Ўзбекистон | 12:07 / 21.10.2022
29151
3 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳибсда. Улар 19,7 млрд сўм бюджет маблағини ўзлаштиришда гумонланмоқда

Исроил Худойбердиев, унинг икки нафар ўринбосари ва яна 4 нафар мансабдор ҳибсга олинган. Давлат манфаатларига етказилган зарар 19,7 млрд сўм баҳоланмоқда.

Исроил Худойбердиев / Фото: ЎзА

Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, ҳокимнинг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов, шаҳар архитектори, «Яшил дунё» савдо мажмуаси лойиҳачиси, раҳбари ва қурувчиси ҳибсга олинган.

Gazeta.uz'нинг аниқлашича, бу мансабдорлар “Яшил дунё” савдо мажмуаси қурилиши давомида миллиардларни ўзлаштирганликда гумонланяпти. Улар Термиз шаҳрида жойлашган 9-сонли тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

ЎзА'нинг ёзишича, мазкур шахслар Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларда гумонланмоқда.

Gazeta.uz қайси мансабдор қандай моддалар билан айбланаётганига бирма-бир тўхталган.

Чунончи, собиқ ҳоким Исроил Худойбердиев Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги); Термиз шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов ЖК 167-моддасининг «а» банди билан (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбланмоқда. Бундан ташқари, Gazeta.uz 2017–2018-йилларда ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари сифатида ишлаган Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишига жалб қилинганини маълум қилган.

Миллий ахборот агентлигига кўра жиноят иши Бош прокуратура томонидан қўзғатилган. Gazeta.uz эса тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилаётгани ҳақида ёзган.

Бироқ Kun.uz мухбири билан суҳбатда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов ушбу кейс бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирди. Шамсуддинов, шунингдек, Бош прокуратурага ҳавола бериб хабар тарқатган ЎзА бу маълумотни кимдан олганидан бехабар эканини айтиб, буни агентликнинг ўзидан сўрашни тавсия қилди.

Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва бошқалар ҳибсга олинганини Gazeta.uz мухбирига тасдиқлаган Сурхондарё вилоят прокуратураси матбуот котиби Алишер Бобомуродов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу жиноят иши бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, ҳеч қайси интернет нашр ёки журналист мазкур масалада у билан боғланмагани, ҳеч кимга бу бўйича изоҳ бермаганини таъкидлади. Бироқ Gazeta.uz мухбири Аброр Қурбонмуротов бунинг аксини айтмоқда. Қурбонмуротовга кўра, Бобомуродов жиноят иши очилганини тасдиқлаган, бироқ тергов сири бўлгани сабабли гумондорлар қайси моддалар асосида ҳибсга олинганини очиқлай олмаслигини айтган.

Мавзуга оид