Ўзбекистон | 09:55 / 21.10.2022
24997
10 дақиқада ўқилади

Captiva-5 можароси: UzAuto Motors “техник жиҳатдан носоз” автомобилга 1 ой давомида шартнома бериб келганми?

Kun.uz пули олдиндан тўланган Captiva-5 автомобилини бир йилдан бери ололмаётган истеъмолчилар – Ўктам Қаҳҳоров ва Жамшид Бахшиллаевнинг мурожаатини ёритган эди. 14 октябр куни бир тарафдан Ўктам Қаҳҳоров ва аксилмонопол орган, иккинчи тарафдан UzAuto Motors ўртасидаги навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, судда UzAuto Motors томони автомобил етказиб берилмаганини Captiva-5'нинг “Ўзбекистон иқлим шароитига тўғри келмагани” билан изоҳлаган. Бунга асос сифатида эса 2021 йилнинг 18-22 октябр кунлари ўтказилган компаниянинг ички синовлари келтирилмоқда.

Аммо 2021 йил 17 сентябр куни, яъни Captiva-5 учун шартномалар берилиши бошланишидан 11 кун олдин, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (“Ўзтест” – ваколатли давлат органи) томонидан 4 дона Captiva-5 автомобили учун мувофиқлик сертификати берилган.

Судда жабрланувчи Ў.Қаҳҳоров қонунчилик нуқтайи назардан UzAuto Motors импорт қилинувчи автомобилларнинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келиши ёки келмаслиги бўйича ички синов ўтказишга ҳаққи бор ёки йўқлигини сўради.

UzAuto Motors томони ҳар бир ишлаб чиқараётган маҳсулоти бўйича ички синов ўтказиши шартлиги ва бунга ҳаққи борлиги, чунки автомашинага 3 йил кафолат беришини келтириб ўтди. Судя бу жиҳатлар қонунчиликдаги қайси ҳужжатлар билан тартибга солинганини сўради. Аммо компания вакиллари аниқ бир қонунчилик ҳужжатини келтириб ўта олмади ва бу ички истисно ҳолат эканини айтди.

Жабрланувчи Captiva-5'нинг сотувлари тўхтатилишини UzAuto Motors ички иситиш тизимида юзага келган муаммолар билан боғлаётганини келтириб, бу аниқ қандай техник сабаб натижасида юзага келганини сўради. Компания вакили бунга автомобил двигателидаги иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлганини айтди.

Ў.Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (собиқ “Ўзстандарт”) ўтказган синовларда Captiva-5 иситиш ва совитиш билан боғлиқ барча синовлардан муваффақиятли ўтган.

Жабрланувчи Хитойдан импорт қилинувчи автомобилни UzAuto Motors ходимлари неча км масофа босиб ўтиб, синаб кўрганини сўради. Компания вакилининг сўзларига кўра, 2 та Captiva-5 автомашинаси 10 минг км ҳаракатлантирилиб, синовлардан ўтказилган. У синов кунининг аниқ қачон бошланган вақтини ҳозир айта олмаслиги, аммо муаммоли ҳолатлар 18-22 октябр кунлари совуқ об-ҳаво кузатилган пайтда аниқланганини айтди.

Ў.Қаҳҳоров Captiva-5 Ўзбекистон ҳудудига 21 сентябр куни кириб келганини, 28 кун муддатда синовлар ўтказилаётган автомобилнинг 10 минг км юришини компания ходимлари қандай таъминлаганини сўради.

UzAuto Motors вакили сўзларига кўра, навбатчилик асосида автомобилни тўхтовсиз ҳаракатлантириш эвазига қисқа вақт ичида 10 минг км босиб ўтилишига эришилган. Жабрланувчи автомобил меъёридан ортиқ ҳаракатлангани ва зўриқиш натижасида техник нуқсонлар кузатилгандир, дея савол берди. Компания вакили эса автомашина 24 соат тинимсиз ҳаракатлантирилмагани, ишлаш жараёнида вақтинчалик дам олиш режими борлигини билдирди.

Ў.Қаҳҳоров UzAuto Motors учун ўзларининг ички синовлари асосий приоритет экан, унда нимага “Ўзтест”дан мувофиқлик сертификати олишди, дея савол берди. Компания вакилига кўра, хориждан автомобил импорт қилиш учун сертификат олиш шарт.

Жабрланувчи UzAuto Motors 18-22 октябр кунлари Captiva-5 билан техник муаммолар кузатилганини аниқлаган бўлса, нимага истеъмолчиларга яна бир ой давомида шартнома беришда давом этди, дея савол берди. Компания вакили сўзларига кўра, муаммоли ҳолатлар кузатила бошлаганидан кейин, улар хорижий ҳамкорлари билан боғланиб, музокара ўтказишган.

Ў.Қаҳҳоров Captiva-5'нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги ҳақидаги хулосага ҳеч қандай расмий сана қўйилмаганига, ички рўйхатда ҳам регистрациядан ўтказилмаганига эътибор қаратди. Жабрланувчи бу хулоса октябр ойида тайёрланганига ишонмаслиги, суд бошланганидан кейин қилинганига ишора қилди. UzAuto Motors юристи бу хулоса бошқа ҳужжат билан тасдиқлангани, чунки орада америкалик ҳамкорлари билан ёзишмалар олиб борилганини келтириб ўтди.

Ў.Қаҳҳоров томонидан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг хулосаси асосли ёки асосли эмаслиги сўралди. Компания юристи масъул ташкилот томонидан берилган хулосани тан олишини айтди. Даъвогар тараф айнан ушбу хулосада Captiva-5'нинг иситиш ва совитиш тизими билан ҳеч қандай муаммолар йўқлиги келтириб ўтилганига урғу берди.

Суд мажлиси қўшимча материалларни ўрганиб чиқиш мақсадида 2022 йил 24 октябрга қолдирилди.

“Машинанинг яроқли ёки яроқли эмаслиги – шартнома тузилишидан олдин ҳал қилинадиган масала”

Камолиддин Баҳавадинов, адвокат, автоблогер:

— Мен ҳам мана шу суд жараёнида бевосита кузатувчи, қолаверса, бир ҳуқуқшунос сифатида иштирок этиб, қуйидаги хулосаларга келдим. Ўзбекистон Республикасида маълум бир маҳсулотнинг импорти ёки уни ҳаётга татбиқ этишдан аввал синов ўтказадиган ва синов натижасига кўра, хулоса берадиган ташкилот бор. Бу – “Ўзтест” давлат унитар корхонаси. Айнан унинг берган хулосасига асосан маҳсулот яроқли ёки яроқсиз деб топилади. Бу ҳолатда ҳам Captiva-5 учун яроқлилик хулосаси ижобий. Барча банд бўйича синов муваффақиятли ўтди деган хулоса берилган.

Агар ҳар битта корхонага ички синов ўтказиш ва хулоса бериш ваколати бериладиган бўлса, унда давлат томонидан махсус экспертиза ўтказиш марказларини ташкил этишдан мақсад нима? Очиғи, бу бироз мантиқсиз. Ўйлайманки, суд бунга тегишли баҳони беради. Ҳеч қайси корхона ички синовига таяниб, маълум бир маҳсулотни қабул қилиш ёки етказиб беришни рад этиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасида бу жиҳатларни тартибга соладиган қонунчилик ва тегишли хулосани берадиган расмий идора бор. Агарда бу корхонанинг хулосаси керак бўлмаганда, тадбиркор ёки ишлаб чиқарувчи уларга мурожаат қилмаган бўлар эди. Бугунги суд жараёнида давлат ташкилотининг хулосаси тан олинди. Умид қиламанки, қолган жиҳатларга ҳам суд ўзининг ҳуқуқий баҳосини беради.

Бу масаланинг низоли томонини кўрмадим. Машинанинг яроқли ёки яроқли эмаслиги – шартнома тузиб, ҳақ олишдан олдин кун тартибига қўйиладиган масала аслида. Пулини олиб, маҳсулот етказиб бериш учун барча муддатлар ўтиб кетгандан кейингина автомашина яроқли ёки яроқсиз эканлигининг муҳокама қилиниши – мутлақо нотўғри нарса.

Бу тез орада ўз ечимини топади деб умид қиламан. Маҳсулот ҳам эгасига етказиб берилади деб ўйлайман. Агар бу иш ечимини топмаса, эртага бу муаммо бизнинг ҳам бошимизга тушиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу суд жараёни жуда катта аҳамият касб этади.

“Агар камчилик октябрда аниқланган бўлса, нима учун ноябрда ҳам тўлов қабул қилинди?”

Ўктам Қаҳҳоров, жабрланувчи:

— UzAuto Motors вакилининг судда айтишича, Captiva-5'даги “камчилик” ҳақида 18 октябрда хабар топишибди. Лекин шартномалар бериш 20 ноябргача давом этди. Агар камчилик октябрда аниқланган бўлса, нима учун ноябрда ҳам тўлов қабул қилинди?

Фуқаролик кодексларида келтирилган 10 дан ортиқ бандларни назар-писанд қилмасдан, ўзларининг эски саналар билан тайёрланган сохта хулосаларини Фуқаролик кодексидан ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларидан ҳам устун қўймоқда. Ўйлайманки, ҳали адолат йўқ бўлиб кетмаган. Бир истеъмолчи сифатида суд тизими менинг манфаатларимни адолатли ҳимоя қилишига ишонаман.

“Ички хулосаларга кўра иш юритилаверса, фирибгарлик кўпайиб кетади”

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

—Биринчи суд жараёнининг қароридан кейин мурожаат бўлган, шундан сўнг, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига депутатлик сўровини жўнатганман ва унга жавоб олдик. Кўриниб турибдики, автомобилни Ўзбекистон иқлим шароитларида синовдан ўтказишнинг ўз эгаси бор. Бу аккредитациядан ўтган ташкилотлар бўлиши мумкин ва UzAuto Motors бу ташкилотлар рўйхатида йўқ. Корхонанинг ўзича синов ўтказиб, маҳсулотларни мижозларга етказиб беришни кечиктириш ваколатлари йўқ экан. Биз бунга ойдинлик киритиб олдик. Бугунги судда энг кўп вақт шунга кетиб қолди.

Синовлар бўйича ҳам шубҳали саволлар кўп бўлди. Бир ой муддат ичида 10 минг км юрилгани айтилди. Албатта, бу қисқа муддатда 10 минг км босиб ўтишга мажбур қилиб ишлатадиган бўлса, исталган машинанинг мотори қизиши ва иссиқлик чиқариши табиий ҳол. Агар бундан келиб чиқадиган бўлса, синовдан атайин ўтказмаслик учун тўхтовсиз ҳайдалдими деган гумон ҳам келиб чиқади-да.

Биз фақат судлардан журъатлироқ бўлишни, Ўзбекистонда фуқаролар манфаатлари юзасидан ишлаб чиқарилаётган қонунларда ҳам тенглик нуқтайи назаридан ёндашишларини сўраб қоламиз. Агар босим ва бошқа сабаблар бўлмаса, бу ерда истеъмолчи манфаатларидан келиб чиқиб, қарор чиқарилади. Шахсан менинг бунга шубҳам йўқ. Қонун истеъмолчи манфаати томонда. Агар ички хулосаларга кўра иш юритилаверса, фирибгарлик кўпайиб кетади.

Компаниянинг оддий ходимларида айб йўқ. Биз бошқарувда ўтирганларнинг истеъмолчи манфаатларига кўра қарор қабул қилмасликларига ўрганиб ҳам қолдик. Улардан умид қилиб бўлмаслигини вақт ҳам кўрсатяпти. Агар қонун ижрочилари мажбур қилиб, уларнинг жиловидан тутмаса, ўзлари истеъмолчига ён босиши даргумон. Агар улар истеъмолчини ўйлаганида автомобилларни магнитофонсиз чиқариш каби юзсизликка бормаган бўлишар эди.

Kun.uz мазкур суд жараёнларини кузатишда давом этади.

Достон Аҳроров,
Жавоҳир Ғайратов,
Kun.uz

Мавзуга оид