Ўзбекистон | 13:22 / 24.10.2022
3211
3 дақиқада ўқилади

“Бу Ўзбекистон туризми учун катта реклама бўлади” — Шоазим Миноваров Луврдаги кўргазма ҳақида

Ўзбекистонга оид 320дан ортиқ энг яхши экспонатлар уч ой давомида Париждаги Лувр музейида намойиш этилади. Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров бу кўргазма туризмни ривожлантиришда катта реклама вазифасини ўташини таъкидлади.

Шу йил 24 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Париждаги Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, нодир экспонатлар намойиш этилади.

Кўргазманинг аҳамияти ва унга тайёргарлик жараёнлари ҳақида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров сўзлаб берди.

“2018 йилда давлатимиз раҳбари Францияга ташриф буюрди. Бу – Европа давлатларига биринчи расмий давлат ташрифи эди. Бунинг рамзий томонлари ҳам бор: Франция Ўзбекистон каби ўз сиёсати, бошқа давлатлар билан алоқаларда маданий ҳамкорликка жуда катта аҳамият беради. Францияга ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Луврга боришга вақт топдилар. Бу жаҳондаги энг катта музейларидан бири эканлигини барчамиз яхши биламиз. Лувр – бутун жаҳон дурдоналарини ўзида сақловчи хазина.

Инсонни том маънода инсон қилиб тарбиялашда маданият, маънавиятнинг ўрни катта. Президентимизнинг Францияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи билан кўргазма ташкил қилиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Орадан вақт жуда тез ўтди ва “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси бошланишига оз фурсат қолди. Номидан кўриниб турибдики, у ўзида бутун тарихимиз, энг Қадимги Варахша, Афросиёб деворий суратларидан тортиб, ҳозирга қадар маданият ва санъат соҳасига тегишли осори атиқаларни мужассам этади.

Буларнинг орасида алоҳида таъкидлашга лойиқ бўлган диний, маънавий аҳамиятга эга экспонат – Катта Лангар Қуръони. Унинг тарихи деярли афсонавий, чунки ҳали атрофлича ўрганиш керак бўлган жиҳатлари етарли. У VIII-X асрга оид, деб тахмин қилиняпти. Ҳатто, Усмон Мусҳафидан олдинроқ ёзилган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор. Биз кўргазмага олиб борадиган ушбу Қуръон саҳифаларига дунё миқёсида қизиқиш жуда катта.

Умумий ҳисобда 320дан ортиқ энг яхши экспонатларимизни олиб боряпмиз. Бу кўргазма жуда самарали бўлади, деб ўйлайман. Чунки маданият соҳасидаги ҳамкорлик мамлакатни, халқни дунёга жуда тез танитади. Францияга бир йилда 60 млн турист ташриф буюради. Луврнинг ўзига 10 млндан кўпроқ одам келади. Кўргазма давомида у ерда ўзимизни кўрсатишимиз бизни янада кўпроқ эътироф этишларига, Ўзбекистонга, унинг маданияти ва тарихига нисбатан қизиқиш ортишига сабаб бўлади. Бу туризмни ривожлантиришда катта реклама вазифасини ўтайди. Одамлар кўргазмалар, ўзаро мулоқот орқали бир-бирини қанчалик яхши таниса, ўртадаги ишонч ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Ишонч эса ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари учун эшикларни очади”, – деди Шоазим Миноваров.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид