ҳуқуқшуноси шундай изоҳ берди: “Қонунга кўра, ишлаб чиқариш тартибига ва буюртмаларни олишга МЧЖ таъсисчисининг аралашишга ҳаққи йўқ”.
Сентябр ойида мактаб дарсликларининг ижара нархи 2-3 баробар қимматлашгач, жамоатчилик, хусусан Kun.uz бу дарсликларнинг катта қисмини битта хусусий компания чоп этаётганига эътибор қаратган эди.
2022 йилда дарсликларни нашр қилиш бўйича ўтказилган тендерда “Kolorpak” МЧЖ камида 16 та лотда ғолиб бўлиб, салкам 14 млн дона китобни етказиб беришни зиммасига олган.


Мактабларда дарсликлар ижараси тўлиқ бюджетга ўтказилганидан кейин бу мавзу жамоатчилик муҳокамаси кун тартибидан тушгандек бўлганди. Президент администрацияси раҳбарининг топшириғи асосида 1 ой муддатда дарсликлар бўйича тизимни танқидий кўриб чиқиш белгиланган эди. Орадан 1 ойдан кўпроқ вақт ўтди ва ҳозирча бу борада бирор янгилик бўлганича йўқ.
Кеча, 18 октябр куни ColorPack компанияси ўзининг дарсликлар нашр этиш фаолияти юзасидан пресс-тур ташкил қилди. Тур сўнгида корхона раҳбарияти билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Корхона раҳбари Музаффар Мирзаҳмедовнинг сўзларига кўра, дарсликлар ижараси нархининг ошишига асосий сабаб – хомашё, яъни қоғознинг қимматлашганидир. Бу эса Украинадаги уруш билан боғлиқ: уруш натижасида логистика занжирлари узилган, бунинг устига Европа давлатларининг Россияга киритган санкциялари вазиятни оғирлаштирган.
“Шунинг ҳисобига Европа Россиядан целлюлоза сотиб олиши қийинлашди, Россия эса Европадан қоғозлар учун химикатлар олишда тўсиқларга учрамоқда. Бунинг оқибатида эса қоғозлар нархлари кескин ошиб кетди. Қоғозларнинг килосига 18 минг сўмдан бошлаб, 35-40 минг сўмгача сўрашади. 2020 йилнинг ҳисобидан айтсак, қоғоз нархи 60-70 фоизга қимматлашди”, – дейди у.
Kun.uz “Kolorpak” таъсисчиларидан бири бўлмиш Исмоил Исроилов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Корхона ҳуқуқшуноси Улуғбек Йўлдошев бунга қуйидагича муносабат билдирди.
“Биз полиграфия соҳасидаги бирор корхонанинг ишини чеклаётганимиз йўқ. Бозор иқтисодиёти шаклланган мамлакатда яшаб турибмиз. Маҳсулотлар қаерда арзон ёки сифатли ишлаб чиқариладиган бўлса, ўшанга кўпроқ талаб бўлади.
Таъсисчилардан бирининг ҳокимга алоқаси борми деб сўрашяпти. “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонунга асосан, ҳеч бир корхонада ишлаб чиқариш тартибига ёки буюртмаларни олишга таъсисчиларнинг аралашишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Бевосита таъсисчи томонидан вакил қилиб қўйилган раҳбар бўлади. Раҳбарга вазифалар юклатилади: “Сенга шундай талаб бор, ишлаб чиқариш ҳажмини шундай қилиб берсанг” дейилади. Шу сабабдан таъсисчилар МЧЖнинг фаолиятига ҳеч қандай аралашмайди”, – деди Улуғбек Йўлдошев.




Корхона раҳбари Музаффар Мирзаҳмедовнинг айтишича, хориждан олиб кирилаётган хомашё маҳсулотларининг ҳаммаси учун божхона божи ва ҚҚС тўланади, бу борада компаниянинг ҳеч қандай имтиёзлари мавжуд эмас.
Пресс-турга оид бошқа тафсилотлар билан видеолавҳамиз орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:16 / 12.12.2024
2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди
18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин
14:50 / 23.10.2024
Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди
11:54 / 29.09.2024