Журналистларни ҳимоялашга оид қонун лойиҳаси “3 ёшга тўлди”. Уни ким ўтказмаяпти?
Журналистлар фаолиятига қаршилик қилганлик учун жавобгарлик белгилашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганига 3 йилдан ошди. Бу ҳужжат нега қабул қилинмаётгани ҳақидаги саволга Сенат ва АОКА расмийлари жавоб бера олмади. Журналистлар уюшмаси раиси конституциявий ўзгаришлардан кейин журналистларга тўсқинлик қилиш МЖтК эмас, Жиноят кодексига киритилишига умид билдирди.
26 октябр куни Олий Мажлис Сенати биносида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Kun.uz мухбири Ўзбекистонда журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси 2019 йилда ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, лекин шундан бери ўтган 3 йил ичида бу лойиҳа йўқолиб қолгани ҳақида сўради.
Савол юзасидан дастлаб Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев изоҳ берди.
“1997 йилда Ўзбекистонда “Журналистик фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонуннинг 14-моддасида журналистнинг материаллари ва зарур техникаларини ғайриқонуний тарзда олиб қўйиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Лекин амалиётда уни қайси шаклда жавобгарликка тортиш масаласи очиқ қолган. Шу маънода фикрларингиз тўғри.
Ўзбекистонда бугун ОАВ фаолияти тўлақонли юритилиши борасида сиёсий ирода бор. Буни давлатимиз раҳбари доим таъкидлаб келмоқда. Бугунги кунда шунингдек, кенг жамоатчилик таклифлари билан Конституциямизнинг 67-моддасига шу мазмундаги бандлар киритилмоқда.
Жумладан, ушбу моддада оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиши ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда.
Яъни бу масала конституция даражасида белгиланиши кейинги қадам сифатида жавобгарлик масаласи қонунчиликда ҳам акс этишини билдиради.
Шунингдек, сиз бу масалани кўтараркансиз, бир нарсани айтишим керак, Сенат қонунларни Қонунчилик палатаси тасдиқлагандан кейин қабул қилиб олади”, – деди у.
Сенатор жавобидан кейин журналист бу масалада АОКАдан ҳам кўп бор изоҳ сўралгани ва айрим органлар лойиҳани ўтказмаяпти мазмунида жавоб олганини айтиб, АОКА масъулидан ушбу органлар номини очиқ айтишни сўради. Аммо агентлик вакили Абдумуталлиб Ўктамов бу масалада фикр билдириш унинг ваколатига кирмаслиги, бу масала билан норма ижодкорлиги бўлими шуғулланишини билдирди.
Шундан кейин савол-жавобга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров қўшилди ва Конституцияга янги норма киритилиши билан жавобгарлик масаласи ҳам ҳал бўлишини билдирди.
“Бу масала 2019 йилда президент маърузасида ҳам айтилган ва унга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қилиб белгиланган эди. Бу норманинг масъули – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси. Биз бу масалада бир неча бор чиқишлар, мурожаатлар қилдик. Лекин афсуски, ўзгартириш киритилгани йўқ.
Охирги ўзгаришлар бўйича шуни айта оламанки, бугун Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, хусусан, Расул Кушербаев айни шу моддани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эмас, Жиноят кодексига ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрлади. Биз лойиҳани қўллаб-қувватлашимиз бўйича таклифларимизни Қонунчилик палатасига юборганмиз”, – деди Олимжон Ўсаров.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024
Bloomberg Гершкович ҳақидаги материалдан кейин мухбирни ишдан бўшатди
19:55 / 06.08.2024