Ўзбекистон | 01:45 / 22.10.2022
10042
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 85 фоиз бино ва иншоот ногиронлар учун мослаштирилмаган

Тошкент шаҳридаги ижтимоий инфратузилма объектлари ва биноларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун мослашмаган. Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиниб, халқаро конвенция ратификация қилинган бўлишига қарамай, улар учун инклюзив шароитлар яратилмаяпти.

Фото: Shutterstock

Сенат Кенгашининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишдаги муаммолар санаб ўтилди.

Сенатор Одилжон Иминов дастлаб ногиронлиги бор шахслар метродан фойдалана олмаётганини қайд этди. Боиси, улар учун қулайлик яратилмаган, бекатларнинг аксарияти пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди.

“Қўйлиқ бозорида жойлашган 7-бекатда пандус қиялиги 45 градусни ташкил этмоқда (амалда 8 градус бўлиши керак). Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқ аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлар учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

“Чилонзор” метро станциясидаги ҳожатхонани лойиҳалаштиришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиш имкониятлари инобатга олинмаган. Жумладан, ҳожатхоналардаги баланд остона, тор эшиклар (70 см), ушлагичларнинг мавжуд эмаслиги, қўл ювиш раковиналарининг баландлиги аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун улардан фойдаланиш имконини бермаяпти”, – деди сенатор.

Шу билан бирга, метронинг эски йўлларидаги станциялар кўзи ожиз шахслар учун тактил қопламаларга эга эмас. Янги вагонларни инобатга олмаганда метрополитен поездларида қулоғи оғир инсонлар учун ахборот маълумотлар кўрсатувчи электрон таблолар мавжуд эмас.

Кейинги масала шаҳар ерусти транспортида етарлича шароит яратилмагани бўлмоқда. Маълум қилинишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 93 фоизи ерусти жамоат транспортини тўсиқсизлик нуқтайи назаридан қониқарсиз деб баҳолаган.

Бундан ташқари, йиғилишда йўл бўйи инфратузилма объектларидаги қатор камчиликлар санаб ўтилди.

“Айрим ерусти ўтиш йўлларида (Себзор ва А.Қодирий кўчалари кесишмасида) лойиҳалаштириш жараёнида лифтлар кўзда тутилган бўлса-да, амалда мавжуд эмас. Шунингдек, мазкур жойда эскалаторлар ҳам ишламайди.

Айрим ерости ўтиш йўллари ностандарт пандуслар билан жиҳозланган бўлиб, ногиронлик аравачалари ғилдираклари мазкур пандусларга сиғмайди, бу эса ҳаракатланиш имконини бермайди”, – деди Одилжон Иминов.

Қўшимча қилинишича, жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари, рельеф нуқтали Брайл шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгиларнинг йўқлиги, шунингдек, пиёдалар йўлакчаларида техник мосламалар, яъни кўзи ожиз шахслар учун овозли ишора билан жиҳозланган светофор мавжуд эмаслиги ҳам сезиларли тўсиқлардан бири бўлиб келмоқда.

Сенаторнинг айтишича, бу ҳолатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёрдамга муҳтож тарзда ҳаракатланиш учун яқинларига қарам бўлиб қолишини тақозо этади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz шу йил ёзда Тошкент шаҳри ногиронлиги бўлган инсонлар учун қанчалик ноқулайлигини тажрибадан ўтказиб, бу ҳақда материал эълон қилган эди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ниҳоят ратификация қилинди. Бундан қандай умид бор?

Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини Конституцияда белгилашга қандай эҳтиёж бор?

Мавзуга оид