Ўзбекистон | 13:36 / 22.10.2022
12060
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқаронинг машинасини 1,6 минг доллар эвазига жарима майдончасидан чиқариб бермоқчи бўлган шахс ушланди

У вилоят ИИБ ЙҲХБдаги танишлари орқали маст ҳолда машина бошқарган шахснинг машинасини жарима майдончасидан чиқариб беришни ва ишни бости-бости қилишни ваъда қилган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 20 октябрь куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармасига фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, машинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига пул талаб қилаётган шахсга нисбатан чора кўришни сўраган.

Унинг аризасига кўра, 2022 йил 16 октябрь куни соат 17:00 ларда фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзига тегишли бўлган “Нексия-3” машинасини Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида бошқариб бораётганида ЙПХ инспекторлари уни тўхтатиб, алкотестердан ўтгазганда спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланган. Шу сабабли, ЙПХ ходимлари унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, машинани жарима майдончасига қўйишган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Шундан сўнг Б. исмли шахс унга вилоят ИИБ ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ишини ижобий ҳал қилиб бериши мумкинлигини, ҳолат юзасидан тузилган маъмурий баённомани судга юбормасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериб, машинани жарима майдончасидан чиқариб беришини айтган. У «хизмат ҳақи»га фуқародан 1,6 минг доллар пул талаб қилган.

Мазкур ариза юзасидан 2022 йил 20 октябр куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Қ.Б. ариза муаллифидан 1,6 минг долларни олган вақтида ушланиб, ҳужжатлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид