Жаҳон | 08:00 / 21.10.2022
9258
3 дақиқада ўқилади

Москва суди Марина Овсянниковани сиртдан ҳибсга олди

Биринчи каналнинг собиқ муҳаррири Москвада сиртдан ҳибсга олинди. Россия армияси ҳақидаги «фейклар»да айбланган Марина Овсянникова уй қамоғидан қочган ва адвокатига кўра, Европада.

Фото: РИА Новости

Россия армияси ҳақида «фейк хабарлар» тарқатишда айбланаётган Биринчи каналнинг собиқ муҳаррири Марина Овсянникова Москванинг Басманний суди томонидан тергов талаби билан сиртдан ҳибсга олинди.

«Овсянниковага нисбатан суд айбланувчи Россия ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан бошлаб ёки Россия ҳудудида қўлга олинган пайтдан бошлаб муддатни ҳисоблаб, бир ой 29 кун муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади», — дея 20 октябр, пайшанба куни суд хабаридан иқтибос келтирган Интерфакс агентлиги.

Октябрь ойи бошида худди шу Басманний суди терговнинг Овсянниковага нисбатан эҳтиёт чорасини уй қамоғидан ҳибсга олишга ўзгартириш ҳақидаги илтимосномасини рад этди.

14 март куни Биринчи каналда муҳаррир бўлиб ишлаган Марина Овсянникова урушга қаршилик кўрсатиш чақириқлари билан видео ёзиб олгандан сўнг, урушга қарши плакат билан кечки янгиликларда жонли эфирга чиқиб кетди. У қўлга олинди ва маъмурий жаримага тортилди. Кейин Овсянникова яна икки марта жаримага тортилди: Иля Яшин иши бўйича суд биносида нутқ сўзлагани ва Facebook'даги пости учун.

Ёзда «Путин - қотил, унинг аскарлари - фашистлар. 352 бола ҳалок бўлди. Сиз тўхташингиз учун яна қанча болалар ўлиши керак?» деган плакат ёзилган якка пикет туфайли Россия армиясига оид «фейклар» бўйича журналистга нисбатан иш очилган эди. Суд унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини тайинлади.

Октябрь ойида Овсянникованинг собиқ турмуш ўртоғи у 11 ёшли қизи билан уй қамоғидан қочиб кетганини, Ички ишлар вазирлиги журналистни қидирувга берганини айтди. 17 октябр куни журналистнинг адвокати у Европага жўнаб кетгани ва «Европа давлатларидан бири ҳимоясида» эканини маълум қилди. Худди шу куни Басманний суди Овсянникованинг оналик ҳуқуқларини чеклаб, унга собиқ эрига икки болани боқиш учун ойига 35 минг, ўғли вояга етганидан кейин эса - 17 минг рубль тўлаш мажбуриятини юклади. 

Мавзуга оид