Ўзбекистон | 21:16 / 26.10.2022
27829
6 дақиқада ўқилади

Пискент тумани ҳокими 1 триллион сўмга ер ижарага олди

Раҳимжон Рихсиев салкам 400 гектарлик яйловни ижарага олиш ниятида бўлмагани, онлайн аукцион тизимининг ишлашини ўз кўзи билан кўриш учун тажриба тариқасида шундай қилганини айтди. Эътиборлиси, ҳоким бу хариддан бир ҳафта ўтиб янги агрокорхона очган. Таъкидлаш керак, ноябр ойида давлат хизматчиларининг бизнес қилишини тақиқловчи қонун кучга киради.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

2022 йил 6 сентябрь куни e-auksion платформаси орқали ўтказилган савдоларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Марказий қўрғон маҳалласи ҳудудидаги 397,9 гектар ер майдони 999 млрд 999 млн 999 минг сўмга 30 йилга ижарага олинган.

Онлайн-аукцион ғолиби – Пискент тумани ҳокими Рихсиев Раҳимжон Мирқодирович.

Бу харид ижтимоий тармоқларда танқидга учраганидан кейин, Раҳимжон Рихсиев изоҳ беришга қарор қилди. Унинг видеомурожаатини Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилди.

“Ҳақиқатан ҳам бу ҳолат бўлган. Қайси маънодаки, бугунги кунда ер ажратиш тартиби ҳокимлардан олиб қўйилган, фақатгина шаффоф механизмлар, яъни e-auksion орқали берилади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли қарори билан тартибга солинади. Қишлоқ хўжалиги ерлари e-auksion орқали ижарага берилмоқда. Туманда бу борада муаммоли ҳолатлар бор. Хусусан, ғолиблар бугунги кунда ернинг қийматини, ундан олинадиган даромаднинг сарҳисобини қилмасдан, [аукционда] ғолиб бўлиб, ерларга эгалик қилишмоқда. Яъни тадбиркорлар “А”, “Б” ва “В” блоклари шартлари бўйича ғолиб бўлишмоқда. Агар туман ҳокимлари 5 кун ичида ижара шартномасини имзоламаса, дастур ижара шартномасини автоматик равишда имзолайди”, – деди ҳоким.

Раҳимжон Рихсиевнинг сўзларига кўра, Пискент туманида бир неча фуқаролар 100 миллиард, 250 миллиард, 400 миллиард, шунингдек, 1 триллион сўмга қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олишган, буни эшитган ҳокимда улар шунча суммани ҳақиқатан ҳам тўлайдими деган савол пайдо бўлган.

“Бу ҳақда менга айтишганида, очиғи, бу платформада бунақа бўлмаса керак деб, менда ишончсизлик бўлди. Шунинг учун ўзим қизиқиб қатнашдим. Пискентдан бошқа туманларни қараганимда, Оҳангарон туманида 397 гектар яйлов ерлари турган экан. Қатнашиб, ҳақиқатан ҳам ютса бўладими, деган саволга жавоб қидирдим.

Битта масалани кўтаришдан аввал унинг ичига кириб кўришингиз керак. Мен тўлов қиймати деган жойига сиғиши мумкин бўлган энг катта рақам – 999 млрд 999 млн 999 минг сўм, яъни салкам 1 триллион сўмни кўрсатдим ва 30 йил муддатга ижарага олиш бўйича ғолиб деб топилдим. Шундан кейин тартиби бўйича 5 кун ичида ижара шартномаси имзоланди. Ижара шартномасининг ижара ҳақи деган қисмидан келиб чиқиб, қўйилган суммани тўлайдими, тўламайдими деган саволга аниқ бир ечимни айта олаётганимиз йўқ. Ютган ғолибга ҳам, қатнашаётган фуқароларга ҳам. Шу сабабли шу нарсага қўл урдим. Очиғини айтганда, бунчалик резонанс беради деб ўйламагандим”, деди у.

Аукционга чиқарилиб, ҳоким томонидан ижарага олинган яйлов / Фото: e-auksion.uz

Рихсиев олдин тадбиркор бўлганини, лекин ҳозирда бу иш билан шуғулланмаётганини, қолаверса, чорвачилик у учун бегона соҳа эканини таъкидлади.

“Бу билан бирор нарсага эриша олдимми ёки йўқ, вақт кўрсатади. Яна бир марта айтаман, ҳозирги кунда чорвачилик ёки бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятим йўқ. Ернинг давлат захирасига қайтарилишини таъминлайман. Бундан кейинги ҳолатларда давлат идоралари билан белгиланган тартибда келишиб ишлайман, деб ўзимга хулоса чиқардим”, дейди ҳоким.

Закалат пулини ким тўлаган?

Амалдаги тартибга кўра, аукцион ғолиби ижара шартномасини тузишдан бош тортган ёки уни рад этган тақдирда, аукцион натижалари бекор қилиниб, ғолибдан олинган закалат пули қайтарилмайди ва оператор тасарруфида қолади.

Пискент тумани ҳокими томонидан харид қилинган бўш ер участкасининг бошланғич баҳоси 71,9 млн сўмни, закалат пули миқдори эса 6 млн сўмни ташкил этган. Ушбу ҳолатда закалат пулини ҳоким ўз ёнидан ёки ҳокимлик ҳисобидан тўлагани номаълум.

Ҳокимлар тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмас

Раҳимжон Рихсиев ўз видеомурожаатида жорий йилнинг 8 август куни имзоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни ҳам эслаб ўтиб, давлат фуқаролик хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланганини таъкидлаб ўтган.

Хусусан, бу қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчисининг тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Davletovuz Теlegram-каналининг эътибор қаратишича, 2022 йилнинг 13 сентябрь куни Пискент шаҳрида “Animals Service” МЧЖ рўйхатдан ўтказилган. Фаолият тури “аралаш қишлоқ хўжалиги” сифатида қайд этилган ташкилотнинг 100 фоиз улуши Рихсиев Раҳимжон Мирқодировичга тегишли.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz'гa "Animals Service" МЧЖ Пискент тумани ҳокимига тегишли эканини тасдиқлади. Шунингдек, ҳокимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини чекловчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳали кучга кирмагани ҳам қўшимча қилиб ўтилди.

Эътиборли жиҳати, Раҳимжон Рихсиев асос солган тадбиркорлик субъекти юқоридан қонун қабул қилинганидан бир ой ўтиб ташкил этилган. Қонун 8 ноябрдан кучга киради.

Маълумот учун, Раҳимжон Рихсиев 2020 йилнинг 15 сентябрида Пискент тумани ҳокими лавозимини эгаллаган. У бунгача Тошкент вилояти ҳокимининг ёрдамчиси бўлган.

Мавзуга оид