Самарқанддаги даҳшатли ЙТҲ содир бўлган ҳудуд: тунги чироқлар ҳамон муаммосиз ёнмаяпти
13 октябр куни Самарқанд шаҳрида «Ласетти» йўлни ажратиб турувчи темир тўсиққа урилиб, унинг ичида бўлган беш киши вафот этганди. Темир тўсиқ қурилиши нима сабабдан тўхтаб қолгани ёки тунги ёриткичлар ишламаётгани турли саволларни юзага келтирди.
Kun.uz мухбири М-37А Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши айланма автомобил йўлини қураётган пудратчи ташкилот бўлмиш «Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси масъулларидан ҳолат бўйича изоҳ олди.
Биз билан суҳбатда корхона директор ўринбосари Жасур Холмуродов Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2021 йил 1 апрелдаги йиғилиш баёни билан М-37А йўлининг 33-41 километр қисмини таъмирлаш бўйича шартнома қилинганини билдирди. Ушбу ҳудуд ҳам Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан танланган объект ҳисобланиб, тендер ўтказилмаган. Баённомага асосан пудратчига берилган.
«Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси фаолияти асосан йўл қурилишига ихтисослашгани учун темир тўсиқларни қуришда субпудратчи сифатида «BEKTEMIR METALL KONSTRUKSIYALARI» МЧЖ билан шартнома қилган. Темир тўсиқлар бўйича бошқа рақобатчи корхона бўлмагани сабабли тўғридан тўғри шу корхонага мурожаат қилинган.
Холмуродовнинг айтишича, «BEKTEMIR METALL KONSTRUKSIYALARI» МЧЖда учта махсус техника бўлиб, уларнинг иккитаси бузилган ва тўсиқларни ўрнатиш бир муддатга тўхтаб қолган. Йўлнинг бошланиш ва тугалланиш қисмидан тўсиқлар ўрнатиб келинган ва ўртада қарийб 700-800 метр масофа очиқ қолган. Худди мана шу ҳудудда эса даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Тўсиқларни ўрнатиш 17 октябрдан яна давом эттирилган.
Пудратчи корхона масъули тунги ёриткичларнинг вақти-вақти билан ўчиб-ёнаётганига ҳам изоҳ берди. Ҳозирча мазкур ёриткичлар ҳам уларнинг ихтиёрида бўлиб, ҳали тўлиқ қабул қилиб олинмаган. Ёриткичларнинг электр энергияси «Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш» УК томонидан тўланмоқда. Ёриткичлар синов муддатида бўлгани учун тез-тез узилишлар бўляпти, дея тушунтириш берди у.
Холмуродов бу ҳудуд қурилиш майдони экани, йўл жорий йилнинг 31 декабрига қадар тўлиқ топширилишини инобатга олиб, 40-50 тезликда ҳаракатланиш учун йўл белгилари қўйилганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, авария содир бўлган кунда ҳам бу белгилар мавжуд бўлган.
Мавзуга оид
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
16:02 / 20.11.2024