Ўзбекистон | 18:55 / 25.10.2022
20755
5 дақиқада ўқилади

My Freighter компанияси томонидан дунёдаги йирик юк ташувчи самолёт Boeing 747 Ўзбекистонга келтирилди

23 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида йирик Boeing 747-281F юк ташиш самолётини тантанали қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. "Jumbo Jet" номи билан ҳам танилган ушбу самолёт My Freighter юк ташувчи компания авиапаркини тўлдиради.

Ўзбекистонга илк бор юк ташиш ҳажми 105 тонналик йирик Boeing747 юк ташиш самолёти етиб келди. Шунингдек, "Jumbo Jet" номи билан ҳам танилган ушбу самолёт My Freighter юк ташувчи компания авиапаркини тўлдиради. Шу пайтгача Ўзбекистондаги энг катта юк ташувчи самолёт 50 тонна юкка мўлжалланган бўлиб, янги самолёт мамлакатнинг халқаро юк ташиш харитасидаги муҳим марказ сифатидаги имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.

Индонезияда зарур техник текширувлардан ўтиб келганидан сўнг, 2022 йил 23 октябрь куни Тошкент аэропортида йирик Boeing 747-281F юк ташиш самолётининг тантанали қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тўрт двигателли кенг корпусли (фюзеляжли) юк ташувчи самолёт 10 600 км масофага парвозларни амалга оширади, шунингдек, экипаж учун саккизта махсус дам олиш жойлари билан жиҳозланган.

Ўзбекистонга келган, UK47088 рақами билан рўйхатдан ўтган самолёт 2019 йилда ташкил этилган My Freighter маҳаллий компанияси томонидан бошқарилади.

Ушбу самолёт моделининг ўзига хос хусусиятларидан бири – бу катта ҳажмдаги юкларни самолётнинг бурун қисми орқали юклаш қобилиятидир. Улкан Boeing 747-281F самолётига иш бир вақтнинг ўзида тўрт томондан, шу жумладан бурун орқали юклаш амалга оширилса, атиги 60-90 дақиқада уни тўлиқ юклаб олиш мумкин. Ўз синфида рекорд даражадаги парвоз диапазонига эга бўлган ушбу самолёт Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа ва АҚШ билан боғлаб, юк ташишни амалга оширишни режалаштирмоқда, бу ерда Тошкент асосий транзит марказига айланади. 

 «Компанияни ташкил этишда биз ўз олдимизга: Ўзбекистонни халқаро юк ташиш марказига айлантиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Яъни Хитой ва Европага нисбатан қулай географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос “осмондаги Ипак йўли”ни яратиш имконимиз бор. Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар улкан ишларни ҳаётга татбиқ этишда катта имкониятлар яратмоқда. Компаниямиз фаолияти натижалари Ўзбекистон Республикаси авиация саноатини стратегик ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг самараси эканлигидан жуда мамнунман. Логистика тенденцияларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, келгуси беш йил ичида ушбу ҳаво йўллари орқали юк ташиш бозори мисли кўрилмаган даражада ўсиши кутилмоқда. Бу электрон тижоратнинг ривожланиши, геосиёсий ўзгаришлар, халқаро ташкилотлар фаолияти ва жаҳон бозорининг ўзгарувчан талаблари билан боғлиқ. Бундай шароитда Ўзбекистон нафақат минтақада, балки халқаро майдонда ҳам асосий ҳаво транспорти марказларидан бирига айланиш салоҳиятга эга», — деди My Freighter компанияси директори Абдулазиз Абдураҳмонов.

Таъкидланишича, шу кунгача компания томонидан 65 минг тоннадан кўп юк ташиш амалга оширилган. Бир ярим йилдан буён олиб борилаётган музокаралар натижасида олиб келинган авиалайнер замонавий техникалар билан жиҳозланган. Мазкур Boeing 747 айни пайтда Хитой, АҚШ ва Европанинг исталган аэропортига парвозларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Яқин келажакда My Freighter компанияси яна 747 турдаги 5 та юк ташувчи самолётларини сотиб олишни ва 5 йил ичида авиапаркни 20 та юк ташиш бортига оширишни режалаштирмоқда.

2022 йилда юк рейслари сонини 410 тага етказган My Freighter компаниясининг омборлари Хитойнинг 10 та йирик шаҳрида, жумладан, Шанхай, Гуанчжоу, Пекин ва Ҳонгконгда, шунингдек, Европадаги йиғиш пунктлари Чехия, Люксембург, Германия (Лейпциг ва Франкфурт), Франция (Париж), Италия (Милан) ва Голландия (Амстердам) ҳамда БАА (Дубай), Жанубий Корея (Сеул), Бразилия (Сан-Паоло) ва Вьетнамда (Хошимин) жойлашган. Кенг инфратузилма ва халқаро ҳамкорларнинг доираси ўзбекистонлик My Freighter компаниясини жадал ривожланаётган халқаро компанияга айлантиради. 

Маълумот учун: My Freighter компанияси 2022 йил 2-4 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган 18-халқаро: «Транспорт ва логистика – TransLogistic Uzbekistan 2022» кўргазмасида иштирок этади.