Ўзбекистон | 22:05 / 27.10.2022
13232
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш учун рухсат берувчи органлар рўйхатидан Экология қўмитаси чиқариб ташлангани ойдинлашди

“Биз рухсатнома бериши керак бўлганлар рўйхатида давлат Экология қўмитасини сақлаб қолиш кераклиги борасида позициямизни билдирганмиз. Лекин қарор Экоқўм билан келишилмаган тарзда қабул қилинди”, дея Kun.uz мухбири саволига жавобан маълум қилди Экоқўм бошқарма бошлиғи Баҳром Холхўжаев.

27 октябр куни “Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолати келиб чиқиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Kun.uz мухбири барча қурилишлар учун Экология қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимларидан рухсатнома олиниши керак бўлгани, лекин Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан бу тартиб бекор қилингани борасида Экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродовга савол билан юзланди.

“Шахсан мен бу тартиб бекор қилинишида шундоқ ҳам ёмонлашиб бораётган бир шароитда экология ва миллионлаб инсонлар саломатлигини бир тийинга олмайдиган, фақат ўз фойдасини ўйловчи кучлар лоббисини кўрмоқдаман”, – деган журналист Илёс Сафаров.

Нарзулла Обломуродовга кўра, Ўзбекистон қонунчилигида бўлиб келган амалиёт чиндан 200-сон қарор билан тугатилган.

Нарзулла Обломуродов

“Бизда бу жараёнда қатнашиш бўйича турли воситалар бор. Масалан, шаҳарсозликдаги турли лойиҳалар экологик экспертизадан ўтади. Ҳа, бизда ҳақиқатан шундай тартиб аввал бўлган. Янги қабул қилинган тартибга мувофиқ экология органлари у ерда иштирок этаётгани йўқ.

Лекин янги лойиҳа билан амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш ишлари олиб бориляпти”, – деди у.

Обломуродов сўзларини қўмитанинг бошқарма бошлиғи Баҳром Холхўжаев тўлдирди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори Давлат экология қўмитаси билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган. Қўмитанинг бу борадаги фикрлари инобатга олинмаган.

Баҳром Холхўжаев

“Қарор қабул қилинишидан аввал вазирлик ва идоралар билан келишилди. Биз рухсатнома олиш керак бўлганлар рўйхатида Давлат экология қўмитасини сақлаб қолиш кераклиги борасида позициямизни билдирдик. Лекин қарор қўмита билан келишилмаган тарзда қабул қилинди.

Шундан кейин мана шу каби ҳолатлар умумий асослантирилган тарзда ўрганиб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф берилди ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа ҳозирда 14та вазирлик билан келишилган, у керакли ҳуқуқий экспертизадан ўтгач, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади”, – деди Баҳром Холхўжаев. 

Мавзуга оид