Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Пойтахтдагиларнинг ҳафсаласи пир бўлган». Нега «қўшимча йиғинлар» Москвадан бошқа ҳудудларда бўлмоқда?
17 октябр куни Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда «қисман» сафарбарлик тугагани эълон қилди. Унинг айтишича, Москва сафарбарлик бўйича қўйилган топшириқни тўлиқ бажарган. Россия пойтахтида сафарбарлик тугаган бир пайтда федерациянинг бошқа ҳудудларида қайта сафарбарлик йиғинлари ва иккинчи тўлқинлар кузатилмоқда.
«Яққол Путинга қарши кайфият»
«Сафарбарлик москваликлар оилалари учун катта синов бўлди. Кимнингдир отаси, кимнингдир ўғли, яна кимнингдир эри бугун жанговар армияга кетмоқда. Шунга қарамай, қисман сафарбарлик вазифасини бажариш, биринчи навбатда, москваликларнинг масъулиятлилиги, бурч ҳисси ва ватанпарварлиги туфайли амалга ошди», деди Сергей Собянин.
Шу тариқа, 2022 йил 17 октябрда Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда «қисман» сафарбарлик якунланганини эълон қилди. У эндиликда юборилган чақирув қоғозлари ўз кучини йўқотишини таъкидлади.
Аввалроқ пойтахтдаги сафарбарлик режаси тахминан 16 минг кишини қамраб олиши айтилганди.
Собянин ўз баёнотида «қисман сафарбарлик бўйича топшириқлар тўлиқ бажарилгани»ни таъкидлади (аммо, сафарбарликни тугатиш учун ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат, хусусан бирор норматив ҳужжат йўқ, жумладан Владимир Путиннинг махсус фармонида ҳам бу ҳақда айтилмаган).
17 октябр куни кечқурун Москва области раҳбари Андрей Воробьев ҳам «қисман» сафарбарлик тугаганини эълон қилди. «Биз Мудофаа вазирлиги топшириғини тўлиқ бажардик. Чақирув қоғозларини юбориш тўхтатилди, уни олиб бўлганлар эса ҳарбий комиссариатга келмаслиги мумкин», — деган Воробьев.
Ҳаммаси бўлиб, Россиянинг ўттизга яқин ҳудудлари «чақирув тугагани» ҳақида хабар берди.
«Медуза» нашрининг Кремлга яқин бўлган икки манбасига кўра, Москвада «сафарбарликни тўхтатишга қарор қилинган», чунки ҳукуматнинг баҳолашича «пойтахт аҳолисининг ҳафсаласи пир бўлган».
Уларнинг қайд этишича, октябр ойининг биринчи ярмида пойтахтда ҳарбий хизматга яроқлиларни «овлаш» учун ўтказилган рейдлардан кейин аҳолининг сафарбарликка муносабати янада ёмонлашган.
«Одамлар ҳақиқатдан яширинди. Улар қўрқувга тушди ва келажакка ишончни йўқотди. Кўпчилик кетди. Қўрқув ва норозилик даражаси фақат ошди. Москва бутунлай бошқа шаҳарга айланди. Метро яқинидаги отлар билан уюштирилган цирк аллақачон тўхтатилиши керак эди», — дейди нашр суҳбатдошларидан бири.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматга чақиришнинг бу усули кучишлатар тизимларда, биринчи навбатда Мудофаа вазирлигида «ихтиро қилинган».
«Медуза» суҳбатдошларининг таъкидлашича, Сергей Собянин «ижрочи амалдор сифатида» Кремль билан сафарбарлик масаласида баҳслашмасликни афзал кўрган (Москва мэрияси ушбу материал чоп этилганда «Медуза» сўровига жавоб бермаган). «Керак — демак керак», — дея Москва мэрининг позициясини қайд этади Россия Федерацияси президенти маъмуриятига яқин манбалардан бири.
Москва мэри ўзининг (ғайриоддий эмоционал) «сафарбарлик тугаши» ҳақидаги мурожаатида сафарбар қилинганлар нимага дуч келишини деярли даҳшатли фалокат сифатида тасвирлаб берди. Унинг уруш ҳақидаги фикрлари ноаниқ кўринди, Собянин ўз нутқи давомида Россияда урушни тафсирловчи «махсус ҳарбий операция» иборасини умуман тилга олмаган: «Азизларим, сизга раҳмат айтаман ва миннатдорчилик билдираман. Биз ҳаммамиз сизнинг тақдирингиз, олдингизда турган қийинчиликлар ва хавф-хатарлар ҳақида қайғурамиз ва хавотир оламиз. Сизнинг соғ-саломат қайтишингизга умид қиламиз ва дуо қиламиз. Улар ғалаба билан қайтади. Ватанимиз хавфсизлиги ва мустақиллиги сақланиб қолади».
«Медуза» нашрининг Кремлга яқин манбаларига кўра, президент маъмурияти топшириғига кўра, Россиянинг йирик шаҳарларида аҳолининг сафарбарликка муносабатини ўрганиш бўйича фокус-гуруҳлар тузилган. Маълум бўлишича, сафарбарликдан фақатгина москваликлар норози бўлмаган.
«Яққол Путинга қарши кайфият, ҳатто «махсус операция»ни қўллаб-қувватловчилар орасида ҳам. Агар уни қўлловчилар бўлса ҳам, барибир ҳамма нарса ёмон ташкил этилгани ва бунга президент айбдор эканини айтишмоқда. Чунки президент барча амалдорларни ва ҳарбийларни тайинлаган. Фақат жуда кекса нафақахўрларгина (урушга бормайдиган) сафарбарлик ва «махсус операция» тарафдори», — дейди фокус-гуруҳлар натижалари билан таниш бўлган суҳбатдошлардан бири.
«Шу сабабдан, масалан, яқин кунларда расмийлар Санкт-Петербургда ҳам сафарбарликни тўхтатишни режалаштирмоқда, гарчи у ерда ҳали «сафарбарлик режаси» бажарилмаган бўлса ҳам», — дея хабар беради нашр манбалари.
«Қўшимча йиғинлар» қандай ўтказилмоқда?
Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида бир нечта минтақаларда бунинг тескариси содир бўлмоқда. 14 октябр куни Владимир Путин Россия бўйлаб сафарбарлик «икки ҳафта ичида» тугашини очиқчасига ваъда қилган бўлса-да, Россиянинг баъзи регионлари ҳукуматлари сафарбарлик чақирувлари қайта тикланганини эълон қилди.
3 октябр куни Ростов области раҳбари Василий Голубев ҳудуд сафарбарлик режасини бажарганини эълон қилди, бир ҳафта ўтиб эса областга «Мудофаа вазирлигидан янги топшириқ» қўйилганини маълум қилди. Курск области ҳукумати ҳам вазирликдан «иккинчи топшириқ» олгани ҳақида хабар берди. Ва ниҳоят, Воронеж давлат телеканали телетомошабинларга областдаги сафарбарликнинг «иккинчи тўлқини» ҳақида гапирди.
Бу воқеалар фонида Кремль Россияда «янги сафарбарлик тўлқини» йўқлигини даъво қилди (Президент матбуот котиби Дмитрий Песков «Медуза» сўровига жавоб бермаган). Бироқ, баъзи ҳудудларда кичик «қўшимча йиғинлар» ўтказилаётганини тан олди.
Россия президенти маъмуриятига яқин бўлган манбанинг айтишича, сафарбарлик муваффақиятли, яъни «шовқин ва жанжалларсиз» ўтган ҳудудлар (уларнинг аниқ рўйхати номаълум) яна «қўшимча топшириқ» олади. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳудудларга аллақачон янги вазифалар олди.
Катта ҳудудларда ушбу янги топшириқларга кўра, икки-уч минггача одам сафарбар қилиниши режалаштирилган. Бу маълумотни федерал округлардан бирининг ваколатли вакили бўлган манба ҳам тасдиқлаган.
Бироқ, барча суҳбатдошларнинг таъкидлашича, «қўшимча йиғин» ҳақиқатан ҳам барча минтақаларда амалга оширилиши режалаштирилмаган ва уни «иккинчи тўлқин» дея ҳисобламаслик керак.
«Бу ўзини кўрсатишни хоҳлаган мансабдорлар учун қўшимча KPI (очко)», — дея тушунтиради манбалардан бири воқеаларни шарҳлаб.
Шу билан бирга, суҳбатдошлар фикрича, қишда русларни сафарбарликнинг ҳақиқий «иккинчи тўлқини» кутмоқда, бу вақтга бориб «сафарбар қилинганлар учун лагерлар ва таъминот занжирлари тайёр бўлади». Тахминларга кўра, қишда руслар аниқроқ фронтга юборилади ва бу жараёнга иш берувчилар фаолроқ жалб қилинади.
«Медуза» нашри аллақачон Россия областларидан бирининг прокуратураси томонидан маҳаллий муниципалитет ҳудудида фаолият юритувчи «ташкилотлар раҳбарлари»га юборилган сўровномаларга эга. Унда айтилишича, ташкилот раҳбарлари ҳуқуқ-тартибот идораларига ташкилотда ишловчи ҳарбий хизматга лаёқатли, «1988 йилда туғилган ва ундан катта ёшдаги эркак ишчилар» рўйхати ҳамда уларнинг манзили ва телефон рақамларини тақдим этиши керак.
«Кремлдагилар сафарбарлик давом этиши (худди унинг бошланиши каби) амалдаги ҳукумат рейтингини пасайтирган (очиқ сўровлар натижаларига кўра ҳам тушиб кетган) «омадсиз қадам» бўлганини тушуниб турибди», — дейди манбалар. Бироқ, уларнинг айтишича, бу «Президентнинг муҳокама қилинмаган фармони».
Мавзуга оид
16:44 / 16.04.2025
Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик 6 августгача узайтирилди
22:15 / 25.01.2025
Украина армияга чақирув ёшини 18 га тушириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритади
20:26 / 05.01.2025
WP: Украинада ўтган йили 200 мингга яқин одам урушга сафарбар қилинди
00:33 / 13.12.2024