Ўзбекистон | 18:31 / 27.10.2022
21042
8 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорлигини изчил чуқурлаштиришга чақирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматидаги делегациялар раҳбарлари мажлисида иштирок этди.

Тадбирда Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ҳожамират Гелдимиратов ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёв ўз нутқида Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларнинг асосий устувор вазифаси самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.

«Биз эришган муваффақиятларимиз билан чекланмаймиз ва янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу ўринда гап, аввало, қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда», - деди давлат раҳбари.

Иқтисодий соҳада бундан буён ҳам тадбиркорлар учун энг қулай шароитларни яратиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, рақобат ва инновацион бизнес муҳитининг ривожланишини рағбатлантириш давом эттирилиши қайд этилди.

Яхши қўшничилик ва минтақавий шерикликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев «биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келгани, бир неча ўн йиллар мобайнида йиғилиб қолган, ҳал этилишига ҳеч ким ишонмай қўйган кўплаб муаммолар бир неча йил давомида бартараф этилгани»ни таъкидлади.

Бугун вазият тубдан ўзгарди. Визасиз режим жорий қилинди, барча ўтказиш пунктлари очилди. Авиақатновлар ва ер транспортида ташишлар кўпайди.

Кооперация алоқалари кучайиб бормоқда, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция компаниялари ва бошқа молиявий воситалар фаолияти йўлга қўйилди.

«Албатта, минтақада ҳали ҳам ўз ечимини топмаган масалалар бор. Бироқ ишончимиз комилки, бизнинг кучли сиёсий иродамиз ва умумий бунёдкорлик руҳи минтақадаги қардош мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади», - деди Ўзбекистон етакчиси.

Минтақамизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини изчил чуқурлаштиришга чақирар экан, президент бу борада қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Энг аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс масалаларни ҳал этиш зарур. Булар:

  • саноат маҳсулотларимизнинг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш;
  • ҳозирги мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш;
  • европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш;
  • Европанинг инвестициялари ва технологияларига бўлган катта эҳтиёжни қондириш.

Ушбу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосарлари даражасида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этиш ҳамда Global Gateway ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Европа томонини минтақамизда қабул қилинган «Яшил кун тартиби» дастурини амалга оширишда фаол иштирок этишга, жумладан, эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, Smart-AKIS Европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятларини ишга солишга чақирди.

Гуманитар соҳада ҳамкорликни таълим ва инновация алмашинувлари, маданий ва сайёҳлик алоқалари каби йўналишларда фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Эразмус плюс» ва «Горизонт Европа» дастурлари доирасида таълим бўйича Европанинг илғор методикаларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш, қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш таклиф қилинди.

Европалик ҳамкорларни минтақамиз халқларининг ноёб тарихий мероси, бой маданияти ва анъаналари билан кенг таништириш мақсадида ноябр ойининг иккинчи ярмида Парижнинг Лувр музейида йирик кўргазма ташкил этиш режалаштирилган.

«Бундай тадбирларни ҳар йили – Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш тарафдоримиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари туризм соҳасида улкан салоҳият борлигини таъкидлаб, келгуси йилда Хива шаҳрида ўтказиладиган «ЕИ – Марказий Осиё» биринчи туризм форуми доирасида Европанинг етакчи операторлари эътиборига Умумий минтақавий туризм маҳсулотлари концепциясини тақдим этишни таклиф этди.

Ўзбекистон президенти минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши эканини таъкидлади. У Европа Иттифоқининг терроризм, радикализм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва бошқа умумий хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича қўшма дастурлар доирасидаги амалий кўмагини юқори баҳолади.

Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, ахборот алмашиш ва замонавий таҳдидларга биргаликда қарши курашиш учун махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Томонларнинг Афғонистон масаласидаги хавотир ва ташвишлари ўхшашлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мунтазам равишда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва озиқ-овқат етказиб беришни давом эттирмоқда, мамлакатимиз орқали Афғонистонга юклар транзити тўхтамаяпти.

Чегарада жойлашган Термиз шаҳримиздаги логистика ва таълим хабларининг салоҳиятидан фойдаланишда европалик шериклар билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Президент глобал ва минтақавий вазият тубдан ўзгарганини қайд этиб, бу ҳолат бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграциялашув жараёнининг европалик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишини талаб қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Президент глобал ва минтақавий вазият тубдан ўзгариб, бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграциялашув жараёнининг европалик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишини талаб қилаётганини қайд этди.

Шу муносабат билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси бажарилишини жадаллаштириш ва шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Ушбу барча масалалар келгуси ойда Самарқандда бўлиб ўтадиган вазирларнинг Ўзаро боғлиқлик бўйича қўшма анжумани давомида батафсил кўриб чиқилишига ишонч билдирилди.

Президент сўзин якунида Ўзбекистон мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, равнақи ва фаровонлиги йўлида «Марказий Осиё - Европа Иттифоқи» форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқотнинг тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.

Мавзуга оид