Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда маҳбуснинг учта қовурғаси сингани аниқланди. Ҳолат у тергов ҳибсхонасига келгунга қадар содир бўлгани айтилмоқда
Жабрланувчи Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили билан учрашувда ички ишлар ходимлари томонидан қўлланган қийноқлар оқибатида учта қовурғаси сингани, танасида бошқа жароҳат излари ҳам борлигини айтган.
23 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмасининг Facebook’даги саҳифасида шу йилнинг 1 октябрь куни Ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида кўзда тутилган (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) жиноятни содир этишда гумонланаётган ургутлик эркак ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа солингани, оқибатда гумонланувчининг учта қовурғаси сингани ва тана қисмида жароҳат излари мавжудлиги ҳақида хабар берилган.
Қайд этилишича, ҳибсга олингандан сўнг ушбу шахс қарийб 20 кун давомида на яқинлари, на адвокат билан учраштирилмаган. Дастлаб вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасида сақланган эркак кейинчалик Каттақўрғон шаҳридаги тергов ҳибсхонасига ўтказилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизмати ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили 23 октябрь куни 7-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, маҳбус А.Э. билан холи тарзда учрашганини маълум қилди.
Суҳбат давомида маҳбус «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси тарқатган маълумотни тасдиқлаган ва ўзига тан жароҳати етказган ходимларга нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраган. Маҳбуснинг мурожаати унинг тиббий ҳолатига оид маълумотлар билан бирга Омбудсман номидан Бош прокуратурага юборилган.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев Kun.uz мухбири билан телефон орқали мулоқотда маҳбус ҳибсхонага олиб келингунга қадар жароҳатланганини айтмоқда.
“Ҳолатни айни пайтда прокуратура ўрганмоқда. Бизнинг ходимларимиз унга куч ишлатмаган. Маҳбус ҳам прокуратурага ёзган аризасида қийноқ қўлга олинган вақтда Самарқанд вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан қўлланганини айтмоқда. Бу воқеа ҳақиқатда содир бўлган ёки бўлмаганига прокуратура аниқлик киритмоқда. Бу ҳозирча маҳбус берган кўрсатма. Буни у прокурор билан учрашув вақтида айтган.
Маҳбус тергов ҳибсхонага олиб келингандан сўнг албатта тиббий текширув ўтказилади, баданида қандай чандиғи бор, қандай жароҳати бор, касалликлари аниқланиб, далолатнома тузилади. Текширув вақтида унинг қовурғасида камчилик аниқланган. Шифокорларимиз томонидан ушбу ҳолат аниқланганидан сўнг прокуратурага маълумот берилган.
У ҳолатни ўрганиш учун келган прокуратура вакилига 3-4 ой олдин мотоциклдан йиқилгандим, бу ўша пайтдаги жароҳат деб айтган. Изоляторда адвокати билан учрашгандан кейин у кўрсатмасини ўзгартириб, ушлаш вақтида тезкор ходимлар мени урганди, деб прокуратурага мурожаат қилган. Аслида нима бўлгани прокуратура суриштирувидан сўнг маълум бўлади”, дейди ИИВ ЖИЭД мулозими.
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевга кўра, “қовурғаси уриб синдирилгани” айтилаётган шахс 29 сентябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимлари томонидан “Қорадори-22” тадбирида 5.25 грамм миқдордаги героин гиёҳвандлик моддасини сотган вақтида ушланган. Ундан наркотик модда ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 1 октябрь куни гумонланувчи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Тезкор хизмат ходимлари ушбу шахсни ашаёвий далиллар билан қўлга олган вақтида у жароҳати борлигини баён қилган. Яъни у 20 сентябрь куни Ургут туманида ўзига тегишли бўлган ИЖ русумли мотоциклидан йиқилганлигини айтган. Ходимлар фуқарони Самарқанд шаҳрига олиб келиб, тиббий кўрикдан ўтказишган. Шифокор тиббий маълумотномаси, ҳақиқатдан ўзи тадбирдан 10 кун олдин мотоциклидан йиқилганлиги тўғрисидаги фуқаронинг берган тушунтириш хати ҳамда ҳолат бўйича тузилган далолатномалар мавжуд”, дейилади расмий муносабатда.
Аввалроқ Самарқанддаги 60 ўринли махсус қабулхонада 160 нафар маҳкум сақланаётгани, бу ердаги шахсларнинг яшаш шароитлари ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқлангани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025