Ўзбекистон | 10:02 / 22.10.2022
5290
2 дақиқада ўқилади

Юқори инстанция суди томонидан суд қарорини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиёти тугатилади

Фото: Shutterstock

“Суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, фуқаролар бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмлари такомиллаштирилмоқда ва суд қарорларини қайта кўриш янги тартиби жорий этилмоқда.

Унга кўра, ишлар:

  • туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи инстанцияда;
  • вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатлари апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжатлари кассация тартибида ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари тафтиш тартибида;
  • вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан шикоятлар (протестлар) Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида, алоҳида ҳолларда Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Олий суд раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Суд қарорлари барқарорлигини, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилинишини таъминлаш мақсадида юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатиш назарда тутилмоқда.

Юқоридаги тартиблар жорий этилиши муносабати билан Иқтисодий процессуал кодекс умумий қоидаларига оид моддаларига, апелляция ва кассация инстанцияга оид бобларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича иш юритишга оид қоидаларни белгиловчи 36-боб билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид