Ўзбекистон | 09:42 / 19.10.2022
2469
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳоким ва прокурорларнинг блогларидан иборат портал ишга туширилади

Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган давлат органлари фаолияти шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, ҳокимлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бош прокурор ва прокурорларнинг блогларидан иборат портал яратиш мўлжалланмоқда.

Бунда, ёзма мурожаатга жавоб хати юборишнинг 15 кунлик муддатига риоя қилмасдан, саволларга онлайн жавобларни тезкорлик билан олиш, порталда кўриб чиқиш учун савол-жавобларнинг мавжудлигини таъминлаш режалаштириляпти.

Шунингдек, аҳоли, инвесторлар ва халқаро рейтинг агентликларининг давлат қарз мажбуриятлари ва фискал хавфлар тўғрисида ҳаққоний ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган.

Open budget платформасини такомиллаштириш ва унга барча давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шаҳарлар (туманлар), хўжалик бошқаруви органларини интеграциялаш ҳамда алоҳида давлат органи нуқтайи назаридан молиявий ҳисобот шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш ҳам мўлжалланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид