Ўзбекистон | 08:03 / 21.10.2022
1501
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ ишга туширилади 

18-19 октябрь кунлари Тожикистон ҳукумати ва БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси таклифига биноан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этди. 

Фото: Dunyo

Конференция доирасида БМТ бош котиби ўринбосари – БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашув бўлиб ўтди.

Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги мавзусидаги халқаро конференция доирасида қатор ҳужжатлар қабул қилинган.

Учрашув якунлари бўйича Тошкент конференцияси давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни ўз ичига олган ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи «Йўл харитаси» имзоланди.

«Йўл харитаси» юқори даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш, Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш, ватанга қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилишда маҳаллалардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳузурида ушбу масала бўйича минтақавий экспертлар кенгашини таъсис этиш ва бошқа тадбирларни кўзда тутади.

Жамият барча қатламлари иштирокида бағрикенглик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида 2023 йили БМТ шафелигида Ўзбекистонда «Маърифат ва диний бағрикенглик» мавзусида юқори даражадаги конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид