Ўзбекистон | 18:47 / 23.10.2022
27237
14 дақиқада ўқилади

Республика бўйлаб иссиқхоналарни газдан узиш бошланди. Ҳосилга кирган кўчатларнинг тақдири нима бўлади?

Республика бўйлаб иссиқхона хўжалиги ташкил этган тадбиркорлар куз-қиш мавсумида газ етказиб бериш тўхтатилиши ҳақида огоҳлантириш олган. Айрим ҳудудларда аллақачон иссиқхоналарни газдан узиш бошлаб юборилгани айтилмоқда. Тадбиркорлар газ таъминоти корхоналарининг бу ҳаракатларидан норози бўлмоқда.

Фото: KUN.UZ

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жойлардаги газ таъминоти филиалларига юборилган топшириқ хатида иссиқхона хўжаликларини табиий газга муқобил бўлган импорт кўмир ёки бошқа турдаги ёқилғи билан таъминлаш, куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчиларни расман огоҳлантирган ҳолда босқичма-босқич табиий газ етказиб борилишини тўхтатиш ҳақида сўз боради.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг 2022 йил 14 октябрдаги 02-48-125-сонли кўчирма хати. Фото: Kun.uz

Kun.uz’га мурожаат қилган республиканинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатувчи иссиқхоначилар аллақачон огоҳлантириш олишгани, ҳосил ғарқ пишиб турганига қарамай айрим иссиқхоналар аллақачон газдан узиб қўйилганини айтишмоқда.

Иссиқхона хўжаликлари раҳбарларига тақдим этилаётган огоҳлантириш хатида 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида тасдиқланган жадвал-режа асосида 3-5 кун ичида табиий газдан муқобил ёқилғига ўтиш кераклиги ҳақида сўз боради. Газ таъминоти корхоналари ушбу огоҳлантириш хати билан иссиқхонани иситиш учун газдан бошқа ёқилғига ўтилганда юзага келиши мумкин бўлган барча салбий оқибатлар учун жавобгарликни зиммасидан соқит қилиб, бунинг учун иссиқхона эгалари жавобгар бўлишини эслатган.

Иссиқхона хўжаликларига тақдим этилаётган огоҳлантириш хати намунаси. Фото: Kun.uz

“3 гектарга экилган помидор кўчатлари ғарқ ҳосилга кирган”

Иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи бир гуруҳ тадбиркорлар биз билан суҳбатда давлатнинг ваъдаларига ишониб катта пул тикиб, қарз ва кредит олиб бу ишни бошлашгани, агар келгусида бу каби муаммолар юзага келишини билишганида иссиқхоначиликнинг яқинига ҳам йўламаган бўлишларини таъкидлашмоқда.

– 2018 йилда иш бошлаганман. 3 гектар майдонда иссиқхона барпо этганман. Ҳали Осиё тараққиёт банкидан олинган кредитни тўлиқ қайтариб улгурмаганмиз. Ҳозирга қадар бир сўм ҳам фойда олганимиз йўқ, топган пулимиз қарзимизни қайтаришга кетмоқда.

Газ учун ҳар ой олдиндан 100 фоиз тўлов қиламиз. Бир ойда 150 миллион сўмлик газ ишлатамиз. Ҳисобимизда кейинги ойнинг ўнинчи санасигача етадиган пулимиз бор. Лекин “Ҳудудгаз Тошкент” корхонаси 3 кун ичида иссиқхонамиз газдан узилиши ҳақида огоҳлантирди. Лекин мен огоҳлантиришни қабул қилишдан бош тортдим.

Қибрайдаги иссиқхонада ҳосилга кирган помидорлар. Фото: Kun.uz

Чунки 3 гектарга помидор экканман. Кўчатларим ғарқ ҳосилга кирган. Агар ҳозир газни ўчириб қўядиган бўлишса, 300 минг доллар зарарга кираман. Шуни кўра-била туриб, бизни газдан узиб қўйишлари қанчалик тўғри? Увол эмасми бу?Давлат раҳбари кейинги пайтда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида кўп гапирмоқда.

Пандемия даврида, Украина-Россия ўртасидаги зиддият фонида бу масаланинг қанчалик долзарблигини ҳар бир ўзбекистонлик ҳис қилганига шубҳам йўқ. Шундай мураккаб пайтда аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш билан шуғулланаётган кичик бизнес вакилларининг мушкулини осон қилиш, кўмаклашиш керак эмасми? Биз эса бунинг аксини кўряпмиз”, дейди исми сир қолишини сўраган қибрайлик тадбиркор.

Қибрайдаги иссиқхонада ҳосилга кирган помидорлар. Фото: Kun.uz

 “Замонавий иссиқхоналарни кўмир билан иситиб бўлмайди”

Қашқадарёлик тадбиркорнинг айтишича, ҳудудий газ таъминоти корхоналари таклиф қилаётгани каби иссиқхоналарни кўмир билан иситишнинг имкони йўқ. У бу усул фақатгина кичик майдондаги қўлбола иссиқхоналарда иш бериши мумкинлигини таъкидлади.

– Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 2 гектар ер майдонида иссиқхона барпо этганмиз. Бизга 5 кун ичида 3 ойлик муқобил энергия, яъни кўмир захирасини ғамлаб туришимиз кераклигини айтишди. Лекин 3 ойга етадиган кўмирни 5 ойда ҳам ғамлай олмаймиз. Чунки бунинг учун етарли маблағимиз йўқ.

Қолаверса, кўмир ёрдамида 10-20 сотих ерларни иситиш мумкиндир. Аммо катта иссиқхоналарни, гектарлаб ерларни кўмир ёрдамида иситиб бўлмайди. Масалан, бизнинг иссиқхонамиз баландлиги 8 метр, ҳажми 2 гектар. Бундай иссиқхоналарни кўмир билан иситишнинг имкони йўқ. 20-30 гектар майдонда иссиқхона барпо этганлар бор, улар нима қилсин?!

Қаршидаги иссиқхонада ҳосилга кирган помидорлар. Фото: Kun.uz

Агар “РайГаз”дагиларнинг айтганини қилишга мажбур бўлдик ҳам дейлик. Бунинг учун яна харажат қилишим, тахминан 30 минг долларга кўмирда ишлайдиган иккита “котёл” олишим керак бўлади. Биттаси билан иссиқхонамни иситиб бўлмайди. Энг камида бир вагон кўмир олишим керак, бунинг учун 1,5 минг доллар атрофида маблағ талаб қилинади. Қишдан чиқишимиз учун тахминан 10 минг долларлик кўмир сарфлашга тўғри келади.

Аммо ҳозирги ҳолатимизда бунча миқдордаги харажатга имкониятим йўқ. Чунки фаолиятимизни 2019 йил бошлаган бўлсак-да, уч йиллик имтиёзли даврдан фойдалана олмадик. Қолаверса, гидропоника бўйича мутахассис тополмадик, кейин руслар келиб иш ўргатишди, уларга шогирд тушиб ўргандик. Аммо вақт йўқотганимиз учун кредит тўлови бўйича жадвалдан орқада қолиб кетдик. Топганимиз банкка кетяпти-ю, энди эса газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда”, дейди исмини очиқлашни истамаган тадбиркор.

Қаршидаги иссиқхонада ҳосилга кирган помидорлар. Фото: Kun.uz

 “1 млн долларлик экспорт шартномамиз борлигини айтсак-да, газдан узиб қўйишди”

Жиззах вилояти Шараф Рашидов туманида 5 гектар майдонга иссиқхона ташкил этган Greenhouse Fruits МЧЖ раҳбари О.Эргашев Россия билан 1 млн долларга экспорт шартномаси борлиги, шартномавий мажбуриятларини ҳали бажармаганига қарамай иссиқхонаси газдан узиб қўйилганини айтмоқда.

“2019 йили Жаҳон банкининг 1,2 млн долларлик кредити билан фаолиятимизни бошлаганмиз. Дастлаб икки гектар ерда иссиқхона ташкил қилган бўлсак, кейинчалик фаолиятимизни кенгайтириш орқали еримизни 5 гектарга етказдик. Бугунги кунда 5 гектарнинг барчасига помидор экилган. 1 млн долларлик маҳсулотларимизни Россияга экспорт қилиш бўйича шартномамиз бор. Олдиндан бизга 30 минг доллар тўлаб берилган. Шунақа келишганмизки, ҳамкоримиз ҳар сафар 30 минг долларни ҳисобга ўтказади, биз шу пулга яраша маҳсулот юборамиз. Яъни россияликлар олдиндан тўлов асосида ишлайман деганимда рози бўлишган.

Greenhouse Fruits МЧЖга тегишли иссиқхонадаги помидорлар. Фото: Kun.uz

Россия учун махсус навдаги помидор экканмиз. У бир ойда пишади. Помидоримиз пишиш арафасида. Ҳали бир кило ҳам экспорт қилганимиз йўқ. Зиммамизда экспорт мажбурияти турибди. Шуларни айтсак ҳам газ таъминоти корхонаси бизга огоҳлантириш хати берди-да, иссиқхонамизни газдан узди. Йўқса огоҳлантириш беришган заҳоти газимизни узмай туришларини сўраб, вазиятимизни тушунтириб хат ёзгандик. Бироқ важларимиз инобат олинмади.

Ўзи бир ойга бор-йўғи 110 минг куб газ оламиз. Маҳсулотимиз етилиш арафасида. Лекин айни пайтда газсиз ўтирибмиз. Кўчатларимиз газ узилган биринчи кечадаги совуқнинг ўзида “стресс” олиб бўлди. Уларни жонлантириш учун яна харажат қилдик. Кеча, бугун совуқ бўлгани йўқ худога шукур. Кўчатларимиз совуқ урмаган бўлса ҳам ҳозир иссиқхона ичида бизга зарур ҳарорат йўқ. Бу аҳволда кунлар совиб кетмаса ҳам маҳсулотимиз пишиши секинлашади.

Агар маҳсулотимизни совуқ урадиган даражада совуқ тушадиган бўлса, мени олиб бориб қамаб қўйишса ҳам газни улайман. Бошқа иложим йўқ. Чунки ҳозиргача ҳазилакам харажат қилганимиз йўқ. 5 гектарга 250 минг доллардан кўпроққа минерал ўғит ишлатганмиз. Иш ҳақи, электр токи харажатлари, буларнинг барчаси ҳисобланса, жуда катта харажат қилинган. Маҳсулотни совуқ урадиган бўлса хонавайрон бўламиз”, дейди О.Эргашев.

Иссиқхона газдан узилгандан кейинги помидорларнинг ҳолати. Фото: Kun.uz

 “Газ таъминоти бўйича шартномалар Ҳудудгаз манфаатини кўзлаб тузилган”

Суҳбатдошларга кўра иссиқхона саноати барқарор ва даромадгир соҳа эмас. Тадбиркорлар бу ишни бошлашган вақтдаги харажатлар билан ҳозирги пайтдагиси бир-биридан тубдан фарқ қилишини айтмоқда. Яъни маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги нархи деярли ўзгармаган бўлса-да, унга бериладиган озуқа моддалар нархи икки баробарга қимматлашган. Соҳадаги бу ва бошқа муаммоларга сабр қилиб ишлашаётган бир пайтда газдан узиб қўйиш уларга оғирлик қилаётгани, ишдан совутаётганини айтмоқда.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, газ таъминоти корхонаси ва иссиқхона эгалари ўртасида тузилган шартномалар бир ёқлама ҳамда монопол ташкилот манфаатларини кўзлаб тузилган.

“Газ етказиб бериш бўйича шартномалардаги бандлар юзасидан аввалбошдан эътирозларимизни билдирганмиз. Чунки шартномада бизнинг манфаатларимизга зид, фақатгина монопол ташкилот фойдасига хизмат қиладиган бандлар кўп.

Масалан, агар газ тақчиллиги юзага келгудек бўлса, шартномага кўра исталган вақтда бизни тармоқдан узиб қўйишлари мумкин. Шу шартга розиман деб биздан қўл қўйдириб олишган. Қўл қўймаслик иложсиз эди.

Тенг ҳуқуқли шартнома сўраганимизда газга улаб беришмай сарсон қилишди. Зиммамизда қарзларимиз бўлгани, ўтаётган ҳар бир кун зараримизга ишлаётгани учун ноилож шартномага қўл қўйганмиз. Эндиликда айнан шу бандини асос қилиб, иссиқхоналаримизни газ тармоғидан узишяпти. Бу шароитда тадбиркор қандай қилиб инвестиция киритиши, қандай қилиб кредитни тўлаши ва қандай қилиб фойдага кириши мумкин?” дейди қибрайлик тадбиркор.

Фото: “Ҳудудгазтаъминот” АЖ

“Ҳудудгаз билан тузилган шартномамизнинг 2.7-бандига бизнинг зараримизга ишлайдиган қоидани тиркаб қўйишган. Яъни унга кўра, аҳолини газ билан таъминлашда муаммо юзага келадиган бўлса, таъминотчи исталган вақтда истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйишга ҳақли. Бу “шаблон” қилиб қўйилган шартнома. Уни ўзгартиришга рози бўлишмаган. Шу шартномани имзоласак, газга улаб беришларини айтишган. Мажбур рози бўлганмиз.

Ўша пайтда газга уланиб олганимизга шукур қилганмиз. “Кейин нима бўлса худо пошшо” дегандик ўша пайтда. Шартномавий муносабатлардаги нотенглик мана бугун бошимизга калтак бўлиб синяпти. Аммо ҳозир дардимизни эшитадиган валломат йўқ. Дод десак, мана, ўзинг рози бўлган экансан-ку, деб шартномани пеш қилишади. Ҳой, барака топкур, шартноманинг ўзи қонунларга қанчалик мос? Нега у тадбиркорнинг зарарига ишлайдиган қилиб тузилган? Бу саволларга жавоб берадиган, манфаатларимизни ҳимоя қиладиган мутасаддини тополмаяпмиз”, дейди қаршилик иссиқхона хўжалиги эгаси.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчилардан газдан оқилона фойдаланишни сўради

Мурожаатчиларнинг важлари бўйича “Ҳудудгазтаъминот” АЖ масъулларидан ҳам изоҳ сўрадик. Жамият ахборот хизмати раҳбари Меҳрибон Маметова ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилаётгани учун асосий ресурсларни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш мақсадида иссиқхоначиларга кўмир ва бошқа муқобил ёқилғидан фойдаланиш тавсия этилганини билдирди. Бироқ у ҳосили ғарқ пишиб турган, аммо муқобил ёқилғи тополмаган тадбиркорлар масаласи қандай ҳал қилиниши ҳақидаги саволимизни очиқ қолдирди.

Меҳрибон Маметова, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раисининг матбуот котиби. Фото: АОКА

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 октябрдаги “2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 224-сон йиғилиш баёнининг 41-бандига асосан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти бўйича режа-графиклар тузилмоқда. Мавсумий истеъмолчиларга кўмир ва бошқа муқобил ёқилғилардан фойдаланиш ҳақида хабарномалар юборилган.  

Бугунги кунда республика бўйлаб 2885 та иссиқхона хўжаликлари фаолият юритмоқда. Шундан 1793 таси кўмир ва бошқа муқобил ёқилғи турларидан фойдаланади. 1092 таси табиий газга мослаштирилган.

“Ўзгидромет” хабарларига кўра келаётган куз-қишда хаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилмоқда. Шу муносабат билан асосий ресурсларни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилиши максадида, иссиқхона хўжаликлари ва мавсумий истеъмолчиларга кўмир ва бошқа муқобил ёқилғидан фойдаланиш тавсия этилган. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз навбатида истеъмолчилардан табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни сўрайди”, дейилади Меҳрибон Маметова томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.

Тадбиркорларнинг додини эшитадиган борми?

“Ҳудудгазтаъминот” акционерлик жамиятининг жавоби иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг мушкулини осон қилмаслигини англаб етган бўлсангиз керак. Бу ўринда Адлия вазирлиги Ҳудудгаз ва тадбиркорлар ўртасида тузилган шартномалар амалдаги қонунларга қанчалик мувофиқлигини ўрганиши ва ҳуқуқий баҳо бериши зарур назаримизда.

Дилмурод Қосимов, бизнесомбудсман. Фото: biznesvakil.uz

Балки асосий иши ишбилармонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўлган Бизнес омбудсман борлигини кўрсатадиган вақт келгандир? Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Қосимов қоғозбозликлару ҳисоботлардан бош кўтариб, газдан узилаётгани ортидан миллиард-миллиард зарарга кираётган, бундан ҳам ёмони, ғарқ пишиш арафасидаги неъматлар нобуд бўлаётган бир вақтда амалий иш кўрсатиши керак эмасми? Хуллас, мутасаддилар ҳайит ўтганидан кейин эмас, балки унгача нимадир қилишлари керак. Йўқса кеч бўлади.

Kun.uz мавзуга доир суриштирувларини давом эттиради.

Жамшид Ниёзов, журналист

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид