Ўзбекистон | 09:21 / 21.10.2022
2564
1 дақиқада ўқилади

Венгрия Ўзбекистонда йирик паррандачилик кластери ташкил этади

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси (қароргоҳи Вена шаҳрида) Абат Файзуллаев Будапешт шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича мамлакат етакчи компанияларидан бири - Bonafarm Group бош ижрочи директори Аттила Чаньи билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Учрашув чоғида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида қўшма паррандачилик кластерини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масала Венгрияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф арафасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов билан муҳокама қилингани ва ўзбек томонидан Оҳангарон туманида паррандачилик кластерини ташкил этиш лойиҳаси илгари сурилгани қайд этилди.

Bonafarm Group компанияси бош ижрочи директори мазкур лойиҳага қизиқиш билдирган ҳолда уни амалга ошириш имкониятларини батафсил ўрганиш учун яқин кунларда компания ишчи гуруҳи Ўзбекистонга амалий сафари билан боришини маълум қилди.

Bonafarm Group 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, чорвачилик, ем-хашак етиштириш, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган етакчи корхоналарни бирлаштирган. Компания активлари миқдори 1,9 млрд доллар, товар айланмаси 805 миллион долларни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид