Жаҳон | 14:11 / 23.10.2022
17852
8 дақиқада ўқилади

Британия бош вазирлиги учун кураш. Жонсон ва Сунак етарлича тарафдорларга эга

Фото: BBCRussian

Лиз Трасс Буюк Британия бош вазирлиги лавозимини тарк этгач, унинг ўрни учун кураш авж олмоқда. Ҳозирча фақат Жамоатлар палатаси раҳбари Пенни Мордонт сайловга ўз номзодини қўйиши ҳақида эълон қилган. Лекин ҳали жим турган бўлишса-да, собиқ бош вазир Борис Жонсон ва унинг ҳукуматида молия вазири лавозимида ишлаган Риши Сунак асосий фаворитлар - улар сайловда қатнашиш учун зарур бўлган камида 100 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

BBC ҳисоб-китобларига кўра, шанба кунининг иккинчи ярмига келиб ёзда Консерватив партия ва бош вазирлик учун бўлиб ўтган сайловларда Лиз Трасснинг асосий рақиби бўлган Сунакни Жамоат палатасида торилар партиясидан 112 нафар депутат қўллаб-қувватлашини билдирган.

Сентябр ойи бошида бош вазирлик лавозимини эгаллаган Трасс икки ой ўтмасдан истеъфога чиққанидан кейин янги раҳбарни сайлаш учун партия бу сафар юқори ўтиш чегарасини жорий этди: Жамоатлар палатасида торилар фракциясининг камида 100 нафари томонидан қўллаб-қувватланаётган номзодгина сайловда иштирок этиши мумкин.

Консерваторлар партияси ҳозирда парламент қуйи палатасида 357 мандатга эга бўлгани туфайли, сайловда кўпи билан уч нафар номзод иштирок этиши мумкин.

Доминикан Республикасида оиласи билан таътил ўтказаётган собиқ бош вазир Борис Жонсон шанба куни тонгда Лондонга учиб келди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Жонсон бош вазир учун тақдим этилган қўриқчилар билан келган бўлса-да, у эконом-классда учган. У қўниши билан баёнот беришга шошилмади.

Пенни Мордонтни эса, BBC ҳисобларига кўра, ҳозирча 21 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. Сайлов жараёнида аутсайдер эканига қарамай, у сайловда иштирок этиш нияти ҳақида биринчи бўлиб эълон қилди ва у бу борада ҳозирча ягона бўлиб турибди. У ҳатто партиянинг оддий аъзолари учун дастлабки сайловолди роликни намойиш этди - сайлов жараёни сўнгида айнан оддий аъзолар партия раҳбари учун овоз беришади.

Риши Сунак ҳам ўз уйи атрофида тўпланган мухбирларга ҳозирча ҳеч нарса демади. Аммо BBC манбаларига кўра, у ҳам тез орада партия етакчилиги учун номзодини қўйиш ниятини эълон қилади.

Британия бош вазирлиги ўрни якунланган ҳафтада бўш қолди - Лиз Трасс иқтисодий сиёсатдаги дастлабки қадамлари муваффақиятсизликка учраши ортидан олти ҳафта бош вазирликдан кейин истеъфо берди.

Партиянинг янги раҳбари ва бош вазирни консерваторлар 28 октябр куни сайлаши кутилмоқда.

Жонсоннинг имкониятлари қандай?

Ҳозирча у сайловга номзодини қўйиш нияти ҳақида расман эълон қилмади, аммо унинг вакиллари берган маълумотга кўра, уни аллақачон 100 дан ортиқ депутатлар қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, Сунакнинг тарафдорлари Жонсонни қўллаётган консерватор депутатлар рўйхатини тақдим этишни сўрашмоқда. Улар бундай 100 депутат ҳақиқатда мавжудлигига шубҳа билан қарашмоқда.

Политологлар эса Борис Жонсон яқинда можароли тарзда бош вазирликдан кетганига қарамай, унда бу лавозимга қайтиш учун яхши имконият борлигини қайд этишмоқда.

Жонсонда партияда ҳам, парламентдан ташқарида ҳам етарлича кўп тарафдорлар бор. Бошқа томондан, Жонсоннинг мухолифларига кўра, айнан партия элитаси уни ёзда бош вазирликдан қувиб солганди - можаролар ва омма олдида ёлғон гапириши туфайли у партия учун ортиқча юк бўлиб қолгани, у билан консерваторлар кейинги сайловларда ғалаба қозона олмаслиги айтилганди.

Бундай айбловлар ҳозир ҳам Жонсонга тўғаноқ бўлиши мумкин: парламент Жонсон Даунинг стритдаги «ковид зиёфат» борасидаги айбловларни ўзидан соқит қилиш мақсадида Жамоат палатасида ёлғон гапиргани масаласида текширувларни давом эттирмоқда. Ушбу тергов натижасида Жонсоннинг депутатлик ваколатлари тўхтатилиши ва ҳатто буткул бекор қилиниши мумкин, буни эса бош вазир учун тасаввур қилиб ҳам бўлмайди.

Бошқа номзодлар ҳақида қисқача

Риши Сунак

Руши Сунак ва Пенни Мордонт ёзда Жонсон истеъфога чиққанида Консерватив партия раҳбарлиги учун пойгада иштирок этган, биринчи раундда Сунак катта фарқ билан биринчи бўлганди.

Риши Сунак. Фото: Reuters

У Британия парламенти депутати бўлганига кўп вақт бўлмаган - бу 2015 йилда рўй берган. 2019 йилда Жонсон ҳукуматида молия вазири (канцлер) этиб тайинланган ва бу лавозимда 2022 йил 5 июлига қадар қолган, ўшанда у ўз ҳамкасби, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ортидан истеъфо берганди.

Уларнинг иккиси ҳам лавозимидан кетаркан, Борис Жонсоннинг ҳаракатларини кескин қоралашганди.

Сунак ториларнинг бўлажак етакчиси сифатида кўрилаётганди, аммо унинг рафиқаси Акшату Мурти атрофидаги можаро панд берди. Отасининг Ҳиндистондаги Infosys компаниясида катта улушга эга бўлган ва ўтган йили дивидендлар сифатида 10 млн фунтдан ортиқ даромад олган Мурти Британияда норезидентлик баҳонасида солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган ва бу унинг турмуш ўртоғининг обрўсига путур етказган.

Молия вазири эканида Сунак пандемия оқибатларига қарши курашиб, локдаун чоғида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун катта миқдордаги маблағларни йўналтиришга мажбур бўлганди. Бундай сиёсат аслида унинг қарашларига зид келади (у ўзини паст солиқлар ва юқори бўлмаган давлат харажатлари тарафдори бўлган анъанавий консерватор деб ҳисоблайди), аммо бу унинг машҳурлиги ортишига ёрдам берган.

Пенни Мордонт

2019 йилда Пенни Мордонт Британия мудофаа вазири бўлган тарихдаги илк аёлга айланади.

Пенни Мордонт. Фото: Reuters

Унинг сиёсий фаолияти Дэвид Камерон ҳукуматида бошланган, у ўшанда қуролли кучлар бўйича вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган. Консерваторлар партиясига эса у ўсмирлик чоғидаёқ келган, у ёш торилар ҳаракати сафларида бўлган.

Ҳозирда у Жамоатлар палатаси раиси ва Ворислик кенгаши лорд-раиси ҳисобланади. Шу туфайли у қиролича Елизавета II ўлимидан кейинги дафн тадбирларида иштирок этганди. Хусусан, Чарлз III тахтга чиққани расман қайд этилган ҳужжатга унинг имзоси ҳам қўйилган.

Кураш натижалари бўйича прогнозлар

Британиянинг кўплаб газеталари жума куни Борис Жонсоннинг Даунинг-стритга яна қайтиши бир неча ой олдин тасаввурга сиғмаган бўлса-да, энди реал эҳтимолга айлангани, асосий кураш у ва Сунак ўртасида кечиши ҳақида ёзишди.

«Бу имконсиз. Ёки имкони борми? Борис Жонсон Даунинг-стрит, 10 га қайтадими?» - Daily Express сарлавҳаси

Масалан, Daily Mail айнан шу икки сиёсатчи «торилар қалбини забт этиш учун курашиши», Жонсонда фаворитга айланиш учун барча имкониятлар борлигини қайд этди. Нашр партияда унинг қайтишига қатъиян қаршилар мавжудлигини тан олган ҳолда, партиядаги ўз таъсиридан фойдаланиши мумкин бўлган оғир вазнли сиёсатчилар уни танлашини таъкидлайди.

Times эса Пенни Мордонтни ҳисобдан чиқармасликка чақириб, у ёздаги партия ичидаги сайловларда сюрприз кўрсатиб, партия етакчилари сафига ёриб кирганини эслатиб, у ҳам партиядошлар орасида катта вазнга эгалигига эътибор қаратган.

Консерваторларнинг «норасмий овози» ҳисобланган Daily Telegraph нашри тахмин қилишича, Жонсон ториларнинг кўпчилигини партия фақат унинг раҳбарлигида кейинги умуммиллий сайловлардан кейин ҳам ҳокимиятни сақлаб қолиши мумкинлигига ишонтиришга қодир.

Ҳозирда консерваторларни бирлаштира оладиган ягона нарса - бу умуммиллий сайловлар қаршисидаги қўрқувдир, дея бу фикрга қўшилади Financial Times.

Аллақачон барча мухолиф партиялар, шунингдек Уэльс (бу ерда ҳукумат лейбористлар томонидан шакллантирилган) ва Шотландия ҳукумати (ҳудуд Шотландия миллий партияси томонидан бошқарилади) зудлик билан навбатдан ташқари сайловлар ўтказишга чақирган.

Мавзуга оид