Ўзбекистон | 10:14 / 24.10.2022
3668
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда мактабларда ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бошланади

Фото: Kun.uz

Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 январдан мактаблар ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади. Адлия вазирлигининг хабар беришича, бу ўқув курслари ҳамма учун ҳам бепул эмас.

Таъкидланишича, қўшимча махсус дарслар кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар, ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчилар – бепул, қолган шахслар – пулли бўлади.

Шунингдек, худди шу вақтдан бошлаб давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима, яширин субтитрлар ёки “югурувчи сатрлар” билан намойиш этилади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.

2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат квотасида сурдопедагогика ва тифлопедагогика йўналишлари бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилади.

2023 йилдан бошлаб ҳар йили сентябр ойида “Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон” танлови ўтказилади ва танлов ғолиблари қуйидагича тартибда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:

• 1-ўрин учун – БҲМнинг 100 баравари;

• 2-ўрин учун – БҲМнинг 65 баравари;

• 3-ўрин учун – БҲМнинг 50 баравари.

Қарорга кўра, ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ундан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш белгиланган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид