Беларуснинг Украина чегарасидаги авиабазасига ҳарбий техникалар кўчирилди
Маҳаллий аҳолининг айтишича, базада рус қўшинлари кўпайган.
Беларуснинг Украина билан чегарадош Гомел шаҳри яқинида жойлашган Зябровка ҳарбий ҳаво базасида сўнгги икки ой ичида ҳарбий юк машиналари кўпайди, лагер ҳудуди ҳам кенгайди. Американинг Planet Labs компанияси томонидан тақдим этилган сунъий йўлдош тасвирлари шундан далолат беради.
Биринчи фотосурат 24 августда, иккинчиси 16 октябрда олинган. Сўнгги суратда С-300 ва С-400 зенит-ракета комплекслари, шунингдек, ёнилғи юкланган поезд кўринади. Аэродромнинг шимолий қисмида эса қум тўсиқлари пайдо бўлгани ҳам аниқ кўриниб турибди.
Қайд этилишича, бошқа ҳарбий қисмларда ҳам худди шундай қум тўсиқлар ёнига радар станциялари ўрнатилмоқда, улар нишонларни аниқлаш ва ракеталарни бошқаришда қўлланади.
Што адбываецца на беларускім аэрадроме «Зябраўка» на мяжы з Украінай. Спадарожнікавыя ФОТАhttps://t.co/ZeYJMTwZqQ
— Радыё Свабода (@svaboda) October 20, 2022
Гомел областида яшовчи, исми ошкор қилинишини истамаган фуқаронинг айтишича, Россия қўшинлари аэродромга октябр ойи бошида келган. «Россия ҳарбий техникаси ва аскарлари Зябровкага бир ярим ҳафта олдин келди. Баҳордан бери у ерда руслар истиқомат қилади, аммо сони чекланган эди. Зябровкага кириш аввалгидек ёпиқ. Россия ҳарбийлари у ерда жойлашган, аммо ҳозир техника ва одамлар кўпайган», деди у.
Беларусдаги ҳарбий техника ҳаракатини кузатиб борувчи «Беларускі Гаюн» канали октябр ойи бошидан бери одамлар Зябровка яқинида Россия ва Беларус қуролли кучларининг юк машиналарини кўргани ҳақида камида етти марта хабар берди.
«Беларускі Гаюн» маълумотларига кўра, «Зябровка» аэродроми ҳудудида Россия армияси қисмлари жойлаштирилган. Август ойи ўртасида у ерда камида 10 та С-400 зенит-ракета комплекси, С-300 ва С-400 ҳаво мудофаа тизими учун 15 дан 60 тагача ракета, «Панцирь» ҳаво мудофаасининг иккита бирлиги, шунингдек радарларни ёритиш ва йўналтириш тизимлари борлиги аниқланган. Бундан ташқари, аэродром яқинида, учиш-қўниш йўлаги ортидаги ўрмонда танклар ва пиёда аскарларнинг жанговар машиналари жойлашган.
17 октябр куни Беларус Мудофаа вазирлиги Россия ва Беларус қўшинларининг минтақавий гуруҳи «Иттифоқдош давлатни қуролли ҳимоя қилиш»ни бошлаганини эълон қилди.
Беларус кучлари, шунингдек, тўққиз мингга яқин россиялик ҳарбийлардан иборат гуруҳ «Иттифоқдош давлатнинг ғарбий чегараларидаги вазият кескинлашуви муносабати билан ташкил этилди», деди Беларус президенти Александр Лукашенко.
Шундан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленский G7 давлатларига Украина ва Беларус чегарасига халқаро кузатувчиларни жойлаштиришни таклиф қилди.
Беларуснинг «Наша Нива» нашри 17 октябр куни Беларусдаги «эркаклар ҳарбий қўмиталардан чақирув қоғозларини олаётгани» ҳақида сигналлар келаётганини маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, «яширин сафарбарлик» доирасида прапоршик ва бригадирларга қайта тайёргарликдан ўтиб, лейтенант – взвод командири бўлиш таклиф этилмоқда.
«Танк ҳайдовчиларига катта эҳтиёж бор. Корхоналардан ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахслар рўйхати талаб қилинмоқда. Генераллар заводларга бориб, одамларни урушга тайёрламоқда», деб ёзди «Наша Нива».
Украина қуролли кучлари Бош штаби 18 октябр куни Беларусда «ўқув машғулотлари ниқоби остида яширин сафарбарлик тадбирлари ўтказилаётгани» ва зенит-ракета тизими операторлари ва танк экипажларини тайёрлаш жараёни олиб борилаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:16 / 22.11.2024
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
01:38 / 19.11.2024
Лукашенко 21 нафар собиқ кучишлатар тизимлар вакилларини унвонидан маҳрум қилди
20:18 / 16.11.2024